Улуғ Ватан уруши якун топганига 75 йил тўлди. Бу йиллар оралиғида бир неча авлод улғайди. Сайёранинг сиёсий харитаси ўзгарди. Нацизм устидан буюк, қақшатгич ғалаба қозонган ва бутун дунёни қутқарган Совет Иттифоқи йўқ. Қолаверса, ўша уруш воқеаларининг ўзи ҳатто унинг иштирокчилари учун ҳам узоқ ўтмиш. Лекин Россияда 9 май нега асосий байрам сифатида нишонланади-ю, 22 июнь куни ҳаёт гўё тўхтаб қолади ва томоққа нимадир қадалгандек бўлади?
Уруш ҳар бир оила тарихида чуқур из қолдирган, деб айтиш анъанага айланиб қолган. Бу сўзлар ортида - миллионлаб инсонларнинг тақдири, улар чеккан уқубат ва йўқотишлар алами ётади. Ғурур, ҳақиқат ва хотира.
Менинг ота-онам учун уруш – бу икки яшар акам Витяни ўлдирган Ленинград блокадасининг қўрқинчли азобларидир. У ерда онам мўъжиза туфайлигина жон сақлаб қолганлар. Отам урушга бормаслик ҳуқуқи - "бронь"га эга бўлсалар-да, она шаҳрини ҳимоялаш учун кўнгиллилар сафида жангга кетганлар - у киши миллионлаб совет фуқаролари сингари йўл тутганлар. "Нева пятачоги" плацдармида жанг қилиб, оғир жароҳатланганлар. Йиллар олислаб боргани сари ота-онам билан уларнинг ҳарбий даврдаги ҳаёти икир-чикирлари ҳақида батафсилроқ суҳбат қуриш ва маълумотга эга бўлишга эҳтиёж ортиб борарди. Лекин энди саволларимни уларга бера олмайман, шу боис, бу мавзуда отам ва онам билан қурган суҳбатларимни, уларнинг деярли билдирмаган ҳиссиётларини авайлаб юрагим тубида асраб келаман.
Мен ва тенгдошларим учун фарзандларимиз, невараларимиз, эвараларимиз уларнинг аждодлари қандай синов ва уқубатлардан ўтганликларини англашлари муҳим. Улар қандай қилиб бунга бардош бера олдилар ва ғалаба қозондилар? Бутун дунёни ҳайратга солган ва лол қолдирган улардаги чинакам пўлат ирода қаердан келди? Ҳа, улар ўз уйлари, фарзандлари, яқинлари, оиласини ҳимоя қилдилар. Аммо барчани Ватан, Юртга бўлган муҳаббат бирлаштирганди. Бу ўта чуқур ва шахсий туйғу халқимизнинг аслиятида тўла-тўкис ўз аксини топган ва нацистларга қарши мардонавор ва фидокорона курашда энг муҳимларидан бирига айланган эди.
Кўпинча ҳозирги авлод инқирозли ҳолатда ўзини қандай тутади, қандай ҳаракат қилади, дея савол берадилар. Бугун менинг кўз олдимда кечагина талаба бўлган шифокор, ҳамширалар одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун "қизил зонага" йўл олишмоқда. Шимолий Кавказда, Сурияда халқаро терроризмга қарши кураш давомида жонини аямаган ҳарбий хизматчиларимиз - ёш йигитлардир! Афсонавий, умрбоқий олтинчи десантчилар ротасининг кўплаб жангчилари 19-20 ёшда эди. Лекин уларнинг барчаси Улуғ Ватан уруши вақтида ўз Ватанини ҳимоялаган жангчиларимиз кўрсатган жасоратга лойиқлигини намоён этдилар.
Вазият тақазо этса, ўз бурчини адо этиш ва ўзини аямаслик Россия халқларининг характерида мужассамлигига аминман. Фидокорлик, ватанпарварлик, ўз хонадонига, Юртига муҳаббат – ушбу қадриятлар бугун ҳам Россия жамияти учун фундаментал, асосий саналади. Мамлакатимиз суверенитети ҳам аксарият ҳолларда шу қадриятлар туфайли мустаҳкамланиб турибди.
Ҳозирда бизда халқимиз томонидан яратилган "Ўлмас полк" сингари янги анъаналар пайдо бўлди. Бу бизнинг авлодлар ўртасидаги ўта яқин ва жонли алоқалар, миннатдор хотирамиз маршидир. Бунда миллионлаб инсонлар ўз Ватанини ҳимоя қилган ва нацизмни тор-мор этган яқинлари фотосуратлари билан юришларга чиқадилар. Бу уларнинг ҳаёти, синовлар ва қурбонлар, улар бизга тақдим этган Ғалаба ҳеч қачон унутилмайди, дегани.
Бизнинг ўтмиш ва келажак олдидаги масъулиятимиз – ўша даҳшатли фожиалар такрорланишига йўл қўймаслик учун барча чораларни қўллаш. Шу боис, Иккинчи жаҳон ва Улуғ Ватан урушлари ҳақидаги мақола билан чиқиш қилишни ўз бурчим деб билдим. Бу ғояни жаҳон етакчилари билан суҳбатларда бир неча маротаба муҳокама қилдим, улар буни тушунишди. Ўтган йил охирида МДҲ мамлакатлари етакчилари саммитида биз барчамиз нацизм устидан ғалаба, аввало, совет халқи томонидан қозонилгани, ушбу мардонавор курашда - фронт ва фронт ортида Совет Иттифоқи республикаларининг барча вакиллари елкама-елка турганликлари ҳақидаги хотирани келгуси авлодга етказиш муҳим деган фикрда эдик. Ўша вақтда ҳамкасблар билан мураккаб уруш олди даври ҳақида суҳбатлашган эдим.
Бу мулоқот Европа ва жаҳонда катта шов-шувларни келтириб чиқарди. Демак-ки, ўтмиш сабоқларига мурожаат ҳақиқатдан ҳам зарур ва долзарбдир. Шу билан бирга кўплаб ҳис-туйғулар, очиқ айтилмаганига қарамай, сезилиб турган комплекслар, шовқин-суронли айбловлар кўп бўлди. Қатор сиёсатчилар, одатга кўра, Россия тарихни қайта кўчиришга уринмоқда, дея баёнотлар қилишга шошилишди. Аммо шу билан бирга улар келтирилган бирорта факт, бирорта далилни инкор эта олмадилар. Табиийки, асл ҳужжатларга қарши баҳслашиш қийин ва иложсиз, айтганча, улар нафақат Россия, балки хорижий давлатлар архивларида ҳам сақланиб келинади.
Шу боис, бизнинг давлатимиз ва бутун дунё учун жаҳон урушига олиб келган сабаблар таҳлилини давом эттиришга, урушнинг мураккаб воқеликлари, фожиалари ва ғалабалари, у берган сабоқлар ҳақида фикр юритишга эҳтиёж бор. Ва бу ерда, такрорлаб ўтаман, фақатгина архив материаллари, замондошлар гувоҳликларига таяниш, ҳар қандай мафкуравий ва сиёсийлашган уйдирмаларни рад этиш ўта муҳим.
Барчага аён бўлиб турган нарсани яна бир бор эслатиб ўтаман: Иккинчи жаҳон урушининг чуқур сабаблари аксар ҳолларда Биринчи жаҳон уруши якунлари бўйича қабул қилинган қарорлардан келиб чиқади. Версал шартномаси Германия учун ўта адолатсизлик тимсоли бўлди. Хусусан, гап бу ерда ғарблик шерикларга ўз иқтисодини заифлаштирадиган улкан репарацияларни тўлашга мажбур бўлган давлатнинг талон-тарож этилиши устида борарди. Иттифоқ қўшинлари бош қўмондони, француз маршали Ф.Фош "Версал"га: "Бу тинчлик эмас, йигирма йиллик ярашув", дея доҳиёна таъриф берганди.
Айнан миллий камситилиш Германияда радикал ва реваншистик кайфиятлар учун озуқа муҳитни шакллантирди. Нацистлар ана шу кайфиятдан уддабурролик билан фойдаланиб, ўз ташвиқотини тарғиб этар, Германияни "Версаль меросидан" халос этиш ва унинг ўтмишдаги қудратини қайта тиклаш ваъдасини берар, аслида эса немис халқини янги урушга етакларди. Бу парадокс, аммо, бунга ғарб давлатлари, аввало, Буюк Британия ва АҚШ бевосита ёки билвосита замин яратган. Уларнинг молиявий ва саноат доиралари ҳарбий аҳамиятга молик бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи немис фабрика ва заводларини фаол равишда молиялаштириб келган. Аристократия ва сиёсий истеблишмент орасида эса Германия ва Европада тобора куч олаётган радикал, ўта ўнг қанот, миллий ҳаракат тарафдорлари оз эмас эди.
