ТОШКЕНТ, 10 дек – Sputnik. Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик ходимлари кунида нутқ сўзлар экан, бугунги кунда Ўзбекистон агар соҳасининг энг асосий 4 муаммосини санаб ўтди, деб хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Чекланган ер ресурсларидан фойдаланиш муаммоси
Ердан унумли фойдаланиш ва уни талон-тарож қилишнинг олдини олиш – энг муҳим вазифалардан биридир.
“Мамлакатимизда суғориладиган ерлар атиги 3 миллион 300 минг гектар бўлиб, уни кўпайтиришнинг ҳеч иложи йўқ. Чунки бизда сув ресурслари чекланган. Аҳолимиз эса – йилдан-йилга кўпайиб бормоқда”, — деб муаммонинг негизига ойдинлик киритди президент.
Жойларда қатъий назорат йўқлиги оқибатида суғориладиган ерларни фермерлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан сотиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари, афсуски, давом этмоқда.
Жорий йилнинг ўзида 20 дан ортиқ туманда, жумладан, Бўз, Ангор, Навбаҳор, Жомбой, Оҳангарон ва бошқа туманларда суғориладиган ерлар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Бундай нохуш ҳолатларни деярли барча вилоятларда кузатиш мумкин.
Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги мавжуд 700 минг гектарга яқин лалми ернинг бор-йўғи 300 минг гектарига ғалла ва мойли экинлар экилмоқда. Қани, айтинглар, қолган 400 минг гектар ердан нега фойдаланмаймиз?
Бундай майдонларни ўзлаштириш, уларни мунтазам равишда деҳқончилик экинлари экиладиган ерларга айлантириш осон бўлмайди, деб ўтирсак, ўтираверамиз.
Ҳолбуки, бугунги вазият барчамиздан ташаббус кўрсатиб, жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш, фидойилик билан меҳнат қилишни талаб этмоқда.
Бундай эзгу ишга қўл урган фермер ва деҳқонларимизга биз ҳар томонлама кўмак беришга тайёрмиз.
Ўзингизга маълум, ҳар қарич ер – давлатнинг, демакки, халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Ундан ноқонуний, ўзбошимчалик билан фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Афсуски, ана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етмаган ёки тушунишни ва унга амал қилишни истамаётганлар ҳамон учраб турибди.
“Ергеодезкадастр” қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида жорий йилда 3 минг 600 га яқин фермер хўжалиги ғалла ва пахтани шартномада қайд этилганига нисбатан 19 минг гектар ерга кам эккани аниқланган. 833 та фермер хўжалиги эса 13 минг гектар ерда пахта ва ғалла етиштириш бўйича шартнома тузган бўлса-да, амалда бу экинларни умуман экмаган.
Унумдор ерларни сотаётган, ноқонуний тарзда уй-жой қуриб олаётган, шартномада кўзда тутилган экинларни экишдан бўйин товлаётган фермерларга нисбатан қатъий чоралар кўрадиган ва қонуний баҳо берадиган вақт келди.
Эскирган суғориш иншоотлари муаммоси
Иккинчидан, суғориш иншоотлари эскириб, тармоқлар яроқсиз ҳолга келиб қолгани оқибатида 830 минг гектар ерни суғоришда қийинчиликлар юзага келмоқда.
Бундан ташқари, 1 миллион 300 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, 18 минг километр коллектор ва дренаж тармоқларини босқичма-босқич тозалаш лозим. Шунингдек, 103 та йирик, 720 та ўрта ва кичик сув иншоотлари янгилаш ва таъмирлашга муҳтож.
2017-2018 йилларда бу тадбирлар учун давлат бюджетидан 1,5 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 150 миллион доллар маблағини йўналтириш режалаштирилган. Бироқ шуларнинг ўзи билан соҳадаги мавжуд муаммоларни тўлиқ ҳал этиб бўлмайди.
Мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида ҳам кўплаб ишларни амалга оширишимиз зарур. Бу борада сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш керак.
2018-2019 йиллар давомида Тошкент вилоятида жами 44 миллион куб метр сув йиғиладиган “Паркентсой”, “Қизилсой”, “Тоштепа” сув омборлари қурилади. Шу тариқа Паркент ва Оҳангарон туманларида 5 минг гектар лалми ерларни ўзлаштириш имконияти яратилади.
Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Караман” сув омбори ишга туширилгач, 20 минг гектар ер ўзлаштирилади.
Қашқадарё вилоятида “Гулдара”, “Аяқчисой”, Самарқанд вилоятида “Булунғур” сув омборларини қурсак, бу қўшимча равишда 2 минг гектар экин майдонларини ўзлаштириш, 2 минг 300 гектар ерда сув таъминотини яхшилаш имконини беради.
Навоий вилоятидаги “Сентобсой”, Наманган вилоятидаги “Қорасув”, “Ертикан”, “Уйчи” сув омборлари қарийб 2 баробар кенгайтирилади.
2018-2019 йилларда ирригация тармоқларини ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастурига мувофиқ, келгуси икки йилда 1 минг 86 километр узунликдаги каналлар бетонлаштирилиб, 661 километр лотоклар янгидан бунёд этилади. Шунингдек, 109 та йирик гидротехник иншоотлар қурилади ва янги насос станциялари ўрнатилади.
