ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Бу қишлоқ аҳли учун оддий воқеа эмас. Гап шундаки, Облонобод каби қир-адирлар оралиғида жойлашган аҳоли масканларида ҳар бир хонадон ичимлик сувига эга бўлиш учун камида беш миллион сўм маблағ сарфлаб, чуқурлиги 45 метрлик қудуқ қаздириши керак, деб ёзади "Зарафшон" мухбири Анвар Мустафоқулов.
Агар хонадон эгасининг омади чопсагина, ана шунча чуқурликдан биринчи сув қатламига дуч келинади. Афсуcки, ҳеч қандай гидрогеологик хулосаларсиз бошланган бу иш баъзан муваффақиятсиз тугайди.
– Қишлоғимизга сув иншооти қурилмасидан бир неча йил олдин ўзимиз беш миллион сўм пул сарфлаб, ҳовлимиздан қудуқ қаздирган эдик, – дейди облонободлик Содир Кўбаев. – Минг афсуcки, йилнинг энг иссиқ даврида сув сатҳи пасаядими, хуллас, қудуғимиздан сув чиқмай қолади. Бундан ташқари, қудуқдан сув олиш учун албатта мотор ва насос керак. Улар эса электр энергияси бўлмаган вақтда ишламайди. Биз учун ўрнатиб берилган сув иншооти жуда катта қулайлик келтирди. Ҳозир худди ҳар бир хонадонга сув тармоғи тортилган. Мабодо электр энергиясида узилиш бўлса ҳам иншоотдаги 25 тонналик сув захираси яна электр токи келгунига қадар етиб туради.
Туманда ичимлик суви муаммо бўлиб турган қишлоқлар ҳам бор. Қўрли қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Кулчара-қирғовул ва Тўла қишлоқларида бўлганимизда худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик.
Кулчара-қирғовул қишлоғида ҳам аҳвол шундай бўлиб, 40 метр чуқурликдан қудуқ қазганлар ҳам электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли ичимлик суви чиқаришга қийналмоқда. Жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасидан бир гуруҳ депутатлар туманга ташриф буюрганда "Сувоқова" давлат унитар корхонаси Иштихон филиали раҳбарига депутатлик сўрови юборилган. Ушбу сўровларда Зарбанд, Қўрли, Ҳақиқат, Миришкор каби қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги аҳоли пунктларида ичимлик суви муаммоси тилга олинган.
Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда биргина Зарбанд қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 25 та қишлоқда 21 минг нафардан зиёд аҳоли бўлиб, фақат тўққиз қишлоқда сув иншоотлари мавжуд. Қолган аҳоли эса қудуқ сувидан истеъмол қилмоқда. Айрим қишлоқларда аҳоли ариқ сувини тиндириб, истеъмол учун ишлатмоқда.
Афсуски, 2017 йил учун берилган таклифларимиз асосида қурилиши кутилаётган сув иншоотлари амалга ошмайдиган бўлди. Мисол учун, Қўрли қишлоқ фуқаролар йиғинида иккита, Зарбанд қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида битта сув иншооти қурилиши манзилли дастурга киритилган. Унинг қурилиши бўйича тендер эълон қилинди, лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳам тайёрланди. Аммо тендерга икки кун қолганида вилоят инжиниринг компанияси томонидан лойиҳа бекор қилингани ҳақида хабар келди. Бу ҳақда барча тегишли ташкилотларга, хусусан, туманимизга келиб, ичимлик сув бўйича аҳолидан кўплаб шикоятлар қабул қилиб олган Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам мурожаат қилдик. Ҳозирча бирор янгилик бўлгани йўқ.
Туман марказида бўлганимизда ичимлик суви билан боғлиқ яна бир муаммога дуч келдикки, нафақат туман ёки вилоят, балки республиканинг кўплаб ҳудудларида ана шу муаммо аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин.
"Уч ойдан бери маҳалламиз ичимлик суви тармоғидан узилгани учун бир оёғим туман "Сувоқова" корхонасида, – дейди туман марказида яшовчи фуқаро Қаҳрамон Намозов. – Ҳудудимиз икки дарё оралиғида, Миёнқол ер ости денгизининг шундоққина устида жойлашгани сабабли ер ости суви жуда яқин. Шу боис барча осонгина тарзда қўлбола босма кранлардан фойдаланмоқда. Марказлашган ичимлик суви тармоғининг узиб ташлангани кишиларни ташвишга солгани йўқ. Гўёки битта пулли хизмат камдек. Аммо бор-йўғи етти-саккиз метр чуқурликдан олинаётган бу сув истеъмол учун хавфсиз ҳисобланмайди".
Ушбу ҳолат бўйича "Сувоқова" давлат унитар корхонаси Иштихон туман филиали раҳбари Р.Шукруллаевнинг маълум қилишича, туман марказидаги бир қатор маҳаллаларда бугунги кунда марказлашган ичимлик сувини тўхтатишга тўғри келмоқда. Сабаби, ўттиз йил олдин қурилган сув тармоқлари эскириб кетган бўлиб, қувурлар ёриғидан катта миқдордаги сув оқиб кетмоқда. Хусусан, туман марказидаги Fафур Fулом маҳалласи ҳудудидаги магистрал сув тармоғи 1968 йилда қурилган.
Хуллас, Иштихонда ичимлик суви билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд. Асосийси, бу муаммолар тегишли ташкилотларнинг эътиборида. Демак, уларнинг бартараф этилишидан умид қилсак бўлади. Шуни ҳам айтиш керакки, ичимлик суви муаммоси мавжуд ҳудудларда 2017-2021 йилларда сув иншоотларини қуриш, тармоқларни янгилаш кўзда тутилган.