Версалча "дунё тартиботи" кўпсонли яширин зиддият ва очиқ можароларни келтириб чиқарди. Бунга Биринчи жаҳон урушида ғолиблар томонидан ихтиёрий равишда расмийлаштирилган янги Европа давлатлари чегаралари уларга асос эди. Харитада улар пайдо бўлиши билан ҳудудий баҳслар ва ўзаро даъволар бошланиб кетди ва улар портлаши кейинга қолдирилган мина тусини олди.
Биринчи жаҳон урушининг энг муҳим якунларидан бири Миллатлар Лигасининг ташкил топиши бўлди. Ушбу халқаро ташкилотга узоқ муддатли тинчлик, коллектив хавфсизликни таъминлаш бўйича катта умидлар билдирилганди. Бу илғор ғоя бўлиб, унинг изчиллик билан амалга оширилиши ҳеч муболағасиз глобал уруш даҳшатлари такрорланишининг олдини олиши мумкин эди.
Аммо ғолиб-державалар - Буюк Британия ва Франция етакчилик қиладиган Миллатлар Лигаси ўзининг самарасизлигини намоён этди ва қуруқ гап-сўзларга ғарқ бўлди. Совет Иттифоқининг тенг ҳуқуқли коллектив хавфсизлик тизимини шакллантиришга доир кўпсонли чақириқларига Миллатлар Лигасида ва умуман Европа минтақасида қулоқ тутишмади. Хусусан, тажовузлардан пана қила оладиган Шарқий Европа ва Тинч океани пактларини тузиш чақириғи. Бу сингари таклифлар рад этилди.
Миллатлар Лигаси жаҳоннинг турли бурчакларидаги, хусусан, Италиянинг Эфиопияга тажовузи, Испаниядаги фуқаролар уруши, Япониянинг Хитойга қарши агрессияси, Австрия аншлюси сингари можароларнинг олдини ололмади. Гитлер ва Муссолинидан ташқари Буюк Британия ва Франция етакчилари иштирок этган Мюнхен тил бириктирувчи воқеасида эса, Миллатлар Лигасининг тўлиқ маъқуллови билан Чехословакиянинг бўлакланиши юз берди. Шу муносабат билан таъкидлаб ўтмоқчиманки, Европанинг ўша даврдаги кўплаб раҳбарларидан фарқли ўлароқ Сталин ўша вақтда Ғарб доираларида баобрў сиёсатчи сифатида ном қозонган ва Европа пойтахтларида кутилган меҳмон бўлган Гитлер билан шахсан учрашиб, ўз номига доғ туширмади. Чехословакияни бўлишда Германия билан бир қаторда Польша ҳам ҳаракат қилган. Улар аввал бошдан ва биргаликда Чехословакиянинг қайси ерлари кимга тегишини ҳал этган.
1938 йилнинг 20 сентябрида Польшанинг Германиядаги элчиси Ю.Липский Польша ташқи ишлар вазири Ю.Бекга Гитлернинг қуйидаги ваъдалари ҳақида хабар қилади: "…Польшанинг Тешиндаги манфаатлари юзасидан Польша ва Чехословакия ўртасида можаро юз бергудек бўлса, Рейх биз (Польша) томонга ўтади". Нацистлар бошлиғи ҳатто Польша ҳаракатлари "немислар Судет тоғларини эгаллагандан сўнг... рўй бериши" кераклиги ҳақида шипшитган, маслаҳат берган.
Польша ўзининг тажовузкорлик режаси Гитлер қўллаб-қувватловисиз мағлубиятга юз тутишини яхши тушунарди. Шу ерда Варшавадаги Германия элчиси Г.А.Мольткенинг Ю.Бек билан 1938 йилнинг 1 октябрида Польша - Чехия муносабатлари ва бу масалада СССР позицияси тўғрисидаги ёзиб олинган суҳбатидан иқтибос келтираман. У ерда шундай ёзилган: "…Жаноб Бек… Мюнхен анжуманида Польша манфаатларининг холис шарҳи, шунингдек, Чехия можароси вақтидаги самимий муносабатлар учун чуқур миннатдорлик билдирди. [Польша] Ҳукумати ва жамоатчилик фюрер ва рейхсканцлер позициясига тўлиқ ҳурмат бажо келтиради".
Чехословакиянинг тақсимланиши шафқатсиз ва сурбетона эди. Мюнхен минтақада қолган расмий мўрт кафолатларни ҳам бузди, ўзаро келишувлар сариқ чақачалик аҳамиятга эга эмаслигини кўрсатди. Айнан Мюнхен тил бириктируви Европада катта уруш муқаррарлигига олиб келган тепки бўлиб хизмат қилди.
Бугун европалик сиёсатчилар, биринчи галда польшалик раҳбарлар Мюнхенни "гапиртирмай қўйишни" хоҳлайдилар. Нега? Ўшанда уларнинг давлатлари ўз мажбуриятларига хоинлик қилиб, Мюнхен тил бириктирувини қўллаб-қувватлашгани, баъзилари ўлжани бўлишда иштирок этишгани учунгина эмас, балки ўша 1938 йилги - СССР Чехословакия ёнини олган драматик кунларни ёдга олиш бироз ўнғайсиз бўлгани учун.
Совет Иттифоқи ўзининг халқаро мажбуриятларидан, шу жумладан, Франция ва Чехословакия билан тузилган битимлардан келиб чиққан ҳолда, фожианинг олдини олишга уринарди. Польша эса ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда, Европада коллектив хавфсизлик тизими ташкил этилишига бор кучи билан тўсқинлик қиларди. 1938 йилнинг 19 сентябрида Польша ташқи ишлар вазири Ю.Бек юқорида номи тилга олинган элчи Ю.Липскойга унинг Гитлер билан учрашуви олдидан: "…Ўтган йил давомида Польша ҳукумати Чехословакия ҳимоясига халқаро аралашувга қўшилиш таклифини тўрт маротаба рад этди", дея ёзган.
Британия, шунингдек, ўша вақтда чехлар ва словакларнинг бош иттифоқчиси бўлган Франция ўз кафолатларидан воз кечишни ва Шарқий Европа давлатини тор-мор қилишларига йўл қўйиб беришни афзал кўрди. Шунчаки йўл қўйиб бериш эмас, балки нацистларнинг шарққа бўлган интилишларини шундай йўналтиришди-ки, бундан мақсад токи Германия ва Совет Иттифоқи бир-бири билан тўқнашиб, бир-бирининг тинкасини қуритсин.
Ғарбнинг "тинчлик ўрнатиш" сиёсати айнан шундан иборат эди. Нафақат Учинчи рейхга нисбатан, балки - фашист Италияси ва милитарист Япония ўртасида тузилган Антикоминтерн аталмиш пактнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳам. Узоқ Шарқда унинг кульминацияси 1939 йилнинг ёзида тузилган ва Токиога Хитойда қўллар эркинлигини берган инглиз-япон битими бўлди. Европанинг етакчи державалари Германия ва унинг иттифоқдошларидан бутун дунё учун қандай ҳалокатли хавф таралаётганини тан олишни истамасдилар, уруш уларни четлаб ўтишига умид қилишарди.
Мюнхен тил бириктируви Совет Иттифоқига Ғарб давлатлари хавфсизлик масалаларини унинг манфаатларини ҳисобга олмасдан ҳал қилишларини, қулай вазиятда эса ҳатто советларга қарши фронтни шакллантириши мумкинлигини кўрсатди.
Шу билан бирга, Совет иттифоқи, такрорлаб ўтаман, Ғарб давлатларининг мунофиқларча позициясига қарамай, сўнгги имкониятга қадар Гитлерга қарши коалиция тузиш учун ҳар қандай имкониятни қўллашга уринарди.
Шу тариқа, совет раҳбарияти разведка хизматлари линияси бўйича 1939 йилнинг ёзида инглизлар ва немислар ўртасида саҳна ортида бўлган алоқалар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Эътиборларингизни шунга қаратмоқчиман: бу алоқалар жадал равишда, хусусан, Франция, Буюк Британия ва СССР вакиллари билан учтомонлама музокаралар билан бир вақтда ўтказиларди, ўз навбатида уч томонлама музокаралар ғарблик шериклар томонидан атайин чўзиларди. Шу муносабат билан Британия архивларидаги ҳужжатни келтириб ўтаман - бу 1939 йилнинг августида Москвага келган британия ҳарбий миссияси инструкциясидир. Унда делегация "музокараларни жуда секин ўтказиши кераклиги", "Бирлашган Қироллик ҳукумати батафсил қайд этилган ва у ёки бу ҳолатларда бизнинг эркинлигимизни чеклаб қўйиши мумкин бўлган мажбуриятларни ўз зиммасига олишга тайёр эмаслиги" ҳақида очиқ айтилган. Шуни ҳам қайд этаманки: инглизлар ва французлардан фарқли ўлароқ совет делегациясига "Европадаги Англия, Франция ва СССРга қарши тажовуздан ҳарбий мудофаа ташкиллаштириш масалалари бўйича ҳарбий конвенцияни имзолаш" учун барча ваколатларга эга Қизил Армия олий етакчилари раҳбарлик қилгандилар.
