ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига роса 27 йил бўлмоқда. Мустақилликдан олдин, ҳатто, Мустақиллик ҳақидаги декларациядан ҳам олдин ўзбек тилига давлат тили берилишида рамзийлик борга ўхшайди. Чунки миллат озод бўлиши учун аввало ўз орини, шаънини англаб етиши керак. Тил эса миллат учун ор-номуснинг асосий устуни.
Масалан, адабий тилимизнинг таъсирчанлиги талаб даражасида эмас. У ёзма шаклга эга бўлиб қолган. Овоз чиқариб ўқилганда ўта расмий ва ҳиссиз туюлади.
Ўзбек тилида ишланаётган аксарият сериаллар, киноларнинг жуда оммалашмаётганининг бир жиҳати ҳам шундан – улар адабий тилда яратилади. Адабий тил, айтилди, ўз оҳангини йўқотган, жарангламайди, ҳис-ҳаяжонни тўлиқ беролмайди. Расмийликка, китобийликка айланган. Фақат таржима киноларда, сериалларда бадиий тилни яхши қабул қиламиз. Назаримизда буни ўша – чет элликлар гапираётгандай туюлади-да.
Албатта, кейинги пайтларда бу борада ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлмоқда. Секин-асталик билан адабий тилда ҳам ҳиссиёт, туйғуни ифодалашни ўрганяпмиз. Бундан тўрт-беш йил бурун ҳам хусусий киноларда лаҳжалар, бошқа тиллардан олинган сўзлар орқали туйғуни ифодалашга ҳаракат қилинар эди.
Айб адабий тилда эмас, гап унинг товарга айланиб қолганида. Ҳозирда сон-саноқсиз кишилар гап-сўзни сотиб кун кўради. Уларнинг барчаси ҳам ўзлари қурол қилиб олган бу унсурни тўлиқ билади, деб бўлмайди.
Адабий тил ишлатилганда нутқнинг равонлиги, силлиқлигига эътибор берилиб, ундаги ҳаяжонга, самимийликка аҳамият берилмайди. Чунки силлиқ гапириш, равон ўқишнинг меъёрлари кўп. Уларга тўлиқ риоя қилиш эса уни расмий ва ҳиссиз тилга айлантириб қўяди. Аслида кўплаб меъёрлар инсоният томонидан бузиш, айланиб ўтиш ёки иқтидорсиз кишиларни амаллаб бир қолипга солиш учун ўйлаб топилган.
Шундай меъёрлар Никулиннинг кинога тушишини рад этади, Висоцкийнинг куйлашини инкор қилади. Улар меъёрлар қолипига сиғмаган, шунинг учун ҳам ҳис-туйғуни аниқроқ, тўлиқроқ ифода қилишган.
Адабий тилнинг сийқалашиши, унда самимийликнинг йўқолишини аниқ кўрсатувчи бир соҳа бор – қизиқчилик.
Ҳозирда ўзини ҳурмат қилган ёзувчилар асарларида шева унсурларидан кўпроқ фойдаланиш пайида. Танқидчилар ҳам бадиий асарда, ҳеч бўлмаса, қаҳрамонлар тилида шева бўлишини талаб қилади. Шу орқали тилда юзага келган сийқаликка барҳам беришмоқчи.
Тилнинг сийқалашиши, унда ҳис-ҳаяжонни, туйғуни тўлиқ ифодалаб бўлмаслиги бора-бора тилимизни кейинги авлодлар луғат билан ўқийдиган даражада ўзгартириб юборади. Чунки одамлар ўз ҳис-туйғуларини тўлиқроқ, аниқроқ баён этишни истайди, изланишда бўлади. Туйғуни ифодалаш вазифасини ўз зиммасига олган тил бунинг уддасидан чиқолмаса, уни ўзгартиришга мажбур бўлишади.
Шундай бўлмаслик учун эса авваламбор тилга оҳангни, самимийликни қайтариш лозим.
Сўзамол халқ эмасмиз. Амаллаб уч-тўрт сўзни тўқиштириб, бир нима деган ҳам хўп одам биз учун. Лекин барибир, киночиларимиз, радио, телевидениядагилар силлиқ гапиришни эмас, самимий сўзлаш, ҳис-ҳаяжонни ифодалашни бош мезон қилиб олишса яхши бўларди.
