ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. 2017 йилда бир қатор жиддий жиноятлар Ўзбекистон аҳолиси эътибори марказида бўлди. Бу жиноятлар хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларда кенг ёритилиб, жамоатчилик ўртасида фаол муҳокама қилинди.
Sputnik таҳририяти йил давомида содир бўлган энг шов-шувли жиноий ҳуқуқбузарликлар ва мудҳиш ҳодисаларни эътиборингизга ҳавола қилади.
Гулнора Каримова иши
Дарҳақиқат, шу йил июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримова устидан очилган жиноят ишлари ўзбекистонликлар эътиборида бўлиб, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.
Жумладан, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 179, 184, 227 ва бошқалар) билан айблов эълон қилинган. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган. Гулнора Каримовага Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирги кунда уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа активларини аниқлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилмоқда.
Боровский тиббиёт коллежи талабаси Иброҳимов вафот этиши бўйича жиноят иши
2017 йил 3 май куни Боровский тиббиёт коллежи талабалари ўртасида рўй берган ва нафақат Ўзбекистон, балки хорижий ОАВлар томонидан кенг ёритилган суд жараёнидир.
Жасурбек Иброҳимов ўлимида айбланган Исломбек Тўлаганов суд ҳукми билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Наманганда 3 киши хожатхонада оғир газдан захарланиши
Шу йил июль ойида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманларда юз берган воқеани эсга олиш лозим. Бир матоҳ туфайли уч кишининг нобуд бўлганини энг аҳмоқона ўлимлар рўйхатига киритиш мумкин.
Шу куни Мусабоева томонидан ёлланган ишчилар А.Қирғизбоев ва О.Мурзалиевлар телефонни олиб чиқиш учун бирин-кетин хожатхона тубига нарвон ёрдамида тушишган ва оғир газдан захарланиб, хушдан кетишган. Шундан сўнг, аёл уларни қутқариш учун Янгиқўрғон туманидаги Қизилқиёқ ҚВПдан шифокор Қ.Ирисбоевни чақиртирган. Шифокор ёлланма ишчиларни қутқариб олиш учун хожатхона тубига тушаётиб заҳарланиб, хушидан кетган.
Наманган вилояти ФВБ Қутқарув отряди қутқарувчилари келиб тушган хабардан сўнг қисқа муддат ичида воқеа жойига бориб вафот этганларни хожатхона тубидан олиб чиқишган. Фуқаролар А.Қирғизбоев ва О.Мурзалиевлар воқеа жойида фуқаро Қ.Ирисбоев эса шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.
Тошкентда 3 нафар вояга етмаган опа-сингиллар бирин кетин вафот этиши
Шу йил ноябрь ойи бошида Тошкентнинг Олмазор тумани, Бешқўрғон мавзеида (Тансиқбоев-3) истиқомат қилувчи уч нафар вояга етмаган опа-сингиллар бирин кетин вафот этди.
Гувоҳлар айтишига қараганда, фожиадан олдин улар қийма шашлик ейишган кейин кучли қорин оғриғи бошланган. Қариндошлари уларга оғриқни енгиллаштирувчи дори беришса-да, у ердам бермаган. Опа-сингиллардан бири касалхонага кетишда, тез ёрдам машинаси ичида жон берган, икки нафари ҳам кейинроқ касалхонада вафот этган.
Бу ҳолат юзасидан Олмазор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Декабрь ойи бошларида Тошкент шаҳар прокуратураси тўсатдан вафот этган 3 опа-сингил ўлими бўйича суд-тиббий экспертизаси натижаларини эълон қилганди. Унга кўра, қизлар гипотензив дори воситасини (артериал қон босимини туширадиган) қабул қилишганидан кейин вафот этишганини тасдиқлади. Дори воситасини давомли қабул қилиш натижасида, қизларда кардиоген шок ҳолати юзага келган.