Музокаралар барбод бўлишида совет томони олдида ҳеч қандай мажбуриятга эга бўлишни истамаган Польша роль ўйнади. Ҳатто ғарблик иттифоқдошлар босими остида ҳам Польша раҳбарияти Қизил Армия билан ҳамкорликда вермахтга қарши туриш учун ҳамкорликдаги ҳаракатлардан бош тортади. Фақатгина Риббентропнинг Москвага учиб келиши ҳақида маълум бўлгач, Ю.Бек хоҳламай, тўғридан-тўғри ҳам эмас, балки француз дипломатлари орқали совет томонини: "…Германия тажовузига қарши ҳамкорликдаги ҳаракатлар содир бўлган тақдирда, Польша ва СССР ўртасида, ҳали аниқлаштирилиши керак бўлган техник шартлар асосида ҳамкорлик истисно этилмайди", дея огоҳлантирди. Бир вақтнинг ўзида у ҳамкасбларга: "…Мен тактикани енгиллаштириш мақсадида бу формулировкага қарши эмасман ва бизнинг СССРга қарши принципиал нуқтаи назаримиз якуний ва ўзгаришсиз қолади", дея тушунтиради.
Юзага келган бундай вазиятда Совет Иттифоқи Германия билан ҳужум қилмаслик тўғрисида битимни имзолади ва буни Европа мамлакатлари ичида энг охирги бўлиб амалга оширди. Бу иккита фронтли урушга дуч келиш Германия билан ғарбда ва Япония билан эса жадал жанглар кечаётган шарқда - Халхин-Гол дарёси устида тўқнашиш реал хавфи фонида амалга оширилди.
Сталин ва унинг атрофидагилар кўплаб ҳаққоний айбловларга лойиқ. Режимнинг ўз халқига нисбатан амалга оширган жиноятлари ҳам, оммавий репрессиялар даҳшатлари ҳам ёдимизда. Такрор айтаман, совет раҳбарлари юзига кўплаб айбларни солиш мумкин, фақат ташқи хавф характерини тушунмасликни эмас. Улар Совет Иттифоқини Германия ва унинг иттифоқдошлари билан яккама-якка қўйишга ҳаракат қилишаётганини кўриб турар, ушбу реал хавфни тушунган ҳолда, мамлакат мудофаасини мустаҳкамлаш учун қимматли вақтдан ютиш учун ҳаракат қилардилар.
Ўша вақтда тузилган Ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартнома борасида шу бугун, айнан, замонавий Россия номига билдирилаётган турфа фикрлар ва қарши даъволар кўп. Ҳа, Россия – СССР ворисидир, совет даври ўзининг барча ғалабалари ва фожиалари билан - бизнинг минг йиллик тарихимизнинг ажралмас қисмидир. Аммо Совет Иттифоқи Молотов-Риббентроп пактига ҳуқуқий ва маънавий деб аталмиш баҳо берганини эслатиб ўтаман. Олий Кенгашнинг 1989 йил 24 декабрдаги қарорида "совет халқининг иродасини акс эттирмаган ва совет халқи ушбу тил бириктирув учун жавобгар бўлмаган" "шахсий ҳукмронлик акти" сингари махфий далолатномалар расман қораланган.
Шу билан бирга бошқа давлатлар нацистлар ва ғарб сиёсатчилари имзолари турган битимлар ҳақида эсламасликка ҳаракат қиладилар. Бундай ҳамкорликка берилиши лозим бўлган ҳуқуқий ёки сиёсий баҳо, шу жумладан, айрим европалик арбоблар томонидан нацистларнинг варварларга хос режасига доир жимгина муросачилик қилганликлари ёки тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Польшанинг Германиядаги элчиси Ю.Липскойнинг 1938 йилнинг 20 сентябрида Гитлер билан қилган мулоқоти чоғида айтган жумласига эътибор беринг: "…Еврейлар масаласи борасидаги қарори учун биз [поляклар] унга Варшавада ажиб ҳайкал ўрнатамиз".
Биз шунингдек, қатор давлатларнинг нацистлар билан тузган битимида аллақандай "махфий далолатномалар" ёки иловалар бўлганми, бундан бехабармиз. Фақатгина "айтилган сўзларга ишониш"дан ўзга чора йўқ. Хусусан, ҳозирга қадар махфий тарзда кечган инглиз-немис музокаралари ҳақидаги материаллар махфийликдан чиқарилмаган. Шу боис биз барча давлатларни Россия сўнгги йилларда амалга ошираётгани каби - ўз архивларини очиш жараёнини фаоллаштиришга, урушгача ва уруш давридаги илгари номаълум бўлган ҳужжатларни оммага эълон қилишга даъват қиламиз. Бунда кенг ҳамкорликка, тарихчи-олимларнинг ҳамкорликдаги тадқиқотчилик лойиҳаларига тайёрмиз.
Лекин Иккинчи жаҳон урушига бевосита сабабчи бўлган воқеаларга қайтсак. Гитлер Чехословакияни тилка-тилка қилгач, навбатдаги ҳудудий даъволарни билдирмаслигига ишониш соддалик бўларди. Бу сафар даъво Чехословакияни бўлишда яқиндагина иштирок этган - Польшага нисбатан бўларди. Бу ерда сабаб бўлиб Версаль мероси - Данциг йўлаги тақдири хизмат қилди. Шундан кейин юз берган Польша фожиаси - ўша вақтдаги польша раҳбарлари виждонига ҳавола, ахир улар инглиз-француз-совет ҳарбий иттифоқи тузилишига ҳалал бериб, ғарблик шериклар ёрдамига умид қилиб, ўз халқини Гитлернинг йўқ қилиш машинаси остига ташлагандилар.
Немис босқини тўлалигича блицкриг доктринасига мос равишда ривож топарди. Польша армиясининг шафқатсиз, мардонавор қаршилик кўрсатишига қарамай, уруш бошланганидан бир ҳафта ўтиб, 1939 йилнинг 8 сентябрида Германия қўшинлари Варшава остонасига яқинлашиб қолгандилар. Польшанинг ҳарбий-сиёсий элитаси эса 17 сентярга келиб, босқинчиларга қарши курашни давом эттираётган халқига хоинлик қилган ҳолда, Руминия ҳудудига қараб қочди.
Ғарблик иттифоқдошлар Польша умидларини оқламадилар. Германияга уруш эълон қилинганидан сўнг француз қўшинлари немис ҳудудига бир неча километр киришгагина муваффақ бўлдилар. Буларнинг барчаси фаол ҳаракатларни намойиш этишдек кўринарди. Устига-устак илк бор 1939 йилнинг 12 сентябрида Франциянинг Абвилида йиғилган инглиз-француз Олий ҳарбий кенгаши Польшадаги воқеалар кескин тус олаётгани туфайли босқинни буткул тўхтатиш қарорини қабул қилди. Шубҳали "ғалати уруш" бошланди. Бу Франция ва Англия томонидан Польша олдида ўз мажбуриятларига тўғридан-тўғри хоинлик қилиш эди.
Сал кейин, Нюрнберг жараёни давомида, немис генераллари шарқдаги ўзларининг тезкор муваффақиятларини қуйидагича изоҳлардилар, Германия қуролли кучлари Олий бошқўмондонлиги тезкор раҳбарлик штаби собиқ раҳбари генерал А.Йодль шундай дея тан олганди: "...Агар биз 1939 йилда мағлубиятга учрамаган бўлсак, бунинг боиси, биз Польша билан урушаётган вақтда Ғарбда 23та Германия дивизияларига қарши турган 110та француз ва инглиз дивизияларининг мутлақ ҳаракатсизликда турганлигидир".
Архивдан 1939 йилнинг август ва сентябридаги драматик кунларда СССР ва Германия алоқаларига боғлиқ бўлган жамики ҳужжатларни кўтаришларини сўрадим. Ҳужжатлар далиллаганидек, Германия ва СССР ўртасида 1939 йил 23 августда тузилган Тажовуз қилмаслик тўғрисидаги шартнома махфий протоколининг 2-бандига кўра, Польша давлати таркибига кирувчи ҳудудлар территориал ва сиёсий жиҳатдан қайта ташкил этилган тақдирда, икки мамлакатнинг манфаатлар доиралари чегараси тахминан
"Нарева, Висла ва Сана дарёлари линияларида ўтиши керак"лиги белгиланганди.
Бошқача қилиб айтганда, Совет таъсир доирасига нафақат Украина ва Беларусь аҳолиси яшаган ҳудудлар, балки Буг ва Висла дарёлари орасидаги тарихий Польша ерлари ҳам кирган эди. Ҳозирда бу факт тўғрисида ҳамма ҳам билмайди.
Худди, 1939 йил сентябрь ойининг илк кунларида Польшага қилинган ҳужумдан сўнг дарҳол Берлин Москвани астойдил ҳарбий ҳаракатларга қўшилишга бир неча бор чорлагани сингари. Аммо совет раҳбарияти бу турдаги чақириқларни рад этар ва сўнгги имкониятга қадар бу сингари дарматик ривож топаётган ҳодисаларга аралашмасликка ҳаракат қиларди.
