- Бу йил Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги нишонланади. Икки мамлакатнинг бугунги кундаги ҳамкорлик даражасини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, қайси соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш мумкин, қайси йўналишларда ҳамкорлик изчил ривожланмоқда?
— Шубҳасиз, дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги Россия ва Ўзбекистон учун муҳим сана ҳисобланади. Ҳамкорлигимиз тарихи чуқур илдизга эга: россия ва ўзбек халқларини кўп йиллик дўстлик ва ўзаро ёрдам анъаналари боғлаб туради, биз ҳар доим синовлар даврида бир-биримизга ёрдам қўлимизни узатиб келганмиз.
Ўтган йиллар давомида Россия ва Ўзбекистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техника ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасида кўп ишлар амалга оширилди, 200дан ортиқ ҳужжатни ўз ичига олувчи салмоқли ҳуқуқий-шартномавий база яратилди.
2004-2005 йилларда имзоланган стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ўзаро ҳамкорлигимизни янада янги юқори босқичга олиб чиқди. Бунда икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини қурган ва бу муносабатларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг улкан ҳиссаси бор.
Россия-Ўзбекистон муносабатлари бугунги кунда ҳам ривожланиш йўлидан бормоқда. Биз икки томонлама кўринишда ҳам, халқаро майдонда ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Россия ва Ўзбекистон халқаро ва минтақавий масалаларда бир-бирига яқин ёки ўхшаш қарашларга эга бўлиб, бу БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида нуқтаи назарларимизни самарали ифодалашимизга имкон беради.
Мунтазам равишда юқори ва олий даражадаги учрашувлар ўтказиб келинади, муассасаларо муносабатлар доимий тартибда қўллаб-қувватланади. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путин ва ҳукумат раиси Дмитрий Медведев Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини ўтиш даврида қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюрдилар.
Ўзаро ҳамкорлигимизнинг ҳозирда фаол ривожланиб бораётган муҳим йўналишларидан бири савдо-иқтисодий ҳамкорликдир. 15 февралда Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 18-мажлиси бўлиб ўтди. Унда ўзаро савдони ривожлантириш имкониятлари, транспорт-коммуникация, ёқилғи-энергетика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
2016 йил якунларига кўра Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда, республика товар айланмасининг 20%и Россия улушига тўғри келади. Ўзбекистон статистика маълумотларига асосан, ўтган йили Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган.
Россиянинг республикага киритган инвестициялари ҳажми эса кейинги 5 йилда 6 миллиард доллардан ошди. Республика ҳудудида Россия капитали иштирокидаги 900дан ортиқ компания муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ёқилғи-энергетика соҳасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган, бу ерда "Газпром", "Лукойл" каби гигант компаниялар кўп йиллардан буён самарали ишлаб келмоқда.
Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳисобланади. Ўтган йили Тошкентда Россия кунлари бўлиб ўтди, россиялик таниқли ижрочи ва жамоаларнинг чиқишлари, Россия маданиятининг буюк арбобларига бағишланган кечалар уюштирилди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳар икки томон ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Бу ерда М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда Россияда ўзбекистонлик 22 минг талаба таҳсил олмоқда, ўтган йили 4 мингдан ортиқ ўзбек абитуриентлари Россия олий ўқув юртларига қабул қилинди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Биргина сўнгги ойлар давомида икки мамлакатнинг йирик тиббиёт марказлари — Н.Блохин номидаги Россия онкологик илмий маркази ва Республика онкологик илмий маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми, Алмазов номидаги Шимоли-ғарбий федерал тиббий тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослашган кардиология маркази ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
- Шу йилнинг апрель ойида Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Москвага давлат ташрифи кутилмоқда. Давлат раҳбарлари биринчи навбатда қандай масалаларни муҳокама қиладилар?
— Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг бўлажак давлат ташрифини ўзаро муносабатларимизни янада ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор сифатида баҳолаймиз.
Асосий йўналишлардан бири савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлади. Гап инвестицион ҳамкорлик турларини кенгайтириш, талаб юқори бўлган маҳсулотларни етказиб беришни ошириш, ёқилғи-энергетика, саноат ва бошқа соҳалардаги йирик қўшма лойиҳалар, икки мамлакат хўжалик субъектлари ўртасида шартномалар тузиш ҳақида боради.
Туризм соҳасида ҳам салоҳият мавжуд — Россия ва Ўзбекистон бой тарих ҳамда маданиятга эга бўлиб, туристларни ҳайратлантирадиган жиҳатлари етарли. Айни пайтда манфаатдор муассасалар ўзаро туризм оқимини оширишга хизмат қилувчи тегишли келишувни ишлаб чиқмоқдалар.
Ўзбекистон томони таълим ва тиббиёт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Россия вазирлик, муассаса ва идоралари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда мавжуд имкониятларни ишга солишга киришишган.
