ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди.
Мирзиёев таклиф аЎзбекистон бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди.
Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади", — деди Ўзбекистон президенти.
Мирзиёев шунингдек, Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтди.
"Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик", — деб таъкидлади Мирзиёев.
"Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман.
Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат", — деб ўз нутқини давом эттирди президент.
Мирзиёевга кўра, ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.