Фақат Буюк Британия ва Франция ўз иттифоқдошига ёрдам беришга интилмаётгани, вермахт эса бутун бошли Польшани қисқа фурсатда оккупация қилиб, деярли Минск остонасига яқинлашиб қолишга қодирлиги аён бўлгач, 17 сентябрь куни эрталаб Қизил Армия қўшинлари бирлашмасини шарқий крес бўйлаб олиб чиқиш қарори қабул қилинган эди - ҳозирда бу Беларусь, Украина ва Литва ҳудудларининг бир қисмидир.
Бошқа вариантлар қолмагани аён эди. Акс ҳолда СССР учун хатарлар кўплаб маротаба ортиб кетарди, эски совет-польша чегараси Минскдан бир неча ўн километр яқинда ўтган ва нацистлар билан бўладиган муқаррар уруш мамлакат учун ўта ноқулай стратегик позициялардан бошланарди. Турли миллатга мансуб миллионлаб одамлар эса, шу жумладан, Брест ва Гродно, Перемышль, Львов ва Вильно яқинида яшовчи яҳудийлар ҳам, нацистлар ва уларнинг маҳаллий югурдаклари - антисемит ва радикал-миллатчилар қўлига йўқ қилинишга ташланган бўларди.
Совет Иттифоқи сўнгги имкониятга қадар алангаланаётган можарода қатнашмасликка ҳаракат қилгани ва Германия томонида ўйнашни истамагани совет ва немис қўшинларининг реал учрашуви махфий протоколда кўрсатилган чегаралардан анча шарқроқда рўй беришига олиб келди.
Висла бўйлаб эмас, балки 1919 йилда Антанта томонидан Польшанинг шарқий чегараси сифатида тавсия этилган Керзон линияси деб аталмиш ҳудудда.
Маълумки, рўй берган ҳодисаларга бугун реал ҳаётда рўй бериши мумкин бўлмагандек таъриф бериш қийин. Шуни айтишим мумкинки, 1939 йилнинг сентябрида совет раҳбарияти СССР ғарбий чегараларини ғарбга томон, Варшавага қадар суриш имкониятига эга бўлди, аммо буни амалга оширмаслик қарорини қабул қилди.
Немислар янги "урушгача бўлган мақомни" қайд этишни таклиф этдилар. 1939 йилнинг 28 сентябрида Москвада И.Риббентроп ва В.Молотов Дўстлик ва СССР ва Германия ўртасидаги чегара тўғрисида шартномани, шунингдек, давлат чегарасини ўзгартириш ҳақидаги махфий далолатномани имзоладилар, унга кўра икки армия турган демаркация чизиғи тан олинарди.
1939 йилнинг кузида ўзининг ҳарбий-стратегик, мудофаа масалаларини ҳал эта туриб, Совет иттифоқи Латвия, Литва ва Эстония инкорпорацияси жараёнини бошлади. Уларнинг СССРга кириши келишув асосида, сацланган ҳукумат розилиги билан амалга оширилганди. Бу ўша вақтдаги халқаро ҳуқуқ нормаларига мос эди. Бундан ташқари, 1939 йилнинг октябрида Литвага илгарироқ Польша таркибига кирган Вильно шаҳри ва унинг яқинидаги ҳудудлар қайтарилган эди. Болтиқбўйи республикалари СССР таркибида ўз ҳукумат органларини, тилини сақлаб қолган ва совет олий давлат тузилмаларида ўз ваколатхоналарига эга эдилар.
Шу ойлар давомида бегона кўзлар илғамайдиган дипломатик ва ҳарбий-сиёсий кураш, разведка ишлари тўхтамади. Москва ўз олдида муросасиз ва шафқатсиз душман турганини, нацизмга қарши кўринмас уруш аллақачон бошлаб юборилганини тушунарди.
Расмий баёнотларни, ўша йиллардаги расмий баённомаларни ва формал протокол ноталарини СССР ва Германия ўртасидаги "дўстлик" исботи сифатида қабул қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. СССР нафақат Германия, балки бошқа давлатлар билан ҳам фаол савдо ва техник алоқаларга эга эди.
Шу билан бирга, Гитлер СССРни вақти-вақти билан Буюк Британияга қарши зиддиятларга тортишга бир неча бор уриниб кўрди, аммо совет раҳбарияти бу ундашларга кўнмади.
Гитлер Совет Иттифоқини ҳамкорликдаги ҳаракатларга сўнгги бор 1940 йил ноябрь ойида Молотовнинг Берлинга қилган ташрифи давомида кўндиришга уриниб кўрди.
Аммо Молотов Сталиннинг кўрсатмаларини аниқ бажариб, немисларнинг СССРнинг 1940 йил сентябрь ойида имзоланган ва Буюк Британия ва АҚШга қарши қаратилган Учлар пакти - Германия, Италия ва Япония иттифоқига қўшилиши ғояси ҳақидаги умумий суҳбатлар билан чекланди.
17 сентябрь куни Молотов Лондонда советларнинг доимий вакили бўлган И.Майскийни қуйидаги турзда интруктаж қилгани бежиздан эмас: "Йўриқномангиз учун... Берлинда ҳеч қандай битим имзоланмаган ва буни амалга ошириш кўзланмаган. Берлиндаги иш фақат ... фикр алмашиш билан чекланган эди... Немислар ва японлар кўриниб турибдики, бизни Форс кўрфази ва Ҳиндистон томон итариб юборишни жуда исташади. Биз бу масала муҳокамасини рад этдик, чунки Германия томонидан бериладиган бу каби маслаҳатларни ноўрин деб биламиз".
25 ноябрь куни эса Совет Иттифоқи раҳбарияти бунга бир йўла нуқта қўйди: Берлинга нацистлар ҳеч қачон рози бўлмайдиган шартларни расман илгари сурди, жумладан, Германия қўшинларининг Финляндиядан чиқарилиши, СССР ва Болгария ўртасида ўзаро ёрдам тўғрисидаги келишув ва қатор бошқа масалаларни ҳамда бу билан ўзи учун Пактга қўшилишнинг ҳар қандай эҳтимолини истисно қилди.
Бу позиция фюрерда СССРга қарши уруш бошлаш ниятини узил-кесил кучайтирди. Ва декабрь ойида ўз стратегларининг икки фронтда уруш қилишнинг улкан хавфи борасидаги барча огоҳлантиришларини четга сурган ҳолда, Гитлер "Барбаросса" режасини тасдиқлади. У бу ишни айнан Совет Иттифоқи Европада унга қарши турадиган асосий куч эканлигини ва шарқда юз берадиган тўқнашув жаҳон уруши натижаларини ҳал қилишини англаган ҳолда амалга оширди. Москвага юриши қисқа муддатли ва муваффақиятли бўлишига эса у аниқ амин эди.
Алоҳида таъкидламоқчи бўлганим, Ғарб мамлакатлари ўшанда Совет ҳаракатларига деярли рози бўлган, Совет Иттифоқининг ўз хавфсизлигини таъминлаш истагини тан олган эдилар. Шундай қилиб, 1939 йил 1 октябрида ўша вақтдаги Британия Адмиралтействаси раҳбари У.Черчилл радиода чиқиши вақтида шундай деди: "Россия ўз манфаатларига доир совуқ сиёсатни юритмоқда... Россияни фашистлар хавфидан ҳимоя қилиш учун рус армиялари бу чизиқда [янги ғарбий чегарада] туришлари зарур эди". 1939 йилнинг 4 октябрида Буюк Британия ташқи ишлар вазири Э.Галифакс Лордлар палатасида шундай дея баёнот қилади: "…шуни эслатиб ўтиш жоизки, совет ҳукуматининг ҳаракатлари чегарани Версал анжуманида лорд Керзон томонидан тавсия этилган чизиққача кўчиришдан иборат эди... Мен фақат тарихий далилларни келтирмоқдаман ва уларни инкор этиб бўлмайди деган фикрдаман".
Таниқли британиялик сиёсатчи ва давлат арбоби Д.Ллойд Жорж таъкидлаганидек: "Россия қўшинлари Польшага тегишли бўлмаган ва Польша томонидан Биринчи жаҳон урушидан кейин босиб олинган ҳудудларни эгаллаб олишди... Россиянинг олға силжишини немислар тараққиёти билан тенглаштириш жиноий телбалик акти бўлур эди".
Совет Иттифоқининг мухтор вакили И. Майский билан норасмий суҳбатларда инглизларнинг юқори мартабали сиёсатчилари ва дипломатлари анча очиқ сўзлашардилар.
Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Р.Батлер 1939 йил 17 октябрда шундай деган эди: "...Британия ҳукумати доираларида Польшага Ғарбий Украина ва Белоруссияни қайтариш масаласи бўлиши мумкин эмас", дея ҳисоблайдилар.
Агар биз нафақат СССР ва Германия, балки Англия ва Франциянинг кафолати билан камтарона ҳажмдаги этнографик Польшани ярата олсак, у ҳолда Британия ҳукумати ўзини тўлиқ рози қилинган деб биларди".
