ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилари Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларига ташриф буюриб, сайлов жараёнларини мониторинг қилишмоқда. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси хабар берди.
МДҲ кузатувчилари миссияси вакиллари округ сайлов комиссиялари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Унда қайд этилишича, сайлов жараёни билан боғлиқ шикоят ва аризалар келиб тушмаган.
“Миссия аъзолари сайлов участкаларига ташриф буюрганларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнини кузатдилар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча тартибларга риоя қилинаётганини таъкидлашди”, дейилади хабарда.
Миссия аъзолари жойларда сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилаётган эътибор, сайлов комиссияларининг халқаро кузатувчилар билан конструктив ҳамкорлик қилишга қаратилаётганини алоҳида қайд этишди.
МДҲ кузатувчилари миссияси
© Исполком СНГ
Айтилишича, МДҲ кузатувчилари миссиясини шакллантириш жараёни ниҳоясига етди. Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро ассамблеяси, МДҲ кузатувчилари томонидан аккредитациядан ўтиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳужжатлар юборилган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида МДҲ кузатувчилари Ўзбекистон президенти сайлови жараёнини кузатиш бўйича иш бошлаган эди. МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козякнинг таъкидлашича, кузатувчилар миссияси мамлакатда сайловолди ташвиқоти ўтказилишини мониторинг қилишда ўнинчи бор иштирок этмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистондаги муддатидан илгари президент сайловида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилари миссиясига МДҲ бош котиби Сергей Лебедев раҳбарлик қилиши маълум қилинган эди.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови 9 июль кунига белгиланган. Президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 28 июнь-5 июль кунлари бўлиб ўтади. Ташқи ишлар вазирлигининг МСКга келиб тушган тақдимномасига асосан 39 та Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилди.
Президентликка Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партиясидан Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилган. Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 7 июндан бошланган.