ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида Тожикистон парламентининг Мажлиси намояндагон палатаси раиси Шукуржон Зуҳуровни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон президентининг Тожикистонга давлат ташрифи ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани, томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича якдил келишувларга эришилгани қайд этилди.
Олий даражада имзоланган ҳужжатларни ратификация қилиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига тўталиб ўтилди. Қонун чиқарувчи органлардаги дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, ўзаро ташрифлар ва тажриба алмашинувни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистонга келди. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида 25дан ортиқ ҳужжат имзоланди.