ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik, Дилшода Раҳматова. "Ҳандалак" теледастури қаҳрамонларидан бири Ортиқ Султонов бугунги кунда изланишда. Қизиқчининг сўзларига кўра, у кулги шинавандалари ва шунчаки юмор ихлосмандлари учун бир қатор "сюрприз"ларни ҳозирлаб қўйган.
- Ортиқ ака, куз фаслида тақдим этилиши режалаштирилган янги асардан томошабин нимани кутиши мумкин?
— Биласизми бу асарнинг менга маъқул бўлган жойи нимада? Картинада сериал бош қаҳрамонига раҳматлик бобосидан бир сандиқ мерос бўлиб қолган бўлади ва бош қаҳрамон Йўлдош (яъни Ортиқ Султонов, таҳр.) уни топишга ҳаракат қилади. Бир амаллаб хазина беркитилган сандиқни қўлга киритгач, унинг ичида бор-йўғи оддий китоб беркитилганини кўради. Қаҳрамонимга бобоси юртимиз тарихига оид ноёб бир китоб қолдирган бўлади.
Нодир топилма ҳақида интернет орқали хабар топган тарихчи бир олим қаҳрамонимдан ўша китобни сўраб келади.
Йўлдош эса “бобомиздан хазина қолди деб, шунча елиб-югурсаму, у китоб бўлиб чиқди”, дейди афсус билан. Бунга жавобан тарихчи “Биз хазина деганда — тиллани, олтину жавоҳирларни тушунамиз, боболаримиз эса хазина деб илм-маърифатни, китобни тушунган. Қаранг, биз қанчалик ўзгариб кетдик”, — дейди…
Асар шу ҳақда. Яъни бобосидан хазина қолганини эшитган қаҳрамонимнинг уйқусидан ором йўқолади. Бобосидан қолган харитадаги ёзувда хазина ҳовлининг ўртасидаги ёнғоқдан кун ботар томонга қараб 12 қадам масофада яширилгани ёзилган бўлади. Тўққиз қадамда эса қаҳрамонимнинг ҳовлиси тугаб, хазина қўшни ҳовлига ўтиб кетгани маълум бўлади.
Шу бойликка эга бўлиш учун қаҳрамоним турли хил айёрликларни ўйлаб топади, ҳамма нарсани унутиб юборади, ҳатто инсонийлик қиёфасини йўқотади, пасткашликкача боради шу хазинага эгалик қилиш учун.
Муаллиф Исмоил Шомуродов қаламига мансуб “Бобомнинг хазинаси” асари режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва қизиқчи-ижодкор Ортиқ Султоновлар ижодий ҳамкорлигида икки фаслдан иборат ҳажвий сериалга айлантирилди.
- Сизнинг ҳаётингизда шундай воқеа рўй берганида қандай йўл тутган бўлар эдингиз?
— Қўшнимни чақириб, ўша хазинани олиш учун вазиятни тушунтирган бўлармидим, дейманда…
Шу ўринда бир латифа ёдимга тушди. Русларнинг мулласини, яъни поп дейилади уларда, бир аёл билан зино қилиб турган вақтда тутишибди-да, катта мулланинг олдига оборишибди. Поп катта мулладан “мана шу аёл бўлганида, менинг ўрнимда сиз нима қилган бўлар эдингиз”, деб сўрабди. Унга жавобан катта мулла “нима қилмаслик кераклигини яхши биламан, лекин ўша вазиятда нима қилишим кераклигини мен ҳам билмайман”, дея жавоб қайтарган экан.
Чиндан ҳам хазина бўлса, ким билади, балки мен унданам баттарроқ ҳолатга тушармидим, ким билсин…
- Ҳозирги кунда нималар билан шуғулланаяпсиз?
— 2010 йилда — “Ҳандалак” лойиҳасини тўхтатганимиздан кейин ўзимни турли соҳаларда синаб кўряпман. Аввал кинода синаб кўрдим ўзимни, энди эса мана сериалда. Айни дамда янги қиёфалар яратиш устида иш олиб боряпман. Янги лойиҳамнинг номи “Учрашув 2” бўлиб, бир соатлик бу асарда замонавий тадбиркордан тортиб, қалбаки фолбин ва чолгача бўлган бир нечта қиёфаларни яратганман. Гримм орқали, албатта. Демоқчиманки, буларнинг ҳаммаси ижодий изланишларим маҳсули. Яъни “Ҳандалак”кача ўзимизни санъатда топган бўлсак, ҳозир яна изланишдамиз, ўрта ёшлигимизда ўша “Ҳандалак”ка ўхшаган, одамларни яна ҳайратга сола олидаган бир кўриниш кашф қилиш учун тинимсиз ижод билан бандман. “Бобомнинг хазинаси” сериали ҳам мен ҳозир айтиб ўтган изланишим меваси.
- Ортиқ ака, айтингчи, сизда бир ғоя туғилди дейлик. Уни амалга ошириш жараёни қандай кечади?
