ТОШКЕНТ, 14 авг - Sputnik. Шу йилнинг 17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи кутилмоқда. Тожикистон етакчисининг Ўзбекистонга сўнгги расмий ташрифи бундан 17 йил аввал амалга оширилган.
"Ушбу воқеа, шубҳасиз, ўзбек-тожик муносабатларида алоҳида аҳамият касб этади ва икки томонлама мулоқотлар мавзусининг бутунлай янгича сифатини намойиш қилади", дейилади Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маркази раҳбари Бахтиёр Мустафоев таҳлилий мақоласида.
Мустафоевга кўра, бу галги ташриф икки биродар халқларнинг самимий истак ва интилишларини, ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорлик йўлидан бориш ниятини ифодалайди.
Мулоқот асоси
Икки халқни умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат ҳамда яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Бу яқинлик Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар учун мустаҳкам замин, асосий тамойил бўлиб хизмат қилади.
Дипломатик алоқалар ўрнатилган 1992 йилдан буён икки мамлакат ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада юздан ортиқ шартнома ҳамда келишувлар имзоланган. Бу ҳужжатлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини қамраб олди ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда биргаликдаги ҳаракатларни мустаҳкамлаш учун асосга айланди.
1993 йил 4 январда имзоланган Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2000 йил 15 июндаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномада икки томонлама муносабатларнинг асосий тамойиллари белгилаб қўйилган. Булар: мустақиллик ва давлат суверенитетини ўзаро ҳурмат қилиш, тенгҳуқуқлилик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, давлат даражасида ҳам, хўжалик юритувчи субъектлар даражасида ҳам ўзаро манфаатли иқтисодий шерикчилик алоқаларини ўрнатишга интилиш.
Янги саҳифа
Ўтган қисқа давр — бир ярим йил ичида ўзбек-тожик муносабатларини мустаҳкамлаш учун жуда кучли туртки берилди. Улкан ўзгаришлар содир бўлди. Ўзбекистон етакчисининг 2018 йилда давлат ташрифи мақомида амалга оширилган Тожикистонга сафари билан икки томонлама алоқалардаги янги саҳифа очилди.
Душанбеда дўстона муҳитда олиб борилган музокараларнинг конструктив руҳи сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда катта миқёсдаги икки тарафлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш омили бўлди. Бугун ҳар икки мамлакат раҳбарлари кўп томонлама шерикчиликни изчиллик билан ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қатъий хоҳиш, шунингдек, янги марраларни елкама-елка туриб забт қилишга бўлган интилишни намоён этмоқда.
Ўзаро дўстона алоқалар аниқ амалий қадамлар билан бойитилган ҳолда, ўсиб борувчи траектория бўйлаб ривожланмоқда. Халқаро кузатувчилар "ёриб чиқиш" сингари таърифларни тобора кўпроқ ишлатишяпти. Ҳамкорликнинг янги саҳифаси икки халқ манфаатлари йўлидаги янги мақсадлар ва истиқболлар билан тўлган.
Сиёсий ирода кучи
2016 йил сентябрдан то шу кунга қадар Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари олти марта учрашдилар, бир қатор телефон сўзлашувлари амалга оширилди. Мулоқот характери кўп жиҳатдан Президентлар ўртасида шаклланган ўзаро ишончдан келиб чиқади. Бу жиҳат давлатлар етакчилари бир-бирларига "азиз биродарим" дея мурожаат қиладиган норасмий муносабатда ҳам намоён бўлади.
Юқори даражада ўрнатилган очиқ, самимий мулоқотлар ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш учун мустаҳкам пойдевор қўйди.
Йўналишлар бўйича алоқалар
Қонун чиқарувчи идоралар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш мақсадида 2017 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Тожикистон Парламенти билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳи тузилди. Яқин вақт ичида унинг илк йиІилишини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шу йил май ойида Тошкентда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан Тожикистон ИИВ раҳбари Раҳимзоданинг учрашуви ўтказилди. Терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдосига қарши курашиш, тезкор ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Экстремистик ва террорчилик тузилмалари фаолиятига қарши туриш бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар қўшма режаси имзоланди.
Тинчлик ва барқарорликка нисбатан таҳдидларга қарши туришда махсус хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Июнда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди.
7 августда Ўзбекистон ва Тожикистон мудофаа вазирлари А. Азизов ва Ш. Мирзо Тошкентда учрашиб, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик, ҳарбий-техникавий йўналишда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишларини муҳокама қилдилар. Бу борада биргаликдаги ҳаракатлар режаси имзоланди.
