ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik, Лидия Исамова. Эндиликда янги ҳужжат олаётган тожикистонликларнинг исм-шарифи тожикча қўшимчалар билан ёзилади, русча қўшимчаларга эга исм-фамилиялар таъқиқ остига олинди, деб хабар қилди журналистларга Тожикистон Адлия вазирлиги қошидаги Фуқаролик ҳолатини қайд этиш идораси раҳбари ўринбосари Жалолиддин Раҳимов, РИА Новости хабари асосида.
"Бу қарор март ойи охирида “Фуқаролик ҳолатини қайд қилиш акти тўғрисидаги” қонунига тузатишлар киритилгандан кейин қабул қилинди", — қўшимча қилди Раҳимов.
Амалдор, шунингдек, ушбу қонунга кўра, фамилиялар тожикча “зод”, “зода”, “й”, “иён”, “фар” қўшимчалари ёрдамида шакллантирилиши ҳақида айтди. Масалан, “Каримзод” ёки “Каримзода”.
Раҳимовнинг сўзларига қараганда, ўз фамилияларида “ов”, “ова”, “ович”, “овна” қўшимчаларини сақлаб қолишни хоҳлаётган баъзи бир фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
"Биз, улар билан суҳбат қуриб, мақсадимиз – фамилияларни тожикчалаштириш экани ҳақида тушунтиряпмиз. Агар ҳолат ўзгармаса, у ҳолда, орадан ўн йил ўтгач фарзандларимиз икки гуруҳга бўлиниб қолади: биринчи гуруҳ тожикча, иккинчи гуруҳ эса ажнабий исмларга эга бўлади. Биз ўзимизнинг миллий ва ватанпарварлик туйғуларимизга эга бўлмоғимиз ва уларни ривожлантирмоғимиз лозим”, — деди амалдор.
Амалдорнинг айтишича, ушбу ўзгаришлар ўтмишда фамилиясида русча қўшимчаларга эга бўлиб, уни ўзгартириш ниятида бўлмаган фуқароларга жорий этилмайди.
Русча қўшимчалардан воз кечишни 2007 йилда Тожикистон президенти Эмомали Шарифович Раҳмонов бошлаб берган. У ўз исм-шарифини Эмомали Раҳмон қилиб ўзгартирган ва унинг ортидан бошқа амалдорлар ҳам худди шундай йўл тутишган эди.