Ислом Каримов ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида фармон имзолади

© Sputnik / Алексей Никольский / Медиабанкка ўтишЎзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов.
Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов. - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
2016-2017 ўқув йилларида ишга тушадиган университет таркибида ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиёти, ўзбек-инглиз таржима факультетлари бўлади.

ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистон республикаси Президентининг 13-майдаги фармонига биноан Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилади, nuz.uz хабари асосида.

Ҳужжатда қайд қилинишича, университетни ташкил этиш билан боғлиқ қарор ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитиш, шунингдек, ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш билан боғлиқдир.

Янги олийгоҳ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида ташкил этилмоқда.

Университет таркибида 3 та факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари. Бундан ташқари, олийгоҳ таркибида Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилади.

Университет ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаб беради, илмий-тадқиқот ишларини олиб боради, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади, шунингдек, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материаллар тайёрлаб беради.

Янги университетда ўқув жараёни 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади.

Университетнинг бош биноси олдидаги майдонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилган.

Янгиликлар лентаси
0