- Кейинги вақтда Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги глобал, ҳукуматлараро даражадан ташқари ҳудудий тус ҳам олди. Россия ёки Ўзбекистон вилоятлари раҳбарлари иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда бевосита мустаҳкам алоқа ўрнатиш ниятида ўзаро ташрифлар уюштиришмоқда. Бундай ҳамкорлик қандай истиқболга эга? Бу каби ўзаро мулоқотлар қамровини кенгайтириш режалаштирилмоқдами ва бундай шаклдаги ҳамкорликнинг устувор жиҳатлари нимада?
— Дарҳақиқат, кейинги пайтда ҳудудлараро ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бу йўналишдаги амалий мулоқотларни ривожлантиришга ҳар икки томон қизиқиш билдирмоқда.
2016 йилда Ўзбекистон билан Россия Федерациясининг 68 субъекти ўзаро ҳамкорлик қилган. Савдо айланмасида Москва, Санкт-Петербург, Оренбург, Иваново, Челябинск шаҳарлари, Москва, Кемерово, Свердловск, Самара ва Ростов вилоятлари етакчи ўринларни эгаллади.
Икки томонлама муносабатларнинг иқтисодий ўзагини ташкил этувчи савдо йўналиши ҳақида гап борар экан, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айнан ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш эвазига шаклланади.
Ҳудудий бизнес вакилларининг фаоллиги натижасида 2015-2016 йилларда нарх кўрсаткичлари тушиб кетишига қарамасдан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини нафақат ушлаб қолиш, балки кўтаришга эришилди.
Бугунги кунда биз ҳудудлараро миқёсдаги делегациялар музокаралари кескин фаоллашганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шу йилнинг февраль ойида Новосибирск вилояти губернатори Владимир Городецкий вилоят мева-сабзавот импортчи вакиллари билан бирга Тошкентга ташриф уюштирди. Мартда Самарқанд вилояти делегацияси Татаристон ва Бошқирдистонга, Тошкент вилояти делегацияси эса Санкт-Петербургга келди. Шунингдек, Андижон вилояти делегациясининг Новосибирск вилояти ва Красноярск ўлкасига, Бухоро делегациясининг Москва шаҳри ва вилоятига ташрифи бўлиб ўтмоқда. Санкт-Петербург маданий ва ишбилармон доирасининг Тошкентга сафарига тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзаро мулоқотлар қамровини кенгайтиришда 2000 йил 19 майда имзоланган Россия Федерацияси субъектларининг Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилмалари билан ҳамкорлигини кенгайтириш ҳақидаги амалдаги ҳукуматлараро келишув ўрнига имзоланиши кутилаётган ҳудудларо ҳамкорлик ҳақидаги янги келишув ижобий роль ўйнаши мумкин. Бундан мақсад ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликнинг йўналиш ва шаклларини белгилаб олишдир.
- Сиз ўз чиқишларингизда республикада рус тилига катта эътибор қаратилиши ҳақида кўп бор айтгансиз. Ўзбекистонда рус тилини ўрганиш борасида ҳолат қандай, рус тилидаги мактаб ва синфлар кўпми? Бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Рус тили, айниқса, шаҳар муҳитида миллатлараро мулоқот воситаси вазифасини бажармоқда, телевидение, радио, босма ахборот воситалари, таълим тизимида рус тилидан фойдаланиш сақланиб қолган. Республиканинг вазирлик ва муассасаларида қонун лойиҳалари, шартномалар ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашда ўзбек тили билан бир қаторда рус тилидан ҳам фойдаланилади. Бу шубҳасиз, икки томонлама муносабатларнинг барча жабҳалари учун ижобий таъсир кўрсатади ва уни ривожлантириш учун улкан захира яратади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг маълумотларига қараганда, айни пайтда мамлакатда 450 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган рус тилида таълим бериладиган 827 мактаб фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга республикадаги ўрта махсус ўқув даргоҳларининг тенг ярмига яқинида рус гуруҳлари мавжуд. Барча 58 олий ўқув юрти ва уларнинг 14 филиалида рус тили ўрганилади. Ўз навбатида республика аҳолиси орасида рус тилини ўрганишга, рус тилидаги гуруҳларда ўқишга бўлган қизиқиш тобора ошиб бораётганини сезмоқдамиз.
Биз анъанага кўра ўз ишимизда Ўзбекистонда рус тилининг сақланиб қолиши ва ривожланиши нуқтаи назаридан алоҳида эътибор қаратамиз. 2016 йилда ушбу мақсадда Россия фан ва маданият маркази (РФММ) билан ҳамкорликда фестиваллар, рус тили ҳафталиклари, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари каби юздан ортиқ тадбирлар ўтказдик.
РФММ Ўзбекистон фуқаролари, ватандошлар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг таълим олиши учун Россия олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда мунтазам асосда танлов ўтказади. Унинг негизида ўзбек ёшларини рус тили, Россия тарихи ва маданияти бўйича синовларга тайёрлаш курслари фаолият олиб боради. Ҳар йили баҳорда Тошкентда бизнинг ҳамкорлигимизда бутун Марказий Осиё ҳудуди учун ўзига хос рус тили-филологлари форуми — "Виноградов ўқишлари" илмий-амалий анжумани ўтказилади. Ўтган йилнинг майида ушбу анжуман 12-бор ўтказилди.
