ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. 2016 йилда икки мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Россиянинг турли олий ўқув юртларига қабул қилинди, деб хабар берди Россотрудничествонинг республикадаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика.
"2016 йилда 2079 нафар ўзбекистонлик абитуриентлар Россиянинг турли олий ўқув юртларига киришди, улардан 142 нафари Россия ҳукумати квотаси асосида Россиянинг Тошкентдаги фан ва маданият марказида имтиҳондан ўтишди", — деди Шулика.
У Тошкентдаги марказда кўнгилли асосда Ўзбекистон ёшларини Россия ОЎЮга киришга тайёрлаш ташкил этилганини эслатиб ўтди. Жорий ўқув йилида РФММда Россиянинг 35та олийгоҳи вакиллари имтиҳон ўтказишди. Россотрудничествонинг маълумотига кўра, ўзбекистонлик талабалар орасида Қозон давлат университети, Узоқ Шарқ федерал университети ва Россия халқлар дўстлиги университетида ўқишга қизиқиш юқори.
Шулика икки мамлакат гуманитар ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида Россияда ўзбек талабалари учун рус тили ва адабиёти йўналишларида таълим олишни квоталаштиришни истисно қилиш лозим деб ҳисоблайди.
Россотрудничествонинг маълумот беришича, Россияда айни пайтда Ўзбекистондан 23 минг талаба таҳсил олади, Тошкентда эса Ломоносов номидаги МДУ, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ва Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети филиаллари фаолият кўрсатади. 2015 йилда Россия ўқув юртларига РФММ орқали бир ярим мингдан ортиқ талаба қабул қилинган бўлиб, улардан 180 нафари Россия ҳукумати квоталари асосида ўқишга кирган.
Россотрудничество федерал агентлиги 2008 йил сентябрда ташкил этилган. Агентлик халқаро алоқалар, гуманитар йўналишдаги узвий ҳамкорлик ва Россиянинг хориждаги ижобий нуфузини ошириш мақсадида ташкил қилинган.