ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилари Ўзбекистон президенти сайлови жараёнини кузатиш бўйича иш бошлади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси мутбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бахром Кучкаров Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муддатидан илгари президент сайловида МДҲ ижроия қўмитасининг сайловларни кузатиш миссияси вакиллари билан учрашди.
МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козякнинг таъкидлашича, кузатувчилар миссияси мамлакатда сайловолди ташвиқоти ўтказилишини мониторинг қилишда ўнинчи бор иштирок этмоқда.
Бугундан бошлаб миссия штаб-квартираси ва узоқ муддатли кузатувчилар иш бошлади.
“Биз сайловолди ташвиқотини кузатамиз, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир мурожаатлари ва аризаларини кўриб чиқиш ваколатига кирувчи давлат органлари вакиллари билан учрашамиз. Нафақат пойтахтда, балки бутун республикада сайлов жараёни қандай ташкил этилгани билан танишиш учун республика ҳудудларига ҳам ташриф буюрамиз. Бундан ташқари, сайлов куни бевосита овоз бериш жараёнини кузатувчи қисқа муддатли кузатувчиларимиз учун ҳужжатларни тайёрлаймиз”, дейди Козяк.
Бахром Кучкаров ўз сўзида Ўзбекистонда сайлов ўтказиш учун 14 та сайлов округи ва 10 784 та сайлов участкаси тузилганини қайд этиб ўтди.
“39 та Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилади. Матбуот маркази фаолиятини ҳам йўлга қўйдик, сайлов кампаниясини ёритувчи журналистларни аккредитациядан ўтказиш бўйича фаол иш олиб боряпмиз”, дейди Бахром Кучкаров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги муддатидан илгари президент сайловида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилари миссиясига МДҲ бош котиби Сергей Лебедев раҳбарлик қилиши маълум қилинган эди.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови 9 июль кунига белгиланган. Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 28 июнь-5 июль кунлари бўлиб ўтади. Ташқи ишлар вазирлигининг МСКга келиб тушган тақдимномасига асосан 39 та Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилади.
Президентликка Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партиясидан Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилган. Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 7 июндан бошланган.