АҚШга ташриф: БМТ минбаридаги Ўзбекистон ташаббуслари ва 2,6 млрд $лик ҳужжатлар

© REUTERS / /Eduardo MunozПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев на Генассамблее ООН
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев на Генассамблее ООН - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди

ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18-20 сентябр кунлари Америка Қўшма Штатларида бўлди. Ушбу ташриф ҳар жиҳатдан самарали ўтди дейиш мумкин. Боиси, президентнинг ташрифи давомида кўплаб учрашувлар ташкил этилди ҳамда Ўзбекистон истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлар имзоланди.

БМТ минбарида билдирилган муҳим ташаббуслар

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлар экан, Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдори эканлигини билдирди.

"Биз Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз", деди Ўзбекистон президенти.

Игорь Николайчук - Sputnik Ўзбекистон
Сиёсий эксперт: Шавкат Миромонович барчага хуш келди

Мирзиёев Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётганлигини таъкидлади.

"Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир", деди Ўзбекистон раҳбари.

Ўзбекистон президенти ноябр ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказиладиган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилганлигини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ушбу анжуман якунида БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини киритиш мўлжалланганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев выступил на 72-й сессии Генеральной Ассамблеи ООН - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев Трамп маъмуриятининг Афғонистонга оид даъватини қўллаб-қувватлади

Президентнинг нутқида билдирилишича, Ўзбекистон БМТнинг превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Мирзиёев жаҳон жамоатчилиги эътиборини яна бир бор даврнинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири — Орол ҳалокатига қаратди.

Президент юксак минбарда туриб Орол фожиаси акс эттирилган харитани жамоатчиликка намойиш этди ҳамда денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этаётганлигини таъкидлади.

"Биз БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз", деди у.

Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазият ҳақида ҳам ўз фикрини билдирди.

"Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир", деди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёев бутун дунёда долзарб муаммога айланган терроризмга қарши кураш борасида ўз таклифларини билдирди.

"Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади, деб ҳисоблайман", деди Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев на Генассамблее ООН - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев БМТда диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилиш таклифини киритди

"Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз", деди президент.

Мирзиёев Ўзбекистон ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этишини билдирди.

Ўзбекистон президенти шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди.

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.

Бош котибнинг эътирофи

Шавкат Мирзиёев 19 сентябр куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.
Мирзиёев БМТ бош котибига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди ҳамда Стратегия доирасида давом эттирилаётган кенг миқёсли янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди.

Макет площади Регистан, подаренный Мирзиёевым ООН - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон туҳфаси: Регистон майдони макети БМТ штаб-квартираси безагига айланди

Ўзбекистон президенти БМТ Бош котибини 2017 йил 10-11 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб масалалари бўйича халқаро анжуманда шахсан иштирок этишга таклиф қилди.

Антониу Гутерриш жорий йил июн ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўрсатилган меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Самарқандда бўлиб ўтган музокаралар якунларини юксак баҳолади.

БМТ Бош котиби Ўзбекистон президентининг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини таъкидлади. Антониу Гутерришнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилди. Бош котиб ушбу ташаббусларни халқаро майдонда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини қайд этди.

Бош котиб Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

БМТ раҳбари Ўзбекистон томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Гутерриш Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратиш учун барча имкониятларини ишга солишини билдирди.

Дўстона учрашувлар

Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Болгария президенти Румен Радев билан учрашди.

Олий даражадаги мазкур учрашувда Ўзбекистон — Болгария муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатлар ҳамкорлигида янги саҳифа очиш зарурлиги, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар ўзаро манфаатли экани таъкидланди.

Ўзбекистон ТИВ биноси - Sputnik Ўзбекистон
ТИВда Грузия элчиси билан учрашув ўтказилди

Шунингдек, транспорт-коммуникация, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда шу жабҳаларда аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш мақсадида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Болгария бозорига кимё, электр техникаси, тўқимачилик ва кабел маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ўғитлар, мева-сабзавот етказиб бериши мумкин. Фармацевтика, косметика, электр техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари мавжуд.

Мирзиёев Болгария президентини ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилди.

Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор. Грузия Ўзбекистондан мева-сабзавотлар харид қилиши, виночилик соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиши мумкин.

Валюта ислоҳотларининг дастлабки натижалари

Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди.

Кристин Лагард Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор эканини таъкидлади.

Международный валютный фонд - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев Нью-Йоркда ХВЖ директори билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Учрашувда валюта ислоҳоти жараёнида давлат органлари ва тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш, савдодаги тарифларни камайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди. Давлат бюджетини профицит билан бажариш, солиқ маъмурчилиги ва давлат статистикаси соҳасини тубдан яхшилаш, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, ташқи савдо сиёсатини эркинлаштириш каби вазифаларга эътибор қаратилди.

Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали Ўзбекистон молия тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

"Ўзбекистон раҳбарияти кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу, аввало, яқинда амалга оширилган валютани тартибга солиш тизимидаги ўзгаришларга тегишлидир. Биз иқтисодиётни мустаҳкамлаш, янада кўп иш ўринлари яратиш, барқарор ва комплекс тараққиётга эришишда муҳим аҳамият касб этадиган ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни узоқ давом этади ва бу осон кечмайди. Мен иқтисодий ўсишнинг янада юқори суръатларига эришиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон билан қатъий ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлайман", деди Кристин Лагард Ўзбекистон президенти билан учрашувдан сўнг.

Инвестиции в бизнес - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон бизнес юритиш қулайлиги бўйича жаҳон рейтингида кескин юқорилади

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди.

Мазкур банк ва Ўзбекистон молия муассасалари ўртасида амалий мулоқотлар йўлга қўйилган. Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган.

Ўтган йили қабул қилинган 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига 27 та муҳим лойиҳа киритилган. Уларнинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат, шундан 3 миллиард доллари Жаҳон банки кредитларидир.

Жаҳон банки президенти Ўзбекистонда банк-молия тизимини такомиллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар бизнес ривожига хизмат қилишини таъкидлади.

Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Мирзиёевнинг ватандошларга таклифлари

Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, бу ерда яшаётган ватандошлар билан учрашуви уларга катта хурсандчилик бағишлади.

"Америка Қўшма Штатларида сиз, қадрли юртдошларимиз билан учрашиб турганимдан ғоятда хурсандман, деди Ўзбекистон раҳбари. Мен ушбу ташриф чоғида сизлар билан чин дилдан, самимий суҳбатлашишни аввалдан режалаштириб қўйган эдим.

Ватандан йироқда, мусофирчиликда ўз ўрнини топиш ва ҳақли эътироф қозониш нақадар машаққатли эканини барчамиз яхши англаймиз. Бундай катта ютуқларга эришиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Президент Республики Узбекистан Шавкат Мирзиёев 23 августа принял первого заместителя Председателя правительства Российской Федерации Игоря Шувалова - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев бизни олиб кетгани келган экан - АҚШда яшаётган Нодир Зокиров ҳикояси

Бугун сизлар билан очиқ мулоқот қилиб, сизлар билан яқиндан танишиш, мамлакатимиз олдида турган катта-катта вазифаларни амалга ошириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларингиз, таклифларингиз билан ўртоқлашиш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман".

Президент Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ, молия, кичик бизнес, туризм, тиббиёт соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар тўғрисида маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ватандошларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини мамлакат ривожига йўналтиришга даъват этди.

"Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, деди Мирзиёев. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман".

Учрашувга йиғилганлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этишди. Ватандошлар Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлашди.

Бизнес форум, 2,6 млрд долларлик ҳужжатлар ва Вебстернинг МДҲдаги илк тўлақонли филиали

Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида Нью-Йоркда Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми бўлиб ўтди.

Президент Республики Узбекистан встретился с представителями деловых кругов Америки - Sputnik Ўзбекистон
АҚШ компаниялари Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширади

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Америка — Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компанияси раҳбарлари иштирок этди. "General Electric", "Honeywell", "ExxonMobil", "CNH Industrial", "John Deere", "Coca-Cola", "Boeing", "Caterpillar", "City Group", "Visa", "AGCO", "Gilead Sciences" каби йирик корпорациялар шулар жумласидан.

Форум шўъбаларидаги музокараларда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ҳамда саноат, инфратузилма, туризм, фан ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Америкалик иштирокчилар Ўзбекистонда валютани тартибга солиш тизимига бозор механизмларини жорий қилиш, банк-молия тизимини мустаҳкамлаш, бизнеснинг солиқ юкини қисқартириш, инвесторлар учун, жумладан, республикада ташкил этилган янги эркин иқтисодий зоналар доирасида қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳоладилар.

Тадбир якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Студенты в аудитории - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда американинг Вебстер университети филиали очилади

Жумладан, "General Electric" ва "Honeywell" корпорациялари билан нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида, "CNH Industrial", "John Deere" ва "Caterpillar" компаниялари билан машинасозлик соҳасида, "OSI Systems" ва "Lutron" компаниялари билан электротехника соҳасида, "Boeing" компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбари шарафига ташкил этилган Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўтган қабул маросимида қатнашди.

Шунинг билан Ўзбекистон президентининг АҚШга ташрифи якунланди.

Янгиликлар лентаси
0