Ана шу тадбирларни амалга ошириш натижасида 1 миллион 200 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланади.
Энг асосийси, йилига 1 миллиард 700 миллион куб метр сув тежалади ва 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Соҳада катта натижага эришмоқчи бўлсак, биринчи навбатда ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз, тупроқ унумдорлигини оширишимиз керак.
Яроқсиз қишлоқ хўжалик техникаси муаммоси
Ҳозирги пайтда мамлакатимиздаги 146 минг 295 та қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган, яъни бутунлай эскирган.
Айниқса, мева ва сабзавотчиликка ихтисослашган туманлар боғ ва токзорларга ишлов бериш, сабзавот экиш, парваришлаш ва йиғиб олишга мўлжалланган техникалар билан бор-йўғи 34 фоиз таъминланган, холос. Бу меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорликнинг пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 16 минг 495 та қишлоқ хўжалиги техникаси етишмаслиги аниқланган. Бунинг оқибатида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишнинг имкони бўлмаяпти ва шунинг учун пировард натижада кутилган самарага эришилмаяпти.
Бош вазир ўринбосарлари Зойир Мирзаев, Жамшид Қўчқоров ва Нодир Отажоновга қишлоқ хўжалиги техникасини юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, зарур ҳолларда уларни хорижий давлатлардан сотиб олиш учун молиявий манбаларни аниқлаш масалаларини ҳал этиш бўйича жорий йил 20 декабрга қадар аниқ ва амалий таклифлар киритиш вазифаси топширилади.
Илм-фан ютуқлари ва қишлоқ хўжалигининг бир-биридан ажралиб қолгани
Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда илм-фан ҳаёт талабларидан орқада қолаётгани жиддий муаммолардан биридир.
Бугунги куннинг энг асосий муаммолардан бири бу – қишлоқ хўжалигида илм ва амалиётнинг бир-биридан узоқлашгани ва аксарият ҳолларда узилиб қолганидир.
Бир ҳақиқат барчамизга яхши маълум: илм ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш ва, умуман, бирор-бир соҳанинг келажаги бўлмайди.
Соҳада замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрлар етишмаётганини ҳам тан олишимиз керак. Айниқса, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж катта.
Чорва молларининг зотини яхшилаш, паррандаларда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича илмий изланишлар деярли олиб борилмаяпти.
Яқин вақтгача чорвачилик соҳасида етакчи бўлиб келган юртимизда бугун зотдор молларни фақат четдан олиб келиш билан чекланиб қолаётганимизни нима билан изоҳлаш мумкин?
Бундай эътиборсизлик ва соҳанинг эртанги ривожини ўйламасликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Ана шу ҳолатларнинг барчасини инобатга олиб, соҳага илмий ёндашувни ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимиин йўлга қўйиш мақсадида юртимизда Ветеринария институтини ташкил этишнинг фурсати келди, деб ҳисоблайман.
Хабарингиз бор, биз яқинда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳаётимизга янги инновацион технологиялар жорий этиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида Инновацияларни ривожлантириш вазирлигини ташкил этдик. Ушбу вазирлик бу борада алоҳида дастур ишлаб чиқиб, қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор технологияларни жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириши ғоят муҳим масаладир.
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини чуқур таҳлил қилган ҳолда, узумнинг саноатбоп навлари, лимон ва мевали дарахт кўчатлари етиштириш – ҳозирги давр талабидир. Афсуски, ушбу институтнинг айни пайтдаги ҳолати бугунги мезон ва талабга мутлақо жавоб бермайди.
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси негизида Лалмикор деҳқончилик институтини ташкил этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Бундай илмий-тадқиқот маркази лалми ерлардан самарали фойдаланиш бўйича замонавий илмий изланишларни янада кенгайтириш имконини яратади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш учун барча даражадаги раҳбарлар, айниқса, туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари масъулиятини кучайтириш талаб этилади.
Вазир бўладими, вилоят ёки туман ҳокими бўладими – барча раҳбарлар қишлоқ хўжалиги масалалари, яъни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташаббус кўрсатиб ишлаши, энг муҳими, натижадорликка эришмоғи шарт.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида номига, кўзбўямачилик билан иш юритиб, натижага эришиб бўлмайди.
Масалага ана шу нуқтаи назардан қараган ҳолда, ишдаги нуқсон ва камчиликлари учун Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимларини, бир қатор вазирлар ва туманлар ҳокимларини алмаштиришга тўғри келди.
Вақтида олди олинмаса, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашилмаса, бундай жиддий камчиликлар қишлоқ хўжалиги унумдорлиги ва натижадорликка салбий таъсир кўрсатишини барча раҳбарлар яхши тушуниб етиши зарур.
Юқорида айтилган режа ва дастурларни амалга ошириш учун бизда куч ва имкониятлар, билим ва тажриба етарли. Гап фақат ишни фидойилик ва омилкорлик билан, тўғри ва самарали ташкил этишимизга боғлиқ.
Шавкат Мирзиёев нутқининг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.