ТОШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Марказий сайлов комиссиясининг бугунги мажлисида 401 нафар хорижий кузатувчи ва 42 нафар журналист аккредитациядан ўтказилди.
"Ўзбекистон президенти сайловида аккредитациядан ўтган кузатувчиларнинг умумий сони 785 нафарни, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 1 299 нафарни ташкил этмоқда", - дейилади МСК баёнотида.
Рўйхатга олинган кузатувчилар орасида ЕХҲТ ДИИҲБ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, МДҲ, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси каби ташкилотлар ҳамда бир қатор хорижий давлатлар вакиллари бор.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови 9 июль кунига белгиланган. Президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 28 июнь-5 июль кунлари бўлиб ўтади. Ташқи ишлар вазирлигининг МСКга келиб тушган тақдимномасига асосан 39 та Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилди.
Президентликка Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партиясидан Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилган. Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 7 июндан бошланган.