1939 йил 27 октябрида Н. Чамберленнинг бош маслаҳатчиси Г. Уилсон шундай деди: "Польша ... ўз этнографик базасида мустақил давлат сифатида тикланиши керак, аммо Ғарбий Украина ва Белоруссиясиз".
Шуни қайд этиш жоизки, ушбу суҳбатлар давомида совет-британ муносабатлари яхшиланиши учун кўпроқ маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилинар эди. Бу алоқалар бўлажак иттифоқдошлик ва Гитлерга қарши коалиция учун асос яратди.
Масъулиятли ва узоқни кўра била оладиган сиёсатчилар орасида У.Черчилль ажралиб турар, у СССРга нисбатан ҳеч кимга сир бўлмаган антипатиясига қарамай, бундан олдин ҳам у билан ҳамкорлик қилиш тарафдори эканлигини билдирган эди. 1939 йилнинг май ойида у жамоатчилик палатасида: "Агар биз тажовузга қарши буюк иттифоқ туза олмасак, биз ажал хавфи остида қоламиз. Агар Совет Россияси билан табиий ҳамкорликни рад қилсак, бу энг буюк телбалик бўлар эди", - дея таъкидлаганди.
Европада ҳарбий ҳаракатлар бошлангач - 1939 йил 6 октябрида И.Майский билан учрашувда у ишонч билан: "...Буюк Британия ва СССР ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар мавжуд эмас, демак-ки, кескин ва қониқарсиз муносабатлар учун асослар йўқ. Британия ҳукумати... савдо алоқаларини ривожлантиришни истайди. У ўзаро муносабатларнинг яхшиланишига асос бўладиган бошқа чораларни ҳам муҳокама қилишга тайёр бўларди", дейди.
Иккинчи жаҳон уруши бир кечада, кутилмаганда, фавқулодда бошланган эмас. Германиянинг Польшага қарши агрессияси кутилмаган эмас. У – ўша даврдаги жаҳон сиёсатининг кўплаб тенденциялари ва омиллари натижасидир. Урушгача бўлган ҳодисалар битта машъум занжирга уландилар. Аммо, шубҳасизки, инсоният тарихида буюк фожиани белгилаб берган асосий нарса - бу давлат худбинлиги, қўрқоқлик, тобора куч олаётган агрессорга эрк бериш, сиёсий элиталарнинг ўзаро келишувларга бора олишга тайёр эмаслиги эди.
Шундай экан, нацистлар ташқи ишлар вазири Риббентропнинг Москвага амалга оширган икки кунлик ташрифи - Иккинчи жаҳон урушини бошлаган асосий сабаб эканлигини таъкидлаш адолатдан эмас. Барча етакчи давлатлар у ёки бу даражада унинг бошланиши учун айбдор. Ҳар бири тузатиб бўлмас хатоликларга йўл қўйган, ўзбошимчалик билан бошқаларни алдаб кетиш мумкинлигига ишонган, бу билан ўзига бир томонлама афзалликлар таъминлашга ёки жаҳон миқёсида ёпирилиб келаётган фалокатдан четда қолишга умид қилган. Ва шундай узоқни кўра билмаслик, коллектив хавфсизлик тизимини яратишдан бош тортилганлик учун миллионлаб ҳаётлар билан тўлов қилинди, улкан йўқотишларга дуч келинди.
Мен бу ҳақда ёзар эканман, судья ролига даъво қилиш, кимнидир айблаш ёки уни оқлаш учун ва ҳаттоки давлатлар ва халқларни ўзаро тўқнаштириши мумкин бўлган тарихий майдонда халқаро ахборот қарама-қаршилигининг янги босқичини бошлаш ниятим йўқ.
Фикримча, юз берган воқеаларга мувозанатли баҳо бериш йўлларини қидириш билан турли давлатлардаги нуфузли олимларга эга академик илм-фан шуғулланмоғи керак. Бизларнинг барчамизга ҳақиқат ва холислик керак. Ўз навбатида, мен ҳамкасбларимни ҳотиржам, очиқ ва ишончга асосланган мулоқотга, умумий ўтмишга нисбатан танқидий ва холис қарашга чақираман. Бундай ёндашув бизга ўша вақтда йўл қўйилган хатоларни такрорламасликка ва узоқ йилларга тинчлик ва фаровон тараққиётни таъминлашга имкон беради.
Аммо кўплаб шерикларимиз ҳозирча ҳамкорликдаги ишга тайёр эмаслар. Аксинча, ўз мақсадларини кўзлар экан, улар бизнинг давлатимизга нисбатан ахборот хуружлари сони ва кўламини тобора оширмоқда, бизнинг узр сўрашимизни, ўзимизни айбдор ҳис қилишимизни хоҳлашмоқда, ич-ичигача сиёсийлашган риёкорона декларацияларни қабул қилишмоқда.
Мисол учун, Европа Парламенти томонидан 2019 йил 19 сентябрида маъқулланган "Европа келажаги учун тарихий хотирани сақлаш аҳамияти тўғрисида"ги резолюция СССРни - фашистлар Германияси билан бир қаторда - очиқчасига Иккинчи жаҳон урушини бошлаганликда айблади. Табиийки, у ерда Мюнхен ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
Бундай "қоғозлар", мен ушбу резолюцияни ҳужжат деб атай олмайман, чунки жанжал чиқаришга қаратилган бу қоғозлар ўзида реал таҳдидни акс эттиради. Ахир уни ўта обрўли орган қабул қилган. У нимани намоён этди? Қанчалик таассуфли бўлмасин - урушдан кейинги дунё тартиботини йўқ қилишга қаратилган қасддан қилинган сиёсатни, аслида бу тартиботни яратиш бугунги кунда ушбу сохта декларация учун овоз берган давлатларнинг қатор вакиллари учун ор-номус ва мажбурият эди.
Шу тариқа, улар, Нюрнберг трибунали хулосаларига, халқаро ҳамжамият уринишларига, ғалабали 1945 йилдан кейин ташкил этилган универсал халқаро институтларга қўл кўтардилар. Ушбу муносабат билан эслатиб ўтмоқчиманки, тегишли тузилмаларни, жумладан, Европа парламентини вужудга келтирган Европа интеграцияси жараёни ўтмишдан чиқарилган хулосалар, унга берилган ҳуқуқий ва сиёсий баҳолар туфайли амалга ошган эди.
Ушбу консенсусни онгли равишда шубҳа остига қўяётганлар урушдан кейинги Европанинг барча асосларини барбод қилмоқдалар.
Жаҳон тартиботининг асосий принципларига таҳдиддан ташқари, бунинг маънавий ва ахлоқий томони ҳам мавжуд. Хотира устидан кулиш, масхара қилиш - бу пасткашлик. Пасткашлик қасддан, риёкорона ва тўлиқ онгли бўлиши мумкин, қачонки Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 75 йиллиги муносабати билан эълон қилинган баёнотларда СССРдан ташқари барча антифашизм коалицияси иштирокчилари санаб ўтилганда.
Пасткашлик қўрқоқларча бўлиши мумкин, қачонки нацизмга қарши курашчилар шарафига бунёд этилган ёдгорликлар гўёки исталмаган мафкура ва гўёки оккупация тўғрисидаги ёлғон шиорлар билан ўзини оқлашга уриниб, бузиб ташланганда.
Пасткашлик қонли бўлиши мумкин, қачонки неонацистлар ва бандерачилар ворисларига қарши чиққанлар ўлдирилса ва ёқиб юборилса. Такрорлайман, пасткашлик ўзини турлича намоён этади, аммо бу билан у ўзининг жирканчлигини йўқотмайди.
Тарих сабоқларини унутиш оғир тўловларга олиб келиши муқаррар. Биз ҳужжатлаштирилган тарихий далилларга асосланган ҳақиқатни қатъий ҳимоя қиламиз, Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тўғрисида ҳаққоний ва холисона гапиришда давом этамиз.
Россиядаги Иккинчи жаҳон уруши, урушдан олдинги давр тарихига оид энг катта архив ҳужжатлари, кино ва фото материаллар коллекциясини яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳа шу мақсадга қаратилган. Бундай иш бошлаб юборилган. Кўплаб янги, яқинда топилган, махфийликдан чиқарилган материаллардан шу мақолани тайёрлашда фойдаландим.
Ва шу муносабат билан масъулият билан айтишим мумкинки, СССРнинг Германияга қарши превентив урушни бошлаш ниятини тасдиқловчи архив ҳужжатлари мавжуд эмас.
Ҳа, совет ҳарбий раҳбарияти, агрессия юз берган тақдирда Қизил Армия душманга қарши зарба бериши, хужумга ўтиши ва душман ҳудудида уруш олиб бориши тўғрисидаги доктрина тарафдори эди. Аммо бу сингари стратегик режалар Германияга биринчи бўлиб тажовуз қилишни англатмас эди.
