ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида 2023 йил 1 сентябрдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради.
Субсидия ягона электрон платформа орқали ажратилади
Аҳоли ва тадбиркорларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа”сига ўтказилади.
Шунингдек, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади.
Ўқувчилар 2 та хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатилади
Қонунчиликка кўра, ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан мактабда ўқувчиларни 2 та хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар онлайн шакллантирилади
Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг “Тезкор маълумотлар” ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади.
Шунингдек, бу бўйича маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг ЯИДХП (my.gov.uz)даги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.
Айрим ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилинади
Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг электрон базасини “Давлат мулки” ахборот тизимига интеграция қилиш ва тадбиркорлар электрон тизимга киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади.
Шунингдек, ҳар чоракда жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади.
Айрим маҳсулотларнинг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади
Қонунчиликка кўра, тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.
Бундан алкоголь маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича лицензия ёки хабарномага эга бўлган субъектлар мустасно.
Банк устав капиталининг энг кам миқдори оширилади
1 сентябрдан банк устав капиталининг энг кам миқдори 200 миллиард сўмни ташкил этиши керак.
Илгари банк устав капиталининг энг кам миқдори 100 миллиард сўмни ташкил этиши лозим эди.
Қишлоқ хўжалиги техникаларига техник кўрикдан ўтганлиги учун талон бериш бекор қилинади
Юридик шахс бўлган тадбиркорлар жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон бериш амалиёти бекор қилинади (хорижий давлатларга ишга юбориладиган техникалардан ташқари).
Кўп квартирали уйларнинг зилзилабардошлигига таъсир қилувчи конструкциялар текширилади
1 сентябрдан қуйидагиларни аниқлаш бошланади:
сейсмик фаол зонада жойлашган сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чердак ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкциялар;
кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан уларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришлар.
Ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтказилади
“Рақамли ҳукумат” тизими доирасида, ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари, қоғозсиз иш юритишга ўтиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган “edo.ijro.uz” модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтказилади.
Шунингдек, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот тизимларида “Рақамли ҳукумат” тизимининг ягона идентификаторлари ҳамда маълумотномалар ва таснифлагичлар регистри ахборот тизимида жойлаштирилган ягона умумдавлат маълумотномалар ва таснифлагичлардан фойдаланишлари шарт бўлади.
Коммунал соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
Аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг Интернетдаги махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Бунда ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Энергетика вазирлигининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
"Ёнғиндан огоҳлик" умуммиллий кампанияси ўтказилади
Қонунчиликка кўра, мунтазам равишда “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси амалга оширилиб, унда жумладан қуйидагилар назарда тутилади:
таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказиш;
давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитишни ташкил этиш;
жамоат жойларида, таълим ташкилотларида, иш жойларида ва турар жой комплексларида ўт ўчириш бўйича амалий машғулотлар ўтказиш.
Мактаб директорларига бир қатор ҳуқуқлар берилади
Қонунчиликка кўра, қуйидагилар амалга оширилади:
мактаб директорига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади;
туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаб фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади;
ҳудудларда энг тажрибали мактаб директорларидан иборат Директорлар кенгашлари тузилади;
мактаб директорлари Директорлар кенгаши тавсиясига асосан ҳудудий бошқармалар томонидан очиқ танлов асосида лавозимга тайинланади.
Боғчаларнинг истеъмол рационига асал қўшилиши мумкин
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва шифохоналардаги беморларнинг кунлик истеъмол рационига асал маҳсулоти киритилиши мумкин.
Янги турдаги стипендия таъсис этилади
Олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.
Замонавий жиҳозланган кутубхона ва кинотеатрлар ташкил этилади
1 сентябрдан босқичма-босқич замонавий жиҳозланган кутубхоналар ва кинотеатрлар ташкил этилади.
Шунингдек, мусиқа чолғучилиги ва ашула ижрочилиги бўйича пуллик махсус курсларда ўқитиш тизими жорий этилади.
Юридик олийгоҳ талабаларига ишлашга рухсат берилади
Олий таълим муассасаларининг битирувчи талаба-юристларига ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.
Болалар учун музейларга кириш бепул бўлади
18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига, жумладан, кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартиби жорий этилади.
Ички ишлар ходимлари фуқаролар билан ишлаш бўйича ўқитилади
1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини "Фуқаролар билан ишлаш модули" бўйича узлуксиз ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш орқали уларнинг соҳада самарали хизмат олиб боришдаги шахсий масъулияти оширилади.
Бунда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида давомийлиги 144 соатдан кам бўлмаган дастур асосида ходимлар ҳар уч йилда бир марта ўқитилиб, махсус синовдан ўтказилади ҳамда синовларни муваффақиятли топширган ходимларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган сертификат берилади.
Мақолани ёзишда Адлия вазирлиги маълумотларидан фойдаланилди.