ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Президент сайловида бюллетенни тўлдирилган ҳолатда ёки уни тўлдириш жараёнини суратга олиш тақиқланади.
Овоз бериш жараёнида сайлов бюллетенни фото ва видеога олиш, олинган тасвирларни тарқатиш, шу жумладан ижтимоий тармоқларга жойлаштириш мумкин эмас.
Фото ва видео тасвирга олиш жараёни овоз беришнинг яширинлигини бузмаслиги ва овоз берувчилар хоҳиш-иродасини назорат қилиш имконини бермаслиги шарт.
Агар сайлов участкасида бўлиб турган ОАВ вакиллари фото ёки видео тасвирга олмоқчи бўлса, у ҳолда участка сайлов комиссияси аъзоларини, сайловчиларни ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларини хабардор қилиши лозим.
Фото ва видео тасвирга олиш сайлов жараёни иштирокчиларининг конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини камситмаган ҳолда амалга оширилиши керак.
ОАВ вакили овоз бериш сирини ошкор қилса ёхуд фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилса, у овоз бериш биносидан дарҳол чиқариб юборилади. Бу ҳақда участка сайлов комиссияси қарор қабул қилади.
Қолаверса, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, сайлов натижалари прогнозлари, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш ҳам тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда президент сайлови 9 июль кунига белгиланган. Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 28 июнь-5 июль кунлари бўлиб ўтади. Ташқи ишлар вазирлигининг МСКга келиб тушган тақдимномасига асосан 39 та Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилади.
Президентликка Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партиясидан Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилган. Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 7 июндан бошланган.