ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. "Миллий" телеканалида ўзини телебошловчиликда синаб кўраётган мафтункор Райҳон эфир ортидаги "гаплар" акс этган видеони ўзининг Instagram саҳифасига жойлади.
Хонанда бу билан ўз мухлисларига хит-парад кўрсатуви қандай қилиб суратга олинишини кўрсатмоқчи бўлган. Аммо…
Натижада, шу вақтга қадар 36 минг маротаба кўрилган видео ролик интернет фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди, ҳатто, хонандага нисбатан ўта кескин танқидий фикрлар билдирилди.
"Ўзбек тили ўйинчоқмас, хоҳлаган жойида бузиладиган", — дея изоҳ қолдирган мухлислардан бири.
"Бу роликда Райҳона ўзбек тилини ўрганаётгани акс этган", — дея жавоб қайтарган унга бошқаси.
"Худди бошқа санъаткорларнинг ҳаммаси ўзбек тилида гапирадигандек, нега Райҳонга ёпишволдинглар. Энг муҳими дили пок бўлсин", — дея Райҳоннинг ёнини олган яна бир мухлис.
Бошқа бири эса, мана шундай бўлмағур гапларни, танқидларни ёзаётганларни "блоклаб" ташлашни маслаҳат берган. "Ана, Шаҳзода худди шундай қилади, изоҳларнинг ҳаммасини ўчириб ташлайди, шунинг учун унинг саҳифасида бирорта ҳам негатив гаплар йўқ", — дея маслаҳат берган latofat_rayhon ники остидаги фойдаланувчи.
Айтганча, изоҳлар орасида, уятсиз, ножўя сўз ва жумлалар жуда кўп учрайди…
Аммо ролик тагида изоҳ қолдирганлар орасида "Ҳамманинг олдида ўзини кўрсатадиганлар ҳам топилади, худди ўзи бир нарсани қойиллатиб қўйгандек. Эътибор берманг. Барибир Райҳон зўр!", "Бу бугун кўрган видеоларим ичида энг зўри!" дея тасалли берганлар ҳам топилди.
Хонанда эса ўзига нисбатан билдирилган танқидларга жавобан шундай изоҳ қолдирган:
"Баъзида даҳшатли изоҳларга дуч келаман ва ҳайрон қоламан. Инсондан қанчалик нафратланиш мумкин. Шу, жумладан, ўзингиз ҳатто танимайдиган одамдан қандай қилиб нафратланиш мумкин? Наҳотки, буларнинг барчаси ўзингизга қайтиб боришини тушунмасангиз? Менга эмас, сизга. Мендан эса фақатгина гуноҳларимни олмоқдасиз. Бунинг учун Сиздан миннатдорман. Менинг манфурларим, сизларга мўл бахт ва муҳаббат тилайман. Балки шунда қанчалар адашганингизни англарсиз. Сизларни самимий севаман ва ҳар бирингизни ҳурмат қиламан".