Албатта, бугун тарихчилар ихтиёрида ҳарбий планлаштириш, совет ва немис штаблари директивалари бор. Ва ниҳоят, биз воқеалар аслида қандай ривожлангани ҳақида маълумотга эгамиз. Ушбу билим чўққисидан туриб кўплар мамлакат ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг ҳаракатлари, хатоликлари, янгишганликлари ҳақида фикр юритадилар. Шу муносабат билан бир нарсани айтаман: турфа дезинформациянинг улкан оқими билан бир қаторда совет етакчилари нацистлар томонидан тайёрланаётган тажоввузкорлик ҳақидаги реал маълумотларни ҳам олганлар. Ва уруш олдинги ойларда мамлакат жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган қадамларни қабул қилдилар, шу жумладан, ҳарбий хизмат ёшидагиларнинг яширин чақирилиши, бирлашмалар ва ички ҳарбий округларнинг ғарбий чегаралар сари қайта дислокацияси.
Уруш фавқулодда содир бўлмаган, уни кутишган, унга тайёргарлик кўришган. Аммо нацистлар зарбаси ўзининг вайрон қилувчи қудрати жиҳатдан ҳақиқатда тарихда мисли кўрилмаган бўлди. 1941 йилнинг 22 июнида Совет Иттифоқи энг кучли, мобилизация қилинган ва дунёнинг энг ўргатилган, деярли бутун бошли Европанинг жамики саноат, ҳарбий, иқтисодий салоҳияти у учун ишлаган армияси билан тўқнашди. Ушбу ҳалокатли босқинда нафақат вермахт, балки Германия сателлитлари, европа минтақаси давлатларининг кўплаб ҳарбий контингетлари иштирок этдилар.
1941 йилги оғир ҳарбий мағлубиятлар мамлакатни фалокат жари ёқасига олиб келди. Жанговар қудрат, бошқарувчанликни фавқулодда методлар, умуммобилизация, давлат ва халқнинг барча кучларини зўр бериб кучайтириш ёрдамида қайта тиклашга тўғри келди.
1941 йилнинг ёзида душман ўқлари остида миллионлаб фуқаролар, юзлаб заводлар ва ишлаб чиқаришларнинг шарққа эвакуацияси бошланди. Қисқа муддатларда фронт ортида қурол ва боеприпаслар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди, улар биринчи ҳарбий қишдаёқ фронтга етказилиб берила бошлади, 1943 йилга келиб Германия ва унинг иттифоқдошлари ҳарбий ишлаб чиқариш кўрсаткичларидан ўзишга муваффақ бўлинди.
Бир ярим йил ичида совет кишилари фронт ва унинг ортида иложсиз туюлган ютуқларни амалга оширдилар.
Ва ҳозирга қадар ушбу буюк ютуқлар мисли кўрилмаган ҳаракатлар, жасорат ва фидойиликни талаб этгинлигини тушуниш, тасаввур этиш жуда қийин.
Ўта қудратли, тишигача қуроллаган тажовузкор, совуққон нацистлар машинасига қарши Совет жамиятининг ўз она ерини ҳимоя қилиш, ўз тинч ҳаётини, режа ва умидларини топтаб ташлаган душмандан ўч олиш истагида бирлашган улкан кучи бош кўтарди.
Албатта, бу даҳшатли, қонли уруш пайтида баъзи одамлар қўрқув, саросима ва умидсизликка дучор бўлишди. Хоинлик ва дезертирликка ҳам ўрин бўлган. Инқилоб ва фуқаролик уруши, нигилизм, большевиклар айниқса, ҳокимият тепасига келган дастлабки йилларда мажбуран сингдиришга уринган миллий тарихга, урф-одатларга, эътиқодга нисбатан масхараомуз муносабат туфайли вужудга келган шафқатсиз синишлар бўйин кўрсатарди.
Аммо чет давлатда бўлиб қолган совет фуқаролари ва бизнинг ватандошларимизнинг умумий интилиши бошқа эди - Ватанни ҳимоя қилиш, қутқариш. Бу чинакам, жиловлаб бўлмас интилиш эди. Одамлар асл ватанпарварлик қадриятларида суянч излардилар.
Нацистлар "стратеглари" улкан кўпмиллатли давлатни бўйсундириш осон кечишига амин эдилар. Кутилмаганда бошланган уруш, унинг шафқатсизлиги ва чидаб бўлмас уқубатлари миллатлараро муносабатларни зиддийлаштиришига, мамлакатни бўлакларга ажратиш мумкин бўлишига умид қилардилар. Гитлер: "Россиянинг кенг ҳудудларида истиқомат қиладиган халқларга нисбатан бизнинг сиёсатимиз ҳар қандай келишмовчилик ва бўлинишни рағбатлантиришдан иборат бўлиши керак", дея очиқ айтарди.
Аммо биринчи кунлардан бошлаб фашистларнинг бу режаси барбод бўлгани маълум бўлди. Брест қалъасини сўнгги қони тўкилгунига қадар ўттиздан ортиқ миллатга мансуб жангчилар ҳимоя қилдилар. Уруш давомида - ҳал қилувчи йирик жангларда ҳам ҳар бир плацдарм, она ернинг ҳар бир қаричи ҳимоясида ҳам биз шундай бирлик намуналарини кўрамиз.
Эвакуация қилинган миллионлар учун Волга вилояти ва Урал, Сибир ва Узоқ Шарқ, Ўрта Осиё ва Кавказ орти республикалари жонажон уйга айланди. Уларнинг аҳолиси охирги нарсаси билан бўлишди, қўлларидан келганича ёрдам беришди. Халқлар дўстлиги, уларнинг ўзаро ёрдами душман учун ҳақиқий бузилмас қалъага айланди.
Нацизм тор-мор этилишига - ҳозир нимани исботлашга уринишларидан қатъий назар - асосий ва ҳал қилувчи ҳисса қўшганлар бу - Совет Иттифоқи, Қизил Армия эди. Қуршов ичида Белосток ва Могилев, Уман ва Киев, Вязма ва Харковьда охиригача кураш олиб борган қаҳрамонлар эди. Улар Москва ва Сталинград, Севастопол ва Одесса, Курск ва Смоленск шаҳарлари яқинида ҳужумга ўтарди. Варшава, Белград, Вена ва Прагани озод қилишарди. Кёнигсберг ва Берлинни штурм билан оларди.
Биз уруш ҳақидаги силлиқланган ёки сайқал берилган эмас, балки асл ҳақиқатни ҳимоя қилмоқдамиз. Бу халқона, инсоний қўпол, аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат бизга, асосан, фронтнинг дўзахий олови ва синовларидан ўтган ёзувчи ва шоирлар томонидан етказилган.
Менинг тенгдошларим ва бошқа авлодлар учун уларнинг ҳалол, сермаъно ҳикоялари, романлари, дилни титратувчи "лейтенант насри" ва шеърлари қалбда абадий из қолдирган, ғалаба учун қўлидан келганини амалга оширган ветеранларни ардоқлаш, жанг майдонларида қолиб кетганларни ёдда тутиш ҳақида ўзига хос васиятга айланган.
Ва бугунги кунда Александр Твардовскийнинг Улуғ Ватан урушининг Совет-Германия фронти марказий қисмидаги қонли, шафқатсиз жанги иштирокчиларига бағишланган "Мен Ржев остида ўлдирилдим..." шеърининг ўзига хос содда ва буюк сатрлари қалбни ларзага солади.
1941 йил октябридан 1943 йил мартгача Ржев шаҳри ва Ржев дўнглиги учун олиб борилган жангларнинг ўзида Қизил Армия 1 миллион 342 минг 888 кишини йўқотди, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар шулар жумласидан. Урушдан кейинги йилларда турли сабабларга кўра ноҳақ ёки адолатсиз равишда кам гапирилган ёки умуман сукут сақлаган машҳур ва номсиз қаҳрамонларнинг жасоратига ҳурмат бажо келтирган ҳолда, мен архив манбаларида тўпланган даҳшатли ва ҳали тўлиқ бўлмаган рақамларни илк марта келтирмоқдаман.
Яна бир ҳужжатни мисол келтираман. Бу 1945 йил февраль ойида тайёрланган И.Майски бошчилигидаги Германиянинг репарациялар бўйича Халқаро комиссияси ҳисоботидир.
Комиссиянинг вазифасига мағлубиятга учраган Германия ғолиб-державаларга етказилган зарарни қоплаш формуласини аниқлаш кирарди.
Комиссия қуйидаги хулосага келди: "Германия томонидан Совет Иттифоқи фронтида ўтказган аскар-кунлар сони бошқа иттифоқдош фронтлар сонидан камида 10 баравар кўп. Совет фронти шунингдек, немис танкларининг бешдан тўрт қисмини ва Германия самолётларининг учдан икки қисмини кечиктирди". Умуман олганда, Гитлерга қарши коалициянинг барча ҳарбий ҳаракатларининг 75 фоизи СССР ҳиссасига тўғри келди. Уруш йилларида Қизил Армия "ўқ" мамлакатларининг 626 та дивизиясини, шундан 508 таси немисларники эди, "яксон қилди".