Руҳий хасталик шифохонасидан қочган жиноятчилар
20 ноябрь куни Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган шифохонасидан уч нафар бемор қочиб кетганди. Беморлар Шерқул Омонов (ўғрилик), Маъруф Рашидов (қасддан баданга оғир тан жароҳат етказиш), Ахрор Хамроев (гиёҳванд моддаларни кўп миқдорда ноқонуний равишда сотиш) жиноятларини содир этган.
Тезкор қидирув ҳаракатлар натижасида шу куннинг ўзида 2 нафар бемор М.Рашидов, А.Хамроев қўлга олинди. 21 ноябрь куни эса Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, Чилонзор туманида жойлашган "Абу Сахий" бозори ҳудудида шифохонадан қочган учинчи шахс Омонов Шерқул Сафарович қўлга олинди. Ушлаш жараёнида, у ёнида бўлган пичоқ билан ички ишлар органлари ходимига қуролли фаол қаршилик кўрсатиб, унга тан жароҳат етказди.
Бироздан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 3 нафар бемор қочган Тошкент шаҳридаги руҳий касалликлар интенсив кузатиш шифохонаси раҳбарияти устидан Жиноят кодексининг 207-моддаси мансабга совуққонлик билан қараш бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Колбасага қўшилган эшак гўшти ва сифатсиз гўшт
Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган "GOLD PREMIUM PRODUCT" МЧЖга қарашли "Шаршара" номли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ишчилари томонидан эшак гўшти бошқа гўшт маҳсулотларига қўшилганлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давомида Хоразм вилоятидан Тошкент шаҳрига 69,6 кг эшак гўшти "Шаршара" гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига ўтказиш учун олиб келинганлиги аниқланган ҳамда цехда мавжуд бўлган 275 кг гўшт маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Тегишли мутахассисларнинг хулосасига кўра, олиб қўйилган гўшт маҳсулотлари истеъмолчиларнинг соғлиги ва ҳаёти хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда айбдор шахсларни жавобгарликка тортишга қаратилган зарур тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яна бир ҳолат, Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент ва МХХ ходимлари 10 йилдан буён Қашқадарё вилоятидан Тошкент шаҳрига сифатсиз гўшт маҳсулотлари етказиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди.
Жиноий гуруҳга Қашқадарё вилоятида туғилган, охирги йилларда Янгийўл туманида яшаб келган 40 ёшли Баҳром Ҳайдаров раҳбарлик қилган. Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари маҳаллий ветеринар, қассоб ҳамда даллоллар орқали ўлиши аниқ бўлган касал ва ҳаром ўлган моллар тўғрисида маълумот тўплашган. Ана шундай ҳар бир маълумот учун 15 минг сўмдан 50 минг сўмгача пул тўланган. Сўнгра яроқсиз гўштнинг килоси 10-15 минг сўмдан сотиб олинган. Сифатсиз гўшт маҳсулотига Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ветеринария бўлими ходимлари сохта маълумотнома тайёрлаб беришган.
Гўштлар Тошкент ва Зангиота туманларидаги яширин цехларга келтирилган. Бу цехларда истеъмолга яроқсиз гўштлар кимёвий ишлов берилиб, чиройли кўринишга келтирилган. Сўнгра килоси 25-30 минг сўмдан сотилган. Гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳрига ҳар ойда 25-30 тонна сифатсиз гўшт маҳсулотлари келтиришган.
Аниқланишича, бу гўштлар Тошкент шаҳрининг бир нечта туманларида фаолият юритадиган айрим савдо марказларида, жумладан, "Эски Жўва" деҳқон бозори, "Асл сифатли таъм" МЧЖ, ЯТТ "Мўминов Хусан Хурсанжонович"га қарашли сомсахона, якка тартибдаги тадбиркорлар "Файзиев Ф.З.", "Қосимов" ва бошқаларга тегишли қассобхоналарда сотувга чиқарилган.