ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Навбатдаги суд мажлисида марҳум Жасур Иброҳимовнинг онаси Нилуфар Алиевага сўз берилди. Шунингдек, жабрланувчи ва айбланувчи томонларнинг адвокатлари музокаралари бўлиб ўтди. Суд мажлиси якунида эса айбланувчи Ислом Тўлаганов сўнгги сўзини айтди.
Суд мажлиси очиқ деб эълон қилинганидан сўнг, судья сўзни марҳум Жасур Иброҳимовнинг онаси — Нилуфар Алиевага берди.
"Мен ўлдирилган ўғлим ҳимояси учун сўзга чиқдим"
Жабрланувчи Нилуфар Алиева ўз сўзи аввалида инсон ҳаётига суъиқасд қилиш энг оғир жиноятлардан бирилигини эслатиб ўтди. Сўнгра давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни бирма-бир санади. Алиевага кўра, аввал бошданоқ йўл қўйилган қонунбузарлик — бу жиноий ишнинг 28 кун кечикиш билан қўзғатилгани бўлган.
"Шунингдек, тергов ҳам сифатсиз ва ғалати тартибда ўтказилган: гувоҳларнинг сўроққа тутилиши нохолис кечган, ушбу фактни судда иштирок этган гувоҳ Малика Сиддиқова тасдиқлади, суд тиббий экспертизаси вақтида ўтказилмади, ҳаттоки, айбланувчининг пойабзали ва ўғлимнинг қорнидаги из мос тушиш-тушмаслигини исботловчи тергов эксперименти ўтказилмаган. Қолаверса, ҳаётлигида ўғлимни сўроқ қилишмади…
Суд иши шу қадар тез ва шошилинч ўтказилди-ки, жабрланувчи томондан иштирок этган бирорта гувоҳ кўрсатмалари муносиб тарзда ҳисобга олинмади, шунингдек, "гувоҳ" деб аталганларнинг кўрсатмалари бир-бирига ҳамда аввалги берган кўрсатмаларига зид бўлгани, 6 кишининг 1 кишига ёрдам кўрсатмаслиги ҳолатлари ҳам ҳисобга олинмади", — деди Алиева.
Жабрланувчи, суд тиббий экспертизасининг Жасур бир эмас, бир неча киши томонидан калтакланганини тасдиқлаган хулосаси прокурор томонидан инобатга олинмагани, "қўнғироқларга жавоб бермаяпти" деган важ билан коллеж педагог жамоасига нисбатан ҳеч қандай чора қўлланилмаганини қўшимча қилди.
Ушбу жиноий иш "бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган ўта оғир жиноят" тарзида таснифланиши керак эди, деди аёл.
Давлат айбловчиси нега айбланувчига нисбатан атиги 6 йил колония жазосини сўради? Бу ҳолатга аниқлик киритишини сўрайман. Мен учун нутқ сўзлаш қанчалик оғирлигини билсангиз эди. Бутун ҳаётим дўзахга айланди, айни вақтда менга далда бериб турган ягона илинж — бу оилам. Бошига улкан мусибат тушган, жуда катта йўқотишни бошдан кечирган бир она сифатида мени тушунинг, ўтиниб сўрайман. Мен кўп нарса талаб қилмаяпман. Ўғлимнинг қотилларини Қонун ва Адолат бўйича жазолашларингизни сўрайман", — деди сўзи якунида жабрланувчи.
Адвокат Лола Исмаилова: Исломбек ўз қилмиши учун жавоб бериши шарт
Жабрланувчи томоннинг адвокати Лола Исмаилова Исломбек Тўлаганов аввал бошданоқ тиббиёт муассасаларини чалғитгани ёки бўлмаса улар ёрдамида ёлғон кўрсатмалар беришга муваффақ бўлганлигини айтиб ўтди. Адвокат судья эътиборини жиноят ишига бириктирилган тиббий маълумотномаларга қаратди ҳамда улар ёрдамида Тўлаганов нафақат айбни ўз бўйнидан соқит қилмоқчи бўлганини, балки "Жасур Иброҳимов томонидан калтакланган", деган мазмундаги хулосани берувчи бу ҳужжатлар ёрдамида бор айбни марҳумнинг ўзига ағдаришга уринганини таъкидлади.
"Ислом Тўлаганов ўз айбини қатъиян тан олмаяпти, у ўз қилмишидан пушаймон эмас, Жасур Иброҳимовнинг ота-онасидан кечирим ҳам сўрагани йўқ, ўзини кеккайган ҳолда тутди ва бу билан фақат ўзига зиён қилди", — деди адвокат Исмаилова.