Анча вақт онгимизга турк тили, хусусан, ўзбек тили ҳарбий тил сифатда ҳеч нимага арзимайди, деган ақидани сингдириб келдилар. Бироқ бу тилдан олинган кўплаб сўзлар рус ҳарбий атамаларида ишлатилишини тан олишмади. Бундан ташқари, рус тарихчиси, туркийлар тарихини чуқур ўрганган олим Л.Гумелёв, айнан турк тили ҳарбий тил бўлганлиги Туркия давлати ташкил топиши, шаклланиши ва ривожланишига асосий таъсир кўрсатганини таъкидлайди.
Албатта, бу тилга айрича қарашлар кеча ёки ўтган куни пайдо бўлган эмас. Бир пайтлар уни фақат ҳарбий тил сифатида қабул қилишган ва унда гўзал, нафис мисралар яратиш мумкин эмас, деган қарашлар бўлган. Бироқ Навоийнинг ижоди бу қарашларни ерпарчин қилди.
Бугун тилдаги энг катта муаммо – сўзлашув тилининг ғариблашуви, унда ўзга тиллар қоришиқларининг кўплаб ишлатилишидир.
"Эр бермоқ – жон бермоқ" фильмида Дилноза Кубаеванинг қаҳрамони "пёрышка" деган сўзни кўп ишлатади. Шу сўз халқ орасида оммавий равишда ишлатилгандаям майли эди. Уни тўрт-беш тантиқ қиздан бошқа ҳеч ким билмайди-ку, кинода нега ишлатишади? Бу ўринда ушбу сўз фақат олифтагарчилик учун ишлатилган, холос.
…Бир ҳолатни ифтихор билан таъкидлаш лозим, шу муборак заминимиздан ўтган кўплаб хонлар, саркардалар, илм аҳли тил софлиги, турк тилининг обрўси учун курашиб келдилар.
Навоий бу тилнинг жозибаси ва қудратини кўрсатиш учун "Хамса"ни яратди, Амир Темур тилнинг ҳарбийда ишлатиш аҳамиятини оширди.
Бироқ ушбу ҳолатлар ўз-ўзидан бошқа ҳақиқатни кўрсатади: агар тилни мустаҳкамлаш учун мунтазам кураш олиб борилган экан, демак халқда ўзга тилларга мойиллик, уларга оғиб кетиш кайфияти мавжуд экан-да?!
"Кул Тигин" битигидаги аламли ҳайқириқни эсланг: "Турк беклари туркча отини ташлади, табғач бекларининг табғачча отини қабул қилиб, Табғач хоқонига қарам бўлди".
Биргина шу гапнинг замирида қанча маъно ва армон ётганини англаш мумкин. Бундай ҳайқириқлар ҳар кимни ҳушёрликка чорлаши, кўзини очиши ва тил масаласи ҳеч кимнинг шахсий иши эмаслигини тушуниб етишига туртки бўлиши лозим.
Шу ўринда тил тўғрисида сўз юрита туриб, исмлар ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтиш жоиз.
"Кул Тегин" битигидаги ҳайқириқ бекорга битилмаган. Исм нафақат одамнинг, балки миллатнинг ҳам белгиси, кўзгуси ва ўзига хослиги.
Тарихда миллатнинг йўқолиб кетиши, янги босқичга чиқиши инсон исмининг ўзгариши билан кечган. Бир пайтлар, собиқ СССРда ҳам барча миллатларни йўқотиб, совет миллатини ташкил қилиш ғоялари кенг тус олган ва бу одамларнинг ўз фарзандларига ғалати-ғалати исмлар қўйиши билан бирга кечган. Шукр қилиш керак, бу ҳолат барҳам топиб кетди ва энди одамлар фарзандларга миллий анъаналардан келиб чиқиб исм танламоқда.
Ачинарли жиҳати, гувоҳнома ёзиб берадиганларнинг чаласоводлиги, тилни билмаслиги миллатнинг аксарият қисмини номуносиб исмларда юришига олиб келмоқда. Ҳозирда исмининг ёзилишида хатоси бўлмаган инсон камдан кам топилади. Ходжа, Досмат, Махамат ва бошқа сон-саноқсиз исмлар борки, уларнинг бахтсиз эгалари, манқурт ўзини шу даражага олиб келган қалпоғига жон-жаҳди билан ёпишгани каби, шу номуносиб исмни ҳимоя қилишга ва уни айнан шу ҳолда ёзишни бошқалардан талаб этишга мажбур.
Ўзга тилларни ҳурмат қилган ҳолда, она тилини улуғлаш, ундан фахрланиш миллатнинг келажагини белгилайди. Бугун кўча-кўйда одамлар ўз тилидан уялмай, ҳазар қилмай, бемалол гапираётган бўлса, билингки, бу миллатнинг келажаги бор.
