Тоҳир Малик айтадиган гапи бўлгандагина қўлига қалам оларди - Улуғбек Ҳамдам

© Тохир Малик / FbПисатель Тохир Малик
Писатель Тохир Малик  - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тоҳир Малик ижоди нимаси билан ажралиб турарди ? Ёш ёзувчилар у кишидан нималарни ўрганса арзийди? Ушбу ва бошқа саволларга таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам жавоб берди.

ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. Бугун эрталаб Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўзбек адабиётининг энг ёрқин юлдузларидан бири Тоҳир Малик вафот этгани ҳақидаги хабар миллионлаб кишиларни қайғуга солди.

Писатель Тохир Малик  - Sputnik Ўзбекистон
Тоҳир Малик вафот этди

Ушбу муносабат билан Sputnik мухбири филология фанлари доктори, таниқли ёзувчи, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси Улуғбек Ҳамдамга Тоҳир Малик ҳаёти ва ижоди борасидаги саволлар билан мурожаат қилди.

- Улуғбек ака, сиз Тоҳир Маликни яхши танирмидингиз, балки бирга ишлагандирсиз?

- Мен у киши билан бирга ишламаганман, лекин кўп давраларда бирга бўлганмиз. У кишининг 65 йиллик юбилейларини ўтказишда қатнашганман. Тоҳир ака Шарқ Юлдузи журналида бир пайтлар маъсул котиб бўлиб ишлаганлар. Орадан бир неча йил ўтиб, мен ҳам ўша ерда муҳаррир  вазифасида ишладим, лекин бир вақтда бир жойда узоқ вақт ишламаганмиз.

- Нима дейсиз, бугун ҳам Ўзбекистонда Тоҳир Малик асарлари оммабопми, севиб ўқиладими?

- Тоҳир ака – Ўзбекистонда жуда машҳур ёзувчи. Қайси дўконга кирманг у кишининг алоҳида жавони бор - “Тоҳир Малик бурчаги” деб номланади.

Китоблар - Sputnik Ўзбекистон
Энг кўп ўқилган китоблар рўйхати эълон қилинди

У кишининг асарлари олдин ҳам яхши ўқилган. Масалан, ўзбек халқининг ҳаётидан олиб ёзилган “Алвидо, болалик” асари ва бошқалар.

Бугунги кунда эса, тўрт жилдан иборат “Шайтанат” асарини ҳар дўконда кўрса бўлади. Уни барча севиб ўқийди, ҳатто ички ишлар ходимларининг қўлида ҳам кўрганман.  

"Шарқ юлдузи"да ишлаб юрган вақтимда “Ҳазонрезги” номли асарларини чоп этган эдик. У ерда кексайиб қолган ўзбек кишисининг ҳаёт тарзи, дунёқараши Тоҳир акага хос бўлган юмор орқали очиб берилган.

Яна бир қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган диний-маърифий, публицистик асари - “Одамийлик бурчи” дея номланади. Уни дўконларда ҳам ўқувчилар қўлида ҳам жуда кўп кўраман.

Хуллас, Тоҳир ака Ўзбекистонда бошқа ёзувчилар ҳавас қиладиган даржада севиб ўқиладиган ёзувчидир.

- Тоҳир Маликнинг ўзбек адабиётида тутган ҳақида нима дея оласиз?

- Тоҳир ака аввалги асарларида ўзбек халқининг ҳаёт тарзини акс эттирган бўлсалар, мустақилликдан кейинги йилларда у кишининг асарлари диний-маърифий тус олди. Яъни Тоҳир ака диний маърифатни адабиёт орқали ўқувчига етказиб беришга ҳаракат қилдилар ва бу йўлда жуда катта муваффақиятларга эришдилар.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик. - Sputnik Ўзбекистон
Тоҳир Малик: «Футболчиларимизнинг бўйнига омоч бойлаб далада қўш ҳайдатиш керак»

Яна, Тоҳир Малик асарларида – миллий руҳ бор. У кишининг қаҳрамонларидан доим миллийлик уфуриб туради. Ўша ҳамма яхши билган, видеофильмлар суратга олинган “Шайтанат” асарида ҳам, ўзига хос бир дунё очиб берилган. У ердаги қаҳрамонларнинг кўпининг дунёқарашида, ўзини тутишида, мулоқотларида – барисида миллий ўзбекона руҳ уфуриб туради. Бу асар, мени назаримда, мана шу томони билан ҳам ўқувчини ўзига ром этади.

Нега деганда, бугунги кунда дунёнинг машҳур ёзувчилари Кафка, Достоевскийга ёки Хемингуэйга тақлид қилиб ёзаман дейдиганлар, уларнинг йўлидан юраман дейдиганлар  жуда кўп.