— Ғояни амалга ошириш учун биринчи навбатда шу ғояни қоғозга тушириб бера оладиган инсонни излайман, яъни муаллифни. Мен билан ҳамкорлик қилаётган ўнлаб ёзувчи, шоирлар бор, ўшаларнинг бирига тўхталаман-да, кейин у билан фикрни ривожлантириб, ғояни асар шаклига олиб келишга ҳаракат қиламан. Бу орада қолган муаллифлар ҳам четда турмайди — ҳажвчи шоирлар асарга мўлжаллаб шеърлар ёзади, масалан, “Бобомнинг хазинаси”да Валижон Шамшиевнинг қаҳрамони – қишлоқда адабиёт муаллими, шоир бўлади. Ҳар бир гапини қофиялаб гапиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб асосий муаллифдан ташқари яна бир нечта муаллифларимиз ўша қаҳрамоннинг “тилини” яратишга ҳисса қўшган. Иккинчи масала — режиссёр масаласи. Мисол учун “Бобомнинг хазинаси” асарини экранлаштириш ғояси туғилганда, жараённи ишга тушириш учун режиссёр Баҳодир Йўлдошев (“Марду-майдон” кўрсатувига бошловчилик қилган, таҳр.)га шу асар орқали нима демоқчи бўлганимни тушунтириб, у билан фикрлашганимдан кейин учинчи босқич – яъни актёрлар ансамбли билан ишлашга ўтилади.
Назаримда, ҳар бир етук ижодкорнинг иш жараёни шундай кечса керак.
Кейинги вақтларда эътибор бераётган бўлсангиз, бу қўшиқларгаям, киноларгаям тааллуқли — воқеа очилмай қолиши, фикр нўноқлиги яққол сезиляпти. Асар ёки қўшиқ орқали ижодкор нима демоқчи бўлган – мутлақо тушунарсиз бўлиб қолади. Бунинг сабаби нимада? Сабаби, режиссёрнинг ўзи асарга муаллифлик қилишга уриниши ёки дейлик, қўшиқчи ўзи матнни ёзишга ҳаракат қилишида.
Масалан, шеър ёзиш менинг ҳам қўлимдан келади, лекин асарнинг бизни ақлимиз етмайдиган, ёзувчи, шоирлар биладиган ўзига хос талаблари бўлади. Ҳақиқий ёзувчи томонидан ёзилган асаргина — асар даражасига кўтарилиши мумкин.
Ҳар бир соҳа вакили ўз ишига профессионал ёндашгандагина бирор бир ютуққа эришиш мумкин.
- Ўзбекистонда ҳажвчи-ёзувчилардан қай бирини алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардингиз?
— Уларнинг сони жуда кўп, масалан Абдураззоқ Обрўй, ҳажвчи-шоир, пародиячи Муродали Ўтамали, сурхондарёлик Насрулло деган шоир укамиз бор, у билан телефон орқали боғланиб, СМСлашиб турамиз. Илҳом, Зойир деган яхши бир ҳажвчиларимиз бор, кейин ўша “Бобомнинг хазинаси”, “Учрашув”ни ёзган Исмоил Шомуродов деган йигитимиз бор… Бу рўйхатни кечгача давом эттиришим мумкин, ижодкорлар жуда кўп.
Аммо кейинги пайтларда ижодкор қаламкашлар ва саҳнада ижод қилаётганлар орасида бир оз узилиш пайдо бўлди. Нега десангиз, “у ижодкорнинг ёзган асари кулгилимас”, дейди саҳна вакилларининг баъзилари. Аркадий Райкиннинг “матн ижокор тасаввури учун туртки” деган бир гапи бор. Яъни асарни олгандан кейин ундаги фикр, ғоя маъқул бўлган бўлса, қизиқчи у асар устида ишлаши, ва уни кулгили қилиши керак. Баъзи ижодкорларимизнинг хаёлида эса худди ёзувчи ёзиб берган нарсани ўқишингиз билан у кулгили бўлиши шартдай…
— Нима деб ўйлайсиз, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳажвчиликнинг “нафас олиши” қай даражада?
— Бундан 5-6 йил муқаддам бир китобимда: “Ҳажвчига ҳамма замонда ҳам осон бўлмаган — Афандининг 41 та қабри борлиги бунга мисол”, деб ёзганман. Афандини неча маротаба кўмишган бўлса ҳам – у барибир тирик.
Кўпинча қизиқчиларимиз тилида чекланмалар бор, деган гаплар қулоғимга чалинади. Шундай гапни айтганлар, айнан қандай чекловлар ҳақида гап бораётганига аниқлик киритишмайди. Нима дейишим мумкин, тўғри маълум бир мавзуларда биз ўзимизни чеклаймиз аммо бунга сиёсат эмас, миллий менталитетимиз сабаб. Масалан русларга ўхшаб саҳнада уятли гапларни айтолмаймиз, ўшандай гапларни гапирсак қариндош-уруғларимиз, мухлисларимиз биздан хафа бўлади. Хабарингиз борки, тилида бемалол бўлгани учун устозимиз Мирзабек Холмедов атрофида мунозаралар бўлиб туради.
