ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида Россотрудничество вакиллари ва Тошкент рус тили ва адабиёти ўқитувчилари бирлашмаси раиси Наталья Петрухина иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида ваколатхона ва ЎзДЖТУнинг 2017 йилдаги ўзаро ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети қошида рус тили маркази ташкил этиш, Россия ва Ўзбекистон мутахассислари иштирокида қўшма тадбирлар ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, талаба ёшларнинг таржимашунослик бўйича билим ва тасаввурларини кенгайтириш борасида ушбу йўналишда россиялик экспертлар иштирокида тадбирлар ташкил этилади.
Томонлар маданият ва спорт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ишларни давом эттиришга — талабалар фестиваллари, спорт мусобақалари ўтказиш, Россия вилоятлари бўйлаб саёҳатларга чиқиш, рус халқи тарихи, маданияти ва анъаналари билан танишиш имконини берувчи ёшлар лойиҳаларида иштирок этишга келишиб олдилар, деб хабар беради Россотрудничество матбуот хизмати.
Учрашув доирасида меҳмонлар ўқув юрти ва университет кутубхонаси билан танишишди.
Томонлар таълим ва фан соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Жаҳон тиллари университети ва Россия олий ўқув юртлари билан алоқалар мустаҳкамланишини қўллаб-қувватладилар.