1942 йилнинг 28 апрелида Рузвелт Америка миллатига мурожаатида шундай деди: "Россия қўшинлари бошқа жамики бирлашган миллатлардан кўра бизнинг умумий душманимизнинг жонли кучлари, самолётлари, танклари ва қуролларини кўпроқ йўқ қилдилар ва йўқ қилмоқдалар".
Черчилл 1944 йил 27 сентябрь куни Сталинга йўллаган мактубида "айнан рус армияси немис ҳарбий машинаси ичакларни чиқариб ташлади", - дея ёзган.
Ушбу баҳо бутун дунёда ўз аксини топди. Чунки бу сўзларда - ўша, ҳеч ким гумон остига олмаган буюк ҳақиқат мужассам эди. 27 миллионга яқин совет фуқаролари фронтларда, немис асирлигида, очлик ва бомбардимонлар оқибатида, геттоларда ва нацист лагерларидаги ажал печларида ҳалок бўлдилар. СССР ҳар еттинчи фуқаросини йўқотди, Буюк Британия – 127 нафардан биттасини, АҚШ эса 320 нафардан бирини. Афсуски, Совет Иттифоқининг энг оғир, тўлдириб бўлмас йўқотишлари акс этган бу рақамлар батамом эмас. Барча ҳалок бўлганлар: жазоловчилар томонидан йўқ қилинган Қизил Армия жангчилари, партизанлар, подполчи, концлагер ҳарбий асирлари, тинч аҳоли исми ва тақдирини қайта тиклаш бўйича машаққатли ишларни давом эттириш лозим. Бу бизнинг бурчимиз. Бунда архив ҳужжатларига асосланган "Халқ хотираси" электрон маълумотлар базаси каби қидирув ҳаракатининг иштирокчилари, ҳарбий-ватанпарвар ва кўнгилли бирлашмаларнинг алоҳида ўрни бор.
Табиийки, бундай умумгуманитар муаммони ҳал қилишда яқин халқаро ҳамкорлик зарур. Умумий душманга қарши курашган барча мамлакатлар ва халқлар ҳаракатлари туфайли ғалабага эришилган. Британия армияси ўз ватанини босқинчиликдан ҳимоя қилди, нацистлар ва уларнинг сателлитлари билан Ўрта ер денгизида, Шимолий Африкада жанг қилди.
Америка ва Британия қўшинлари Италияни озод қилдилар, Иккинчи фронтни очдилар. АҚШ агрессорга Тинч океанида кучли, қақшаткич зарба берди. Хитой халқининг улкан қурбонликлари ва унинг япон милитаристларини тор-мор қилишдаги улкан ролини хотирлаймиз. Шармандали капитуляцияни тан олмаган ва нацистларга қарши курашни давом эттирган "Курашаётган Франция" жангчиларини унутмаймиз.
Биз шунингдек, Қизил Армияни боеприпаслар, хом-ашё, озиқ-овқат, техника билан таъминлаган иттифоқдошлар томонидан кўрсатилган ёрдам учун ҳамиша миннатдор бўламиз. Бу салмоқли ёрдам эди - Совет Иттифоқи ҳарбий ишлаб-чиқариши умумий ҳажмининг етти фоизга яқинини ташкил этарди.
Гитлерга қарши коалициянинг ядроси Совет Иттифоқига қилинган ҳужумдан сўнг, АҚШ ва Буюк Британия уни фашистлар Германиясига қарши курашда шартсиз қўллаб-қувватлаганидан кейин дарҳол шакллана бошлаган эди.
1943 йилдаги Теҳрон конференциясида Сталин, Рузвельт ва Черчилль буюк державалар альянсини шакллантирдилар, коалиция дипломатиясини ишлаб чиқиш, умумий ҳалокатли таҳдидга қарши курашда биргаликда стратегия ишлаб чиқишга келишдилар.
Катта учлик раҳбарлари СССР, АҚШ, Буюк Британиянинг саноат, ресурс ва ҳарбий салоҳиятини бирлаштириш душманга нисбатан шубҳасиз устунликни яратиши ҳақида аниқ тушунчага эга эдилар.
Совет Иттифоқи ўз иттифоқдошлари олдидаги мажбуриятларини тўлақонли бажарган, ҳамиша ёрдам қўлини чўзган.
Хусусан, Беларусдаги кенг кўламли "Багратион" операцияси ёрдамида Қизил Армия инглиз-америка десантининг Нормандияга қўнишини қўллаб-қувватлади. 1945 йилнинг январида Одерга ёриб кириб, бизнинг жангчиларимиз вермахтнинг Арденнада Ғарбий фронтга катта куч билан уюштирган хужумига нуқта қўйган эдилар.
Германия устидан ғалаба қозонганидан уч ой ўтгач, СССР Ялта битимларига мувофиқ равишда Японияга қарши уруш эълон қилди ва миллионли Квантунг армиясини мағлуб этди.
1941 йил июль ойида Совет Иттифоқи раҳбарияти "фашист босқинчиларига қарши урушнинг мақсади нафақат мамлакатимиз устига ёпирилаётган хавфни йўқ қилиш, балки немис фашизми зулми остида инграб турган барча Европа халқларига ёрдам бериш" эканлиги тўғрисида баёнот қилган эди.
1944 йилнинг ўртасига келиб душман бутун бошли совет ҳудудидан деярли қувиб чиқарилди. Аммо уни ўз инида охиригача бир ёқлик қилиш лозим эди. Ва Қизил Армия Европада озодлик миссиясини бошлади, бутун бошли халқларни йўқ қилиниш, қуллик ва Холокост даҳшатларидан қутқарди, у қутқариш ишларини юз минглаб совет аскарлари ҳаёти эвазига амалг оширди.
Шунингдек, СССР озод бўлган мамлакатларга очлик хавфини бартараф этишда, иқтисодиёт ва инфратузилмани тиклашда кўрсатган улкан моддий ёрдамни унутмаслик керак. У буни Брестдан Москва ва Волгага қадар минглаб километрга чўзилган вайроналар шароитида амалга оширди.
Шундай қилиб, масалан, 1945 йил май ойида Австрия ҳукумати СССРга озиқ-овқат масаласида ёрдам қилишни сўраб мурожаат қилди, чунки "янги ҳосилга қадар келгуси етти ҳафта давомида ўз аҳолисини қандай қилиб боқишни билмасди". Австрия Республикаси Муваққат ҳукумати давлат канцлери К. Реннер Совет раҳбариятининг озиқ-овқат юборишга розилигини "австрияликлар ҳеч қачон унутмайдиган" "халоскорлик акти..." дея таърифлади.
Иттифоқчилар ҳамкорликда нацистлар сиёсий ва ҳарбий жиноятчиларини жазолаш учун мўлжалланган Халқаро ҳарбий трибунални туздилар. Унинг қарорларида инсониятга қарши амалга оширилган геноцид, этник ва диний тозалаш, антисемитизм ва ксенофобия каби жиноятларга аниқ ҳуқуқий квалификация берилган. Нюрнберг суди тўғридан-тўғри ва шубҳага ўрин қолдирмайдиган бир тарзда нацистлар ва уларнинг ҳамтовоқлари, турли гуруҳга мансуб коллаборационист устидан ҳукм ўқиди.
Ушбу шармандали ҳолат Европанинг барча давлатларида содир бўлди. Петен, Кислинг, Власов, Бандера каби "арбоблар", уларнинг малайлари ва издошлари, гарчи миллий мустақиллик ёки коммунизмдан озодлик курашчилари либосларига бурканган бўлишларига қарамай, хоин ва жаллодлардир. Улар шафқатсизликда баъзида ўз хўжайинларини ортда қолдирардилар.
Ўзларини кўрсатиш мақсадида махсус жазо гуруҳлари таркибида каннибалистик топшириқларни бажонидил бажаришарди. Бабий Ярдаги қатл, Волин қирғини, Ёндирилган Хатин, Литва ва Латвияда яҳудийларни йўқ қилиш акциялари уларнинг қонли қўллари томонидан амалга оширилган.
Ва бугунги кунда ҳам бизнинг позициямиз ўзгаришсиз қолмоқда: нацистлар шерикларининг жиноий ҳаракатлари учун ҳеч қандай оқлов бўлиши мумкин эмас, бундай жиноятлар ўтиш муддати бўлмайди. Шу сабабли, бир қатор мамлакатларда нацистлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ўз шаънини булғаганлар тўсатдан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари билан тенглаштирилгани таажжубга солади. Мен халоскорлар ва босқинчилар ўртасида тенглик белгиси қўйиш мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Нацистлар шерикларининг қаҳрамонлаштирилишини эса фақатгина оталаримиз ва боболаримиз хотирасига хиёнат сифатида кўриш мумкин. Нацизмга қарши курашда халқларни бирлаштирган идеалларга хиёнат сифатида.
Ўшанда СССР, АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлари олдида ҳеч бир мулолағасиз тарихий вазифа турарди. Сталин, Рузвельт, Черчилль турли мафкуралар, давлат интилишлари, манфаатлар, маданиятларга эга бўлган давлатларни тақдим этардилар, аммо улкан сиёсий ирода кўрсатиб, қарама-қаршилик ва хаёллардан устун бўлиб, дунёнинг чин манфаатларини биринчи ўринга қўйдилар. Натижада, улар келишувга келдилар ва бутун инсоният бундан ютган ечимга эришдилар.
Ғолиб-державалар бизга бир неча асрлар учун интеллектуал ва сиёсий изланиш квинэссенциясига айланган муҳим тизимни қолдирдилар. Теҳрон, Ялта, Сан-Франциско, Потсдам сингари қатор конференциялар шунга асос солдики, дунё мана 75 йил давомида кескин қарама-қаршиликларга қарамай, глобал урушсиз яшамоқда.
Биз ҳозир Ғарбда ва айниқса Иккинчи Жаҳон уруши ва унинг якунлари мавзусига нисбатан кузатаётган тарихий ревизионизм шу билан хавфлики, у 1945 йилда Ялта ва Сан-Франциско анжуманлари томонидан асос солинган тинч тараққиёт тамойиллари тушунчасини қўпол равишда бузиб кўрсатмоқда.
Ялта ва ўша даврдаги бошқа қарорларнинг асосий тарихий ютуғи етакчи кучларга улар ўртасида низо вужудга келадиган тақдирда уни ҳал қилишда дипломатия доирасида қолишга имкон берадиган механизмни яратишга билдирилган розиликда эди.
ХХ аср тотал ва кенг қамровли жаҳон можароларини олиб келди, 1945 йилда эса Ерни жисман йўқ қилишга қодир бўлган ядро қуроллари ҳам майдонга чиқди. Бошқача айтганда, низоларни куч билан ҳал қилиш ўта хавфли бўлиб қолди. Ва Иккинчи жаҳон урушидаги ғолиблар буни тушунишарди. Улар инсоният олдидаги ўзларининг шахсий масъулиятларини тушунишар ва англардилар.
1945 йилда Миллатлар лигасининг қайғули тажрибаси ҳисобга олинди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши тузилмаси тинчлик кафолатларини максимал аниқ ва таъсирчанқилиш учун тузилган. Шу тариқа Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари институти ва улар жавобгарлиги сифатида вето ҳуқуқи пайдо бўлди.
БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқи нима дегани? Очиғини айтганда, бу энг йирик мамлакатларнинг тўғридан-тўғри тўқнашувига ягона оқилона альтернатива. Бу бешта державадан бирининг у ёки бу қарор у учун номақбул экани, унинг манфаатлари ва тўғри ёндашув ҳақидаги тасаввурларига зидлиги ҳақидаги баёнотидир. Ва бошқа давлатлар, гарчи бунга рози бўлмасалар ҳам, позицияни қабул қиладилар ва ўзларининг бир томонлама интилишларини амалга оширишга уринишларидан воз кечадилар. Яъни, ҳар қандай ҳолатда муроса қилиш керак.
Янги глобал қарама-қаршилик Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг деярли дарҳол бошланди ва баъзан жуда шиддатли характер касб этди. Совуқ уруш учинчи жаҳон урушига айланиб кетмаганлиги "Катта Учлик" томонидан имзоланган шартномалар самарадорлигини ишончли тасдиқлади. БМТни тузишда келишилган ахлоқ қоидалари, келажакда хатарларни имкон қадар камайтириш ва қарама-қаршиликни назорат остида ушлашга имкон берди.
Албатта, биз БМТ тизими ҳозирда зўриқиш билан ишлаётгани, кутилган самарани бермаётганини кўряпмиз. Аммо БМТ ўзининг асосий вазифасини аввалгидек бажаришда давом этмоқда. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тамойиллари - катта уруш ёки глобал можаронинг олдини олишнинг ўзига хос ноёб механизмидир.
Сўнгги вақтларда тез-тез янграётган вето ҳуқуқини бекор қилиш ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларини махсус имкониятлардан маҳрум қилиш ҳақидаги чақириқлар аслида масъулиятсизликдир. Охир оқибат, агар бу рўй берса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўша Миллатлар Лигасига айланади - дунёдаги жараёнларга таъсир кўрсатиш ричагларидан маҳрум, қуруқ суҳбатлар учун учрашув; бу қандай якунлан топгани ҳаммага маълум. Шунинг учун ғолиб-державалар ўз ўтмишдошлари хатоларини такрорламаслик учун янги дунё тартиботи тизимини шакллантиришга жиддий ёндошдилар.
Халқаро муносабатларнинг замонавий тизимини яратиш - Иккинчи жаҳон урушининг энг муҳим натижаларидан биридир. Ҳатто энг муросасиз зиддиятлар - геосиёсий, мафкуравий, иқтисодий - тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаш ва ҳамкорлик қилиш шаклларини топишга халақит бермайди, агар бунинг учун хоҳиш ва ирода бўлса. Бугун дунё нотинч даврларни бошдан кечирмоқда.
Ҳаммаси ўзгармоқда: глобал кучлар жойлашуви ва таъсиридан мувозанатидан тортиб жамиятлар, давлатлар ва бутун бошли минтақаларнинг ижтимоий, иқтисодий ва технологик асосларига қадар. Ўтган даврда бундай кўламдаги силжишлар ҳеч қачон катта ҳарбий можароларсиз, кучлар тўқнашуви ва янги глобал иерерхияни қуришсиз кечмаган. Иттифоқдош державалар сиёсий арбобларнинг донишмандлиги ва узоқни кўра билиши туфайли дунё миқёсида рақобатнинг ривожланишига хос бўлган бундай объективнинг ҳаддан ташқари намоён бўлишига тўсқинлик қиладиган тизимни яратишга муваффақ бўлинди.
Бизнинг бурчимиз - сиёсий жавобгарликни ўз зиммасига олганларнинг, биринчи навбатда Иккинчи жаҳон урушидаги ғолиб-державалар вакилларининг - ушбу тизим сақланиб қолиши ва такомиллашишини кафолатлашдир. Бугунги кунда, 1945 йилдаги каби, сиёсий иродани намоён этиб, биргаликда келажакни муҳокама қилиш мумкин. Бизнинг ҳамкасбларимиз - Си Цзиньпинь, Макрон, Трамп, Жонсон жаноблари - Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган бешта ядро давлатлари раҳбарларининг учрашувини ўтказиш ҳақидаги Россия ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирамиз ва бундай учрашув энг қисқа фурсатда бўлиб ўтади, деб умид қиламиз.
Кутилаётган саммит кун тартибини қандай кўрмоқдамиз? Аввало, бизнинг фикримизча, дунё ишларида коллектив бошланишларни ривожлантириш бўйича қадамларни муҳокама қилиш, тинчликни сақлаб қолиш, глобал ва регионал хавфсизлик масалалари, стратегик қуроллар устидан назорат, терроризм, экстремизм ва бошқа долзарб чақириқлар ва хатарлар ҳақида очиқ гаплашиб олиш мақсадга мувофиқдир.
Учрашув кун тартибидаги алоҳида мавзу - бу глобал иқтисодиётдаги вазият, биринчи навбатда коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқирозни енгиб ўтишдир. Мамлакатларимиз одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича мисли кўрилмаган чораларни кўрмоқда.
Аммо пандемия қандай оқибатларга олиб келиши, глобал иқтисодиёт рецессиядан қанчалик тез чиқиб кетиши, бизнинг ҳақиқий шериклар сингари биргаликда ва келишган тарзда ишлаш қобилиятимизга боғлиқ.
Қолаверса, иқтисодиётни босим ва зиддият воситасига айлантириш мумкин эмас. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш, шунингдек глобал ахборот маконининг хавфсизлигини таъминлаш долзарб мавзулар қаторига киради.
Россия томонидан таклиф этилаётган "бешлик" саммитининг кун тартиби бизнинг мамлакатларимиз учун ҳам, бутун дунё учун ҳам ўта муҳим ва долзарбдир. Ҳар бир пункт бўйича бизда аниқ ғоялар ва ташаббуслар мавжуд.
Шубҳа йўқки, Россия, Хитой, Франция, АҚШ ва Буюк Британия саммити замонавий таҳдид ва хатарларга қарши умумий жавоб топишдаги изланишларда муҳим роль ўйнайди ва бу билан умумий иттифоқдошлик руҳига ва ота-боболаримиз кураш олиб борган юксак инсонпарварлик ғоялари ва қадриятларга содиқлигини намойиш этади.
Умумий тарихий хотирага таяниб, биз бир-биримизга ишонишимиз мумкин ва керак. Бу муваффақиятли музокаралар ва сайёрадаги барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барча давлатларнинг фаровонлиги ва тараққиёти йўлида келишилган ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Муболағасиз айтиш мумкин-ки, бизнинг бутун дунё, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги умумий бурчимиз айнан шундан иборат.