ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Китобхонлик ҳақида сўз кетганда, бадиий адабиётга алоҳида урғу бериш лозим бўлади. Ҳозирда аниқ бир бадиий китоблар ҳақида гапириш, хусусан уларни танқид қилиш русумга кирмаган. Оммавий ахборот воситаларида китобхонлик ҳақида куйиб-пишиб гапиради-ку, лекин ҳеч ким алоҳида китоб ҳақида сўзламайди.
"Маънавият ва маърифат" телеканалида "Китобхон шоу" кўрсатуви бугун китобхонлик аҳволини, тўғрироғи китобхонликка муносабатни қайсидир маънода кўрсатиб беради. Кўрсатув мазмун-моҳияти бўйича алоҳида китобни муҳокама қилишга мўлжалланган.
Адабиётга, хусусан насрга, тижоратнинг бир бўлаги сифатида қаралмоқда. Бироқ наср ҳали ўзини ўзи боқадиган даражада пул топадиган ҳолатга етгани йўқ. Тижорат ва реклама асри ўзбек насрини оғир аҳволга солиб қўйди. Ҳатто, маърифат ва маънавият тарқатиши лозим телеканал ҳам билиб-билмай китобларни реклама қилиб қўйишдан чўчиши бундан дарак беради.
Бошқа бир оммавий ахборот воситаси — "Тафаккур" журналида чоп этилган бир мақолада бугунги ўзбек адабиётини икки турга бўлиш таклиф этилади: "хос" ва "авом" адабиётига. Ўша таклифда мустақиллик даврида ёзилиб, кўп ўқиладиган, кўп нусхада чоп этиладиган китобларни "авом" адабиётига, мустақиллик даврида ёзилиб, ҳеч ким ўқимайдиган, шунинг билан бирга собиқ совет тузуми даврида ёзилган барча адабиётни "хос" адабиётга (шунинг ўзиёқ мустақиллик даври адабиётига муносабатни билдиради) ажратиш таклиф этилади. Хулоса чиқадики, мустақиллик даври асарларини ўқиётганларнинг барчаси авом!
Адабиётга бундай муносабатда бўлиш эса охир оқибатда китобхонлар сонини ошишига, адабиётнинг ривожланишига хизмат қилмайди. Аксинча, фуқароларнинг китоб ўқишдан бездиради, ёзувчиларни эса «сариқ матбуот» деб аталувчи матбуотнинг измида юришга мажбур этади.
Ахир жамиятда китоб ўқиганларни "авом", деб ўтиришса, бу кимга ҳам ёқади дейсиз?
Бадиий асар жамоавий санъат эмас, уни индивидуал шахслар яратади. Якка шахслар ҳақида гапиришдан қочиладиган жойда, якка инсонлар гапирилмайдиган даврларда адабиёт инқирозга юз тутади. Адабиётнинг инқирози эса миллатнинг инқирозига олиб келади.