Умуман репертуарларга эътибор берсангиз, деярли ҳамма мавзуларда гапираяпмиз: ютуқлар ҳақида ҳам, маълум бир камчиликлар ҳақида ҳам. Умуман ҳар бир санъаткорнинг ўзининг позицияси бор яъни фуқаролик позицияси дейилади, қизиқчининг вазифаси – кулдириш.
Русларда “смех ради смеха” деган гап бор, яъни "бу кулгинг билан нима мавзуни кўтаряпсан" деб сўралади. Аммо у – бошқа жамият. Биз қизиқчиларнинг вазифаси, менинг назаримда, қатор ҳаётий муаммолардан толиққан инсонларни бир пас ташвишлардан холи қилиб, кулги орқали уларнинг кайфиятини тетиклаштириш. Ҳархолда мен шундай ўйлайман ва мана шу йўналишда ижод қиламан.
— “Бобомнинг хазинаси” ни мухлислар қандай кутиб олади, нима деб ўйлайсиз?
— Сиз ҳозир Нострадамусга бериладиган саволни бераяпсиз(кулади). Биз ўзбекларда беайб – парвардигор, деган бир нақл бор. Камчиликларсиз бўлмайди, дегандек, аммо ҳар бир нарсага яхши ният билан қўл урилади. Мана 20 йилдан зиёд бўлиб қолди мухлисларимиз билан ҳамкорлик қилаётганимизга, ҳамиша уларнинг қалбидаги гапларни, улар истаган нарсаларни гапирганимиз учундир уларнинг бизга бўлган эътиборлари пасайгани йўқ, шунинг учун бу гал ҳам, умид қиламанки уларнинг қалбидаги, улар кўрмоқчи бўлган сериални яратишга уриндик ва маълум бир натижаларга эришдик. Мен оптимист одамман, шу учун бу асар мухлисларимизга манзур бўлади, деб ўйлайман.
— Санъаткорлик касби сизга ҳаётда қанчалик асқотяпти?
— 2006 йили концертимизда Зокир Очилдиев менга “Санъаткор бўлмаганингизда ким бўлардингиз?”, деб савол беради. Мен эса ўшанда “Агар санъаткор бўлмаганимда мен, албатта, санъаткор бўлар эдим”, дея жавоб қайтарганман. Менинг назаримда инсон касбни танламайди, касб инсонни танлайди. Мисол жажжи қизалоқ ўтирволиб қўғирчоғига кўйлак тикиш билан банд, демак у келажакда — тикувчи бўлади, ёш болача машинасининг у ёқ-бу ёғини ковламоқда, балки у келгусида катта бир уста бўлар…
Мен эсимни таниганимдан бери санъат соҳасидаман. Шу боис бошқа соҳа, бошқа касбда ўзимни тасаввур қилолмайман ва тасаввур қилишни ҳам хоҳламайман. Қолаверса, санъаткор бўлганимдан жуда ҳам бахтлиман чунки нафақат Ўзбекистон ёки Ўрта Осиёда, балки дунёнинг исталган бурчагида “Ҳандалак”чиларни танишади, яхши кўришади.
Шу санъатимиз орқали дунёнинг кўплаб нуқталарида бўлдик ва бўляпмиз, бугунги кунда юзлаб шогирдларим бор. Уй-жой қураман, тўртта одамнинг ўртасида обрў орттираман деганлар, фарзандталаб бўлиб юрганлар қанча, ҳеч биридан Тангри кам қилмади, исмим Ортиқ бўлгани учун ортиғи билан берди шекилли, шу боис доим Аллоҳга шукроналар келтираман. Мана, икки ўғлим уйланди, бир-биридан ширин уч нафар набирам бор. Шунга ҳамиша ҳазил аралаш “дўппимни осмонга отсам, қайтиб тушмаса ҳам майли”, дейман. Шу даражада ўзимни бахтли ҳис қиламан.
— Ўзбекистонлик мухлисларга, Sputnik нашри муштарийларига тилакларингиз?
— Айни вақтда Ўзбекистонни айласангиз кайфиятингиз кўтарилади. Ҳаммаёқ боғу-роғларга айлантирилган, қатор-қатор янги иморатлар, иншоотлар қурилган, қуриляпти. Юртимизнинг чиройи кун сайин очилиб боряпти. Буларни кўриб фарзандларимизнинг эртанги кунига, улар биздан-да яхши яшашига ишонч ортяпти. Менинг назаримда ўзбек учун фарзандининг эртанги кунига ишонч ҳосил бўлишдан ортиқроқ бахт йўқ. Қолаверса тинчлигимизнинг ўзи катта бахт.
Қаранг, ҳозир интернетда ўқиб қолдим, 142 та давлат ичида “энг тинч ва осойишта мамлакат қайси” деганда Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллабди. Шу олий бахт эмасми? Шунинг учун бизлар бугунги сиёсатдан, бугунги олиб борилаётган ишлардан шукроналик руҳида яшаймиз.
Ўзбекистондан ташқарида бўлган миллатдошларимизга эса бизга ҳавас қилишларини тилаган бўлардим, чунки Ўзбекистондек жаннатмакон юртда биз яшаяпмиз.
Топганларимиз яхши кунларга, тўйларга буюрсин, бир-биримизга елкадош бўлиб яшайлик!