- Ўзбекистон ва Россия кўплаб савдо-иқтисодий лойиҳаларидан ташқари маданият соҳасида ҳам фаол ҳамкорлик қилади: театрлар гастроллари, кинолардаги ҳамкорлик, ўзбек уста ва рассомларининг Москвадаги кўргазмалари уюштирилади ва аксинча. Бу йўналишда биринчи навбатда россиялик маданият ва санъат арбоблари томонидан қандай қизиқарли лойиҳаларни кутиш мумкин? Ўзбекистонликларнинг Россия маданиятига қизиқишлари қай даражада?
— Жавобни саволингизнинг иккинчи қисмидан бошласам. Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам бой маданият, анъана ва кўп асрлик тарихга эга. Биз бир асрдан ортиқ вақт давомида бир давлат таркибида яшадик ва бу даврда ХХ асрнинг оғир синовларини елкама-елка туриб енгиб ўтдик. Улуғ ватан урушида ғалаба қозондик, 1966 йилги Тошкент зилзиласи оқибатларини биргаликда бартараф қилдик ва фан, маданият, санъатда юксак натижаларга эришдик. Ўзбекистон ва Россия халқларининг бир-бирларига бўлган қизиқишлари шу билан асосланади.
Ўзбекистоннинг кўп миллатли оиласи таркибида ҳам яшовчи Россия халқлари маданияти ва анъаналарига бағишлаб ўтказиладиган тадбирларимиз бу ерда кенг омма эътиборини жалб этади. Булар орасида Россия куни, Масленица, Сабантуй, Славян ёзуви куни, татар ва қрим-татар ёзувларига бағишланган байрамлар, татар ва бошқирд маданияти фестиваллари бор.
Россия-Ўзбекистон маданий-гуманитар ҳамкорлиги бўйича Москвада яқинда Россия маданият вазири Владимир Мединскийнинг ўзбекистонлик ҳамкасби Маҳмуд Муродов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда хусусан, Ўзбекистон президентининг Россияга бўлажак ташрифига бағишлаб Москвадаги Пушкин номидаги тасвирий санъат давлат музейида Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат музейидаги рус авангарди асарлари кўргазмасини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
2017 йил октябрда Ўзбекистонда Россия киноси ҳафталигини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Шу билан бир қаторда Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида таниқли ўзбек ижрочилари иштирокидаги чиқишлар режалаштирилган.
- Хизмат вазифангиз тақозоси билан сиз бир неча йилдан буён Ўзбекистонда истиқомат қилиб келасиз. Ушбу мамлакат ҳақида нималар дея оласиз? Қайси ўзбек таомини ёқтирасиз?
— Ўзбекистон — мафтункор табиатга эга, афсонавий Ипак йўли марказларидан бири, машҳур ва минг йиллик тарихга эга Тошкент, Самарқанд, Хива, Бухоро каби шаҳарлари бор мамлакат. Уларнинг бари ўзининг қадимийлиги билан ҳайратга солади, нафақат алоҳида иморатлар, балки бутун бир тарихий кўча ва маҳаллалар асрлар давомида сақланиб келинмоқда.
Бутун дунёга машҳур шарқона бозорлар алоҳида эътиборга эга. Улар ҳали ҳам худди юз йиллар илгариги каби қуёшнинг илк нурлари билан уйғонади ва шириндан шакар мева-сабзавотлари, янги узилган нонларининг иси билан харидорларни чорлайди.
Ўзбекистоннинг шарқона руҳи замонавий фан ва техника ютуқлари билан уйғунлашиб кетган.
Лекин Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — бу албатта асрлар давомида аҳил оила бўлиб яшаб келаётган кўпмиллатли халқидир. Қаерга борманг, сизни қайноқ меҳр ва хурсандлик билан кутиб оладилар.
Ўзбек меҳмондўстлигининг ажралмас қисми бу шубҳасиз миллий ошхонаси ҳисобланади.
Тан олиш керак, ўзбек ошхонаси ҳақида гапириш осонмас, чунки иштаҳани очиб юборадиган палов, манти, шўрва, шашлик, лағмон, сомса каби таомларнинг номларининг ўзиданоқ сеҳрли ис таралади. Бежизга бутун дунёда ўзбек таомлари Шарқнинг энг мазали ва сифатли таомлари сифатида эътироф этилмайди.
Менинг севимли таомимга келадиган бўлсак, алоҳида бир таомни ажратиб кўрсатиш қийин. Мамлакатда биргина паловнинг бздан ортиқ турлари бор, ҳар бир ўзбекистонлик сизга Тошкент нони Самарқанд нонидан бошқача эканлигини, Жиззах сомсаси эса Бухороникидан буткул ўзгача эканлигини айтиши мумкин.
Шунинг учун барчага Ўзбекистонга ўзлари ташриф буюришларини ва ҳақиқий ўзбек паловидан баҳраманд бўлиб, бу мафтункор ўлканинг бой ва серқирра маданияти билан танишишни маслаҳат бераман.