Тил тозалигини таъминлаш учун ёшларга тилларни яхшироқ ўқитишимиз лозим.
Ўзга тиллардан сўз кириб келиши буткул салбий ҳолат ҳам эмас, аслида. Ўз даврида Навоий ҳам ўзга тиллар сўзларидан фойдаланган. Қолаверса, рус сўзларини адабий тилга биринчи бўлиб олиб кирган ижодкор Завқий бўлади.
Рус тили ҳақида сўз борар экан, айтиш лозимки, у бугунги ўзбек тилига таъсир кўрсатаётгани учун айбдор эмас. Ва бу ҳолат фақат ўзбек тили билангина юз бераётгани йўқ. Бир вақтнинг ўзида бугун рус тилшунослари ҳам ўз тилларини четдан кириб келган сўзлар, янгидан пайдо бўлаётган жаргон(слэнг)лардан тозалолмай сарсон.
Нима деб ўйлагандингиз? XXI аср, глобаллашув даври! Маданиятлар, қадриятлар, тамаддунлар тўқнашмоқда, кесишмоқда. Жаҳонда инсониятнинг бирлашиш, умумийлашиш жараёни кечмоқда. Шундай ҳолатда асосий муомала воситаси бўлган тил чеккада тура оладими? Йўқ, албатта.
Ҳалиям бизнинг ёшлар янги сўз ва ибора яратишга, уларни чеккадан ўзлаштириб, ўзларига мослаштириб олишда рус ёшларичалик эмас. Руслар ўз фарзандларини яхшироқ, тўғрироқ тушуниш учун "Ёшлар слэнгларининг изоҳли луғати"ни ҳам чоп этишди. Бу яхшими ёмонми, бир нарса дейиш қийин. Бир жиҳатдан тил бойиётганга ўхшайди. Ахир ҳар хил сўзлар кўпаймоқда-да. Иккинчи жиҳатдан авлодлар ўртасида жарлик юзага келмоқда. Улар бир-бирларини яхши тушунмайди. Қолаверса, бу "слэнг"ларни ўқиб, тилнинг бойиётганига ҳам шубҳалана бошлайсан, киши. Янги кириб келаётган бир сўз ёки бирикма юзлаб сўзларни муомаладан сиқиб чиқармоқда. Сўз қашшоқлиги юзага келмоқда.
Шундай бир ҳолатни бизнинг ёшлар орасида ҳам кузатиш мумкин.
Лекин кишини қувонтирадигани, биз ҳали ёшларни тушуниш учун изоҳли луғат чиқариш даражасида эмасмиз.
Умуман, тиллар кўлмакка айланиб қолганда, йўқолиб кетади. Шунинг учун у ривожланиб, тараққий этиб бориши керак.
Тилларнинг тарихига назар солинг, улар доим ўзгалар ҳисобига бойиб, ривожланиб борган.
Бир пайтлар туркий тил араблар таъсирида, сўнг рус тили туркий таъсирида ривожланган.
Испан тилида гаплашадиган Лотин Америкаси халқлари эса ҳанузгача бу тилдан миннатдор. "Испанлар барча бойлигимизни талаб кетди, лекин бизга ўзлари билмаган ҳолда энг катта бойликни – испан тилини ташлаб кетишди", дейишади улар.
Рус тилини дунёнинг бой тилларидан бири сифатида ўрганиш ҳеч қачон ҳеч кимга зарар қилмаган. Бу тилнинг тараққиётига ҳисса қўшган буюк шахсларнинг кўплари умуман рус ҳам эмасди. Масалан, "Жонли буюк рус тилининг изоҳли луғати"ни яратган В.В.Далнинг аждодлари скандинавиялик бўлган. Тургеневнинг аждодлари туркийлар бўлган. Айтматов бу тилда қанчалар гўзал асарларини яратди.
Гап рус тилининг гўзаллигида ҳам эмас. Гап шундаки, ҳар бир тил ўз ҳолича гўзал, жозибали ва бетакрор. Ҳар қандай тил бебаҳо бойлик. Уни ўрганган киши эса ўша бойлик соҳибига айланади. Шунинг учун ҳам тил ўрганиш ҳеч қачон салбий баҳоланмаган. Чала-чулпа гапиришнинг негизини тил ўрганишдан эмас, чаласаводликдан ва фикр саёзлигидан қидириш керак.
Сўз сўнгида бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим: миллатнинг келажаги, ҳатто, уйда дастурхон бошида қайси тилда валақлашиб ўтиришимизга ҳам бевосита боғлиқ.