ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Бугун Миробод туман судида аёвсиз калтакланиши оқибатида касалхонада вафот этган Боровский тиббиёт коллежи талабаси Жасур Иброҳимов иши юзасидан бир ойдан ортиқ давом этган суд жараёни ўз маррасига етди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири суд залидан.
Судья М.Матчонов Исломбек Тўлагановни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3 қисми "д" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят Кодексининг 85-моддасига асосан унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу жиноий иш юзасидан давлат айбловчиси Бахтиёр Акромов Иброҳимовнинг ўлимида айбланаётган Исломбек Тўлагановни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3 қисми "д" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят Кодексининг 85-моддасига асосан унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган жазони умумий тартибдаги колонияда ўташни белгилашини сўраган.
27 октябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчи ва айбланувчи томонларнинг адвокатлари сўзга чиқишди. Жабрланувчи томоннинг адвокати Лола Исмоилова прокурор айблов хулосаларига эътироз билдириб, судьядан максимал чора кўришни сўраган бўлса, Исломбек Тўлагановни ҳимоя қилаётган икки нафар адвокат ўз ҳимоячиларининг рўй берган фожиада айбсизлигини исботлашга уриндилар ҳамда судьядан айбланувчини суд залидаёқ озод қилишни сўрадилар.
Судья Исломбек Тўлагановга ҳимоя нутқини сўзлаш ҳуқуқини берди.
Ислом Тўлаганов ҳимоя нутқида адвокатлари томонидан айтилган ҳамма фикрларга қўшилишини маълум қилди. Шундан сўнг айбланувчига сўнгги сўз берилди. "Агар Жасурбекка нисбатан қасдим бўлганида, мен унга ўқишнинг ичидаёқ қўл кўтарган бўлардим. Мен унга жавоб қайтарардим. Мени ота-онам "Ҳеч кимни ҳафа қилма, уришма" деб, "Катталарга иззатда, кичкиналарга ҳурматда бўл" деб тарбия берган.
Мен уларнинг маслаҳатларига қулоқ солганман. 3-май куни бўлиб ўтган воқеадан жудаям қаттиқ пушаймонман, афсусдаман. Бўлиб ўтган воқеадан кейин ўзимни ҳеч ҳам кечиролмайман. Ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли халқ маслаҳатчилари. Иккинчи сонли касалхона врачлари тўғри ташхис қўйиб, сифатли тиббий ёрдам кўрсатганида, Жасурбек вафот этмаган бўларди. Жасурбек мард инсон эди. У билан салом-алигимиз яхши эди. У ерда 2-сонли (касалхона) врачларининг ҳам айби жуда кўп.
Мен экспертиза хулосаси билан яхши танишиб чиққанман. Ҳурматли раислик этувчи, халқ маслаҳатчилари! Менга жазо тайинлашда, Жасурбекка нисбатан қасдим бўлмаганини, фожиа бўлишини ўйламаганим, ёшимни, илгари судланмаганимни инобатга олиб, адолатли жазо тайинлашларингизга ишонаман", — деб ўз сўзига якун ясади Тўлаганов.
Миробод туман суди томонидан Исломбек Тўлагановни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3 қисми "д" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят Кодексининг 85-моддасига асосан унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ белгиланди.