Лекин ҳар битта миллат адабиётнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам бўлиши керак. Шу маънода, Тоҳир Малик каби ёзувчилар ўзбек адабиётининг ўз қаҳрамонларини олиб кириб, ўз қиёфасини белгилашда – хизматлари катта.

- Тоҳир Малик услубининг ўзига хослиги нимадан иборат?

- Тоҳир ака ёзувчилик услуби, авваломбор - лўндалик, мантиқийлик ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. У киши ҳеч қачон “ўтлаб кетмасди”. Тоҳир ака фақат ўзига хос, ёрқин образлар, ёрқин қисматларни бадиий асар қаҳрамони сифатида танлаб оларди. У кишида хира қаҳрамонлар камдан-кам учрарди.

Ва мана шу юқорида айтилган нарсалар ҳаммаси ўзига хос юмор билан йўғрилган бўларди. Ўрни-ўрни билан ҳаётнинг кулгули тарафлари Тоҳир аканинг ёзувчилик нигоҳидан четда қолиб кетмасди.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев "Шайтанат" муаллифини "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотлади

У кишининг мен билган, ўқиган ва бошқалардан эшитган ҳар бир асарини жамул-жам қилиб, ягона хулоса қилиб айтадиган бўлсак - Тоҳир Малик айтадиган гапи бўлгандагина қўлига қалам оларди. У кишининг ҳар бир асарида ўзига хос бадиий ният, бадиий ғоя кўриниб туради.

Тоҳир ака муҳим ҳаётий ҳақиқатини, бадиий ҳақиқатга айтлантиришга уринган ва бу йўлида кўпчиллик ёзувчилар ҳавас қиладиган муваффақиятларга эришган адибдир.

Бугунги кунда, ўзбек ёзувчилари орасида Тоҳир Малик услубида ёзадиган ижодкор борми?

Ўзимнинг тенгдошларим, Тоҳир акадан бир авлод ёки ундан ҳам ёш ёзувчилар орасида, мен Тоҳир аканинг ортидан эргашиб, айнан у кишининг ижод йўлини бевости давом эттираётган таниқли ёзувчини эслай олмайман.

Лекин ҳаммамиз ҳам Тоҳир Малик ижодидан озми-кўпми баҳра олганмиз, у кишидан нималарнидир ўрганганмиз, нималарнидир синтез қилганмиз ва ўзимизга сингдирганмиз.

- Ижод йўлига энди кириб келаётган ёш ёзувчилар Тоҳир Маликдан нималарни ўрганса арзийди, деб ҳисоблайсиз?

- Юқорида айтганимдек, ёш ёзувчиларга одамларга айтадиган, арзигулик гапи бўлгандагина қўлига қалам олишни маслаҳат берган бўлардим. Тажриба учун, бўлар-бўлмас нарсаларга ҳам ўз умрини ерга совуриб, ҳам ўқувчи вақтини олиб, ижодни ўйинга айлантирмаслик керак. Тоҳир аканинг босиб ўтган йўли, у кишининг адабиётда қолдирган изи – бизни мана шундай фикрлашга ундайди.

Китоблар - Sputnik Ўзбекистон
Журналист нигоҳи: адабиёт ўгайланиб қолдими?

Тоҳир аканинг тили – гўзал бир тил эди. Мен “Шарқ юлдузида” бош муҳаррир бўлиб ишлаган вақтларимда, “Ҳазонрезги” номли қиссани эълон қилишда уни жуда жиддий, бошқача, ҳам ўқувчи ҳам муҳаррир кўзи билан ўқиб чиққанман. Ана шунда ўзимнинг ёнимдагиларга ҳам айтганман – барибир катта авлоднинг, Тоҳир Маликнинг тили жуда ширали, жуда гўзал деб.

Хозирги ёш авлод ёзувчилари Тоҳир Маликдан тилни қандай қилиб ўйнатишни, қандай қилиб сўзни ишлатишни ўргансалар – ўзларига фақат фойда бўларди.

Яна бир муҳим жиҳат – бу Тоҳир Малик асарларидаги миллийлик, ўзбекона хулқ-атвор ва ўзига хослик. Ёш ёзувчилар ўз ижодида мана шу томонларга ҳам эътибор беришлари керак. Бу билан “ўз ҳовузимизда”  Абдулла аканинг “Тилла балиқчасига” ўхшаб қолишимиз керак, демоқчи эмасман, лекин барибир ўзбек қиёфасини, ўзбек дунёсини, ўзбек фикрини ва ҳис-туйғуларини адабиётда акс эттириш керак, деб ҳисоблайман. Шу маънода Тоҳир аканинг босиб ўтган йўллари ўзига хос бир мактаб бўлди.

Янгиликлар лентаси
0