Ўзбекистонда "Болага китоб совға қилинг" акцияси ўтказилмоқда

© Sputnik / Евгений Биятов / Медиабанкка ўтишКитоблар
Китоблар - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
2 апрель - Халқаро болалар китоби куни муносабати билан юртимиздаги барча таълим ва маданият муассасаларида, кутубхоналарда "Фарзандимга китоб совға қиламан" лойиҳаси доирасида акциялар ўтказилмоқда.

ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Шу кунларда юртимиздаги барча таълим ва маданият муас­сасаларида, кутубхоналарда болалар китоби байрами муносабати билан «Фарзандимга китоб совға қиламан» лойиҳаси доирасида акциялар ўтказилмоқда, деб хабар қилинади Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида.

"Республика болалар кутубхонасида байрам муносабати билан тайёрланган дастур доирасида кичик ёшдаги болалар учун Андерсен асарлари бўйича викториналар, катта ёшдаги болалар учун эса таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, турли кўрик-танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар, кутубхона бўйича саёҳат, таниқли хонандалар ижросида мусиқий чиқишлар, саҳна кўринишлари ва китоб кўргазмалари ташкил этилади.

Байрам тадбири ташкилотчилари болаларни маънавий ва етук шахс қилиб тарбиялашда китобнинг тутган ўрнига алоҳида урғу берилади. Болажонлар иштирокида турли-туман танловлар уюштирилиб, мактаб, лицей ва коллежларда болалар адиблари билан учрашувлар, китоб кўргазмалари ҳамда байрам дастурлари намойиш этилади", — дейилади хабар матнида.

1967 йилда Халқаро болалар китоби кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга кўра, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида даниялик буюк эртакчи Ханс Кристиан Андерсеннинг таваллуд куни — 2 апрель Халқаро болалар китоби куни сифатида нишонланади.

Янгиликлар лентаси
0