ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Ўзбекистон Республикасининг туҳфаси — Регистон майдонининг макетини топширди.
Ушбу экспонат БМТ штаб-квартирасининг энг гавжум жойларидан бирига, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилди.
Регистон майдонининг макети Ўзбекистоннинг қўли гул уста ҳунармандлари томонидан ясалган бўлиб, қимматбаҳо металл ва гўзал миллий нақшлар билан безатилган. БМТ бош котиби ўринбосари Жен Бигл шундай гўзал ва теран мазмунга эга туҳфа учун Ўзбекистон президентига чуқур миннатдорлик билдирди.
Тадбирда шунингдек, Бош Ассамблея сессиясига келган дипломатлар, БМТ ахборот маркази ходимлари қатнашди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Регистон Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Самарқанд шаҳрининг рамзига айланган. Мажмуа 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Регистон бугунги кунда ҳам дунё сайёҳларини ўзига тортмоқда. Бу ерда ўтказиладиган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали унинг довруғи ва халқлар дўстлигидаги аҳамиятини янада оширмоқда.