Адвокат Исмаилова Тўлагановнинг шахсини тавсифлар экан, судьяга ўзга инсоннинг саломатлиги ва ҳаёти Ислом учун сариқ чақачалик эмаслигини, тиббиёт коллежи талабаси ўзга инсоннинг аъзои-баданига ҳаёт учун хавфли зарбаларни бераётганида, оқибати қандай бўлишини билмаслиги мумкинмаслигини қўшимча қилди.
"Содир этган жинояти учун у ҳозир муносиб жазо олмас экан, кейинчалик жамоатчилик учун хавфли шахсга айланиши турган гап. Лекин жабрланувчи томон унга яна бир имконият тақдим этади. Тўлаганов сўнгги сўзида содир этган жиноятини тан олиб, ўз қилмишидан пушаймонлигини айтиши мумкин", — деди адвокат ҳамда раислиқ қилувчидан айбланувчининг ота-онасига нисбатан ҳам чоралар кўрилиш кераклигини, ишни бир киши эмас, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган дея қайта квалификациялаш лозимлигини айтдиб ўтди.
"Ҳурматли раислик қилувчи, Ислом Тўлагановга, у содир этган жиноят бўйича адолатли жазо берилишини сўрайман", — деди ўз нутқи якунида адвокат Исмаилова.
Айбланувчининг адвокатлари: вазифамиз адолатни қарор топтиришдан иборат
Адвокат Фарҳод Тоҳировга сўз берилганида, у марҳум Жасурбек Иброҳимовнинг ота-онасига сабр тилади.
Сўнгра, ўз нутқи кириш қисмида "жиноят қонунида бир хил содир этилган жиноятларга, ҳаттоки, одам ўлганлиги жинояти бўйича ҳам ҳар хил жазо берилиши, оғир жиноят содир этилганлиги факти бўйича ҳам айрим ҳолатларда жазодан озод этилиш мумкинлигини" эслатиб ўтди.
Тоҳиров суд мажлисида ўтирганларга вазифаси фақатгина судланувчини ҳимоя қилишдан иборат эмаслигини тушунтирди. "Тергов ва суд органлари томонидан жиноят ва жиноят процессуал қонунларидан ташқарига чиқмасдан адолатли ҳукм чиқаришга ёрдамлашиш вазифасини адо этамиз", — деди у.
Ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими — бу врачларнинг Гиппократ қасамёдига амал қилмасликлари натижаси бўлган, деган фикрни айтди. "Марҳумнинг онаси тез тиббий ёрдам чақиртирганида, воқеа жойига малакали ходим ўрнига фельдшер юборилиши, зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган операция орадан 2 суткадан кўп вақт ўтганидан кейин ўтказилгани бунинг яққол исботи", — деди Тоҳиров.
Адвокат Исломбекнинг Жасурбекка тан жароҳати етказиш ёки уни қасддан ўлдириш нияти бўлмагани, жиноятнинг келиб чиқиш сабаби, аслида, марҳум Иброҳимовнинг безорилик ҳаракатлари бўлгани, ички ишлар тергов бошқармаси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ўлими сабабли бекор қилинганлиги — буларнинг барчаси суд томонидан инобатга олиниши кераклигини айтиб ўтди.
Адвокат айблов ҳукми тахминларга асосланиши мумкин эмаслигини қатъий таъкидлади. "Ҳимоямдаги шахс учун энди 18 ёшни қаршилаганда ушбу панжара ортида ўтиришнинг ўзи етарли дарс бўлган бўлса ажабмас" деди ва судьядан Исломбек Тўлагановнинг ҳаракатларига оқилона баҳо беришни сўради.
Нутқи якунида Тоҳиров Исломбек Тўлаганов ушбу жиноятни жабрланувчининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида содир этганлигини эътиборга олиб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104 моддаси, 3 қисм "д" бандида кўрсатилган жиноят аломатлари йўқлиги, ва, Жасур томонидан унинг ҳаёти ва соғлигига тажовуз қилинганлиги боис, унга нисбатан ҳимоя матнида келтирилган "у ўзини ҳимоя қилган" дея оқлов ҳукмини чиқаришни сўради. Яъни судьяни Тўлагановни жазодан озод қилишга чақирди.
Тўлаганов сўнгги сўзида судья адолатли ҳукм чