ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Бугун 93 ёшни қарши олган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, тошкентлик Ханиф Шадаминов оғир уруш йилларини эслашни ёқтирмайди.
"Урушнинг дастлабки кунларида отам ҳалок бўлди. Командири отамни ўрмонзорда катта қарағай остида дафн қилган ва қабр устига тахтачада "бу ерда жасур жангчи Дамин Шадаминов дафн қилинган" деб ёзиб қолдирган экан. Сал кейин қорахат олганмиз", — дея эсга олди Ханиф Даминович.
Ветераннинг сўзларига кўра, вақт ўтиб, тинчлик ўрнатилгач, у Ленинград яқинидаги ота қабрини зиёрат қилган. Ханиф Шадаминов суҳбат давомида ҳаётида рўй берган бир афсонавий учрашувни ҳеч қачон унутмаслигини айтди. Ветеран Брестда кутилмаганда пролетарийлар етакчиси Сталинни учратиб қолган экан.
Халқлар отаси ўша вақтда америкаликлар билан келишув имзолагани Берлин анжуманига йўл олаётган бўлган.
Ветераннинг айтишича, у Ўзбекистонга тинчлик замонларида келиб қолган. Бу ерда унинг акаси яшаган.
"Тошкентга келгач, Ҳасанбой посёлкасида ғишт заводини қурдим. Кейин бошқа объектларни, менга бу ер жуда ёқади ва шу тариқа Тошкентда яшаб қолганман. Урушда бирга хизмат қилган сафдошларим ҳам шу ерга кўчиб келишган эди, биз кенг кўча ёқалаб худди бир оиладек яшаганмиз. Ҳозир кўпчилиги орамизда йўқ", — деди Ханиф Даминович.
Ветеран ўзининг кўпсонли орденлари ва уларни қайси хизматлари учун олгани ҳақида гапиришни хоҳламади. Камтаринлик билан муносиб пенсия олаётгани ва кўрсатилаётган ҳурмат ва ғамхўрлик учун давлат раҳбаридан миннатдорлигини айтиб ўтди.
"9 май байрамига президентдан совға тариқасида икки миллион сўм олдим, жуда миннатдорман. Йигирмадан ортиқ невара, эвараларим бор, уларга ширинлик олиб бериб сийладим. Менга машина совға қилишга ваъда беришган эди, аммо мен унамадим, энди кераги йўқ, ахир барибир ҳайдолмайман. Шавкат Миромоновичга бундай ғамхўрлик учун миннатдорман", — деб таъкидлади ветеран.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.