ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Зеро, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ота-боболаримиз жанг майдонларида бемисл жасорат кўрсатиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида жонларини қурбон қилган. Фронт ортида меҳнат қилганлар фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган. Уларнинг Ватанимиз ва халқимиз олдидаги бурчни муқаддас билгани бугунги авлод учун ҳам намуна бўлиб, ғоят оғир шароитларда кўрсатган матонати ҳамиша эъзозга муносиб.
Фарғона вилоятида бугунги кунда истиқомат қилаётган 160 нафарга яқин Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчиси ва фронт орти меҳнат фахрийларига имтиёзли сертификатлар тантанали равишда топширилмоқда.
Худди шундай маросим Марғилон шаҳрида ўтказилди. Унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига имтиёзли сертификат ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Шоҳидбек АСЛОНОВ