ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Москвада Ўзбекистон маданият ва спорт вазири Фарход Жўраевнинг Россия маданият вазири ўринбосари Алла Манилова билан учрашуви бўлиб ўтди, UzbekistanToday хабарига асосан.
Учрашувда 2017 йилдаги маданий ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди. Хусусан, Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи фондида сақланаётган санъат асарлари иштирокида Москвада Пушкин номли Давлат санъат музейида кўргазма ўтказиш муҳокама қилинди.
Фарход Жўраев 2017 йилда Ўзбекистон Россияда "Ўзбекистон кунлари" тадбири ўтказишга тайёр эканлигини хабар қилди. Шунингдаек иккала томон Россия ва Ўзбекистоннинг етакчи театр коллективларининг ўзаро гастроллари ташкил қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.
Игорь Витальевич Савицкий санъат оламида "Ўрта Осиё Третякови" деб ном олган. Киевда туғилган Москвада таълим олган, санъатшунос Савицкий 1950 йилларда Қорақалпоғистонга кўчиб ўтади. У ерда у қишлоқма-қишлоқ юриб қорақалпоқ амалий санъати намуналари ва бошқа қадимий буюмларни тўплайди. Шунингдек, Савицкий совет иттифоқида таъқиқ остида бўлган "рус авангарди" оқимига мансуб юзлаб санъат асарларини бутун Иттифоқдан Нукусга жамлашга муваффақ бўлади. Бир неча йил ўтиб санъатшунос ўз коллекциясини Нукус музейи ихтиёрига топширади.
Бугунги кунда Нукус санъат музейи “рус авангарди” коллекциясининг аҳамияти ва миқдори жиҳатидан Санкт-Петербургдаги Рус музейидан кейин дунёда иккинчи ўринда туради. Ундан ташқари Савицкий музейи фондида қорақалпоқ халқ амалий санъати асарлари, қадимий ва ўрта асрлар Хоразм санъати, 1920—30-йиллар ўзбек ва рус тасвирий санъати, қорақалпоқ замонавий ранг-тасвири ва ҳайкалтарошлиги, илмий-маърифий бўлимлар ва кутубхона мавжуд. Музей фондида 85 мингтадан ортиқ экспонат жамланган.