ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини рағбатлантириш мақсадида "GM Uzbekistan" АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган енгил автомобилларни бир марталик навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш ҳамда харид қилинган автомобилларга биринчи ва иккинчи техник хизматни бепул кўрсатиш бўйича муддатли имтиёзлар бериш белгиланган.
Шу кунларда эса Президент Фармонига асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни имтиёзли харид қилиш истагини билдирган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тегишли автомобиллар тантанали равишда топширилиб келинмоқда.
Хабарда Учтепа туманида истиқомат қилиб келаётган 94 ёшли Ҳикмат ота Убайдуллаевга "Дамас", Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 98 ёшли Камол ота Туроповга "Лассети", Яккасарой туманида истиқомат қилувчи 92 ёшли Назар Степанович Назарьянга "Лассети", Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 93 ёшли Абдувоҳид ота Тўлагановга "Дамас" русумли енгил автомобиллар тантанали равишда топширилгани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда республикада 1542 нафар уруш фахрийси яшаб келмоқда. Президент қарорига мувофиқ уларнинг ҳар бирига 2 млн сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари ҳокимлар, кенг жамоатчилик иштирокида тантанали равишда топширилади.
Ўзбекистон ва жаҳондаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни истасангиз, Sputnik Ўзбекистоннинг Telegram-каналига обуна бўлинг.