Энди фуқаролар давлат мулкини онлайн аукционга чиқариш бўйича ариза бериши мумкин бўлади

© Unsplash / HelloquenceРабота за компьютером
Работа за компьютером - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.03.2023
Oбуна бўлиш
Энди жисмоний шахсларга давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Энди жисмоний шахсларга айрим давлат кўчмас мулкларини хусусийлаштириш учун онлайн аукционга чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда президент қабул қилган 102-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, 1 июлдан жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
2023 йил 1 сентябрдан:
кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали берилади;
“E-auksion” электрон савдо платформасида электрон шаклда расмийлаштирилади;
ҳар чоракда жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади.
Шунингдек, инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилинди. Тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг электрон базасини “Давлат мулки” ахборот тизимига интеграция қилиш ва тадбиркорлар электрон тизимга киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:
оммавий савдолар орқали тўлиқлигича сотиладиган 1 001 та корхонанинг акция пакетлари (улушлари) рўйхати;
акция пакетлари “битта акция – битта лот” тамойили асосида халқ IPOсини ўтказиш тартибида оммавий савдолар орқали сотиладиган 40 та корхона рўйхати;
оммавий савдолар орқали сотиладиган 1 046 та давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхати;
муниципал мулк объектларини белгилаш мезонлари.
2023 йил 1 сентябргача давлат ихтиёридаги истироҳат боғлари хатловдан ўтказилади.
Янгиликлар лентаси
0