Ҳар икки томон бугунги кунда юзага келаётган хавфсизликка таҳдидларга қарши курашда давлатлараро ҳамкорлик мустаҳкамланиши, шунингдек, Афғонистондаги вазият тезроқ барқарорлашишидан манфаатдорлигини билдирмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон якдиллик билан умумий фаровонлик ва тараққиётга эришиш мақсадларида минтақа доирасида биргаликда ҳаракат қилиш ниятини намойиш этяпти.
Ягона нуқтаи назар
Тожикистон Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватламоқда. Шу йил март ойида Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Биринчи маслаҳат учрашувида Президент Имомали Раҳмоннинг қатнашиши бунинг тасдиғи бўлди.
Шу билан бирга, Тожикистон БМТ Бош Ассамблеясининг "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" резолюциясини қабул қилиш, ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ва ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаатини қабул қилиш, шунингдек, 2020 йилда ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини Ўзбекистонда ўтказиш борасидаги Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларни тўла қўллашини билдирди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон сув-энергетика ресурсларидан минтақа мамлакатлари манфаатлари билан ҳисоблашган ҳолда оқилона ва тенглик асосида фойдаланиш зарурати ҳақида бир тўхтамга келди. Хорижий экспертлар қайд этганидек, ушбу йўналишдаги ўзбек-тожик муносабатларининг конструктив характери Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича минтақавий ҳаракатларга фаоллаштирувчи таъсир этиши мумкин.
Ўзбекистон Тожикистоннинг МДҲдаги раислигига юқори баҳо беради. Тошкент ва Душанбе МДҲни ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида ривожлантириш, уни барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашнинг долзарб муаммоларини ечиш бўйича самарали ва таъсирчан майдонга айлантириш тарафдори. Муҳим йўналишлар бўйича қарашларда уйғунлик юзага чиқмоқда. Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг Гиёҳвандликка қарши курашиш марказини ташкил этиш ҳақидаги Тожикистон ташаббусининг қўллаб-қувватланиши шунга далолатдир.
Географик жойлашувни инобатга олиб айтиш мумкинки, икки мамлакат Афғонистондаги можарони ечишда муҳим роль ўйнайди. Душанбе Афғон инқирозини ҳал қилиш бўйича расмий Тошкент позициясига қўшилади. Шу йил мартда Афғонистон бўйича юксак даражада ташкил қилинган халқаро анжуманда Тожикистон ТИВ раҳбарининг иштироки бунинг ёрқин исботидир.
Товар айланмаси ўсмоқда
2017 йил якунларига кўра, товар айланмаси 240 миллион долларни ташкил қилди. Бу сўнгги 20 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.
2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2017 йилнинг шу давридагига нисбатан 35 фоиз ўсган. Ўзбекистонда тожик бизнеси вакиллари иштирокидаги 24 корхона фаолият кўрсатмоқда, Тожикистонда эса юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган 9 та корхона бор. 2017 йилда Тожикистонда Ўзбекистоннинг 6 та “Савдо уйи” очилди. Шу йил февраль ойида Тошкентда Тожикистоннинг “Савдо уйи” иш бошлади.
Ҳар икки тараф манфаатларини ифодаловчи комплекс масалаларни ҳал қилишда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали восита бўляпти. Ўзбек-тожик ишбилармонлар кенгаши ўзаро савдони кенгайтириш учун янги йўллар изламоқда.
“Тошкент” Республика фонд биржаси (UZSE) ва Марказий Осиё фонд биржаси (CASE, Тожикистон) ўртасида йўлга қўйилган алоқалар икки давлат орасида инвестициявий каналлар очиш учун биржа савдоларини ўтказиш бўйича ягона майдонни шакллантиришга ёрдам бермоқда.
Энди тўсиқлар йўқ
Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви ва сертармоқ транспорт инфратузилмаси Тожикистонга ташқи бозорларга чиқиш йўлларини диверсификациялаш имкониятларини очади. Умумий транспорт-коммуникация салоҳиятини тўлиқ ишга солиш нафақат ўзаро савдони ўстиришга ёрдам беради, балки минтақалараро даражада гуманитар алоқаларни мустаҳкамлайди ҳам.
Шу йил май ойида Тошкент — Хўжанд — Тошкент йўналишида халқаро автобус қатнови йўлга қўйилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси икки давлат фуқаролари манфаатларини кўзлаб авиачипталар нархини икки марта арзонлаштирди. Душанбе билан Самарқанд ва Бухоро ўртасида авиақатновлар ҳам қайта тикланмоқда.
Шу йил март ойида тўққизта назорат-ўтказиш пунктининг очилиши ва виза тартибининг бекор қилиниши катта воқеа бўлди. Икки мамлакат фуқаролари бу қарорни кўтаринки руҳ билан қарши олди. Ҳис-ҳаяжонини яшира олмаган бу одамлар ўз изоҳларида "ниҳоят изтиробларимиз якун топди", "бўлаётган воқеалар ҳаммани шодлантирди", "ўзгаришлар қалбларда умид уйғотмоқда", деб ёздилар. Йиллар давомида тўпланган энг оғриқли масалалар ҳал бўлди. Шубҳа йўқки, бу ишлар Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли юз берди.
Маданиятлар бирлашуви
Ўзбек халқининг маданий меросини тожиклар эъзозлашади. Тожик маданияти дурдоналари эса ўзбеклар томонидан ҳамиша қадрланган. Ўзбеклар ва тожиклар хурсандчиликда ҳам, ғамда ҳам доимо бирга бўлганлар. Бу икки тилда сўзлашувчи бир халқдир.
Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан учрашувда қайд этганидек, "Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини биродарликнинг ўзига хос ришталари боғлаб туради. Асрлар мобайнида ёнма-ён яшаб, улар тарихий маънавий илдизлар, маданиятлар, анъаналар, одатларнинг уйғунлиги билан боғланган. Уларни бир-биридан айри ҳолда тасаввур қилишнинг ўзи кўнгилни хира қилади". Бу сўзларда икки биродар халқларнинг орзу-истаклари мужассам.
Буюк мутафаккир шоирлар Навоий ва Жомий, Абдурауф Фитрат ва Садриддин Айний, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Абдулла Орипов ва Лойиқ Шерали ўзбеклару тожикларнинг самимий ва соф дўстлигини тараннум этганлар.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ҳайкал ўрнатилиши Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Душанбеда Алишер Навоий номидаги хиёбон очилиб, у ерда ҳам худди шундай ёдгорлик ўрнатилиши режалаштириляпти. Сергели туманида барпо этилаётган Тошкент метрополитени станциясига атоқли шоир, Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзоданинг номи берилиши кўзда тутилмоқда.
Кўзга кўринган маданият ва санъат арбоблари ҳамиша халқларнинг маданий-ижодий бойишига хизмат қилган. Икки маданият бир-бирига шу қадар боғланиб кетганки, бирор ўзбек тўйи тожикча қўшиқсиз, тожик тўйи эса ўзбекча ялласиз ўтмайди.
Икки мамлакат маданият ва санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари фаоллашганини ҳам мамнуният билан қайд этишни истардик. Бу гастроллар, ижодий учрашувлар узоқ кутилганди. Шу йил август ойида Тожикистондан келган дўстлик делегацияси Тошкент ва Самарқандда бўлди. Ўзбек ижодий гуруҳлари Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон автоном областида ўтказиладиган “Дунёнинг устуни” этнофестивалида илк бор қатнашдилар.
Ўзбекистонда бутун республика бўйлаб 10 та тожик миллий маданий марказини ўзида бирлаштирган Республика тожик миллий маданий маркази муваффақият билан фаолият юритмоқда. Таълим тожик тилида олиб бориладиган 245 та мактаб (улардан 55 тасида дарслар тўлалигича тожикча ташкил қилинган) ишлаяпти. Самарқанд, Термиз ва Фарғона университетларида дарслар тожик тилида ўтиладиган гуруҳлар мавжуд. Тўртта даврий матбуот нашри, бешта теледастур ва 30 радиодастур тожик тилида тақдим қилинади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам тожик ҳукуматининг этник ўзбек Тожикистон фуқароларига тенг шароитлар яратиш, миллий маданият ва унинг ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантириш бўйича ҳаракатларини қадрлайди.
Маданий-гуманитар алоқалар спорт ва таълим йўналишларини ҳам қамраб олган. Хусусан, шу йил апрелда Ўзбекистон ва Тожикистон олимпия қўмиталарининг ҳамкорлиги тўғрисида Битим имзоланди. Самарқанд давлат университетининг академик М. Осимий номидаги Тожикистон техника университети билан ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбек-тожик муносабатларидаги туб ўзгаришлар нуқтаи назаридан қараб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бўлиб ўтиши кутилаётган Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг учрашуви давлатлараро алоқаларни янги стратегик даражага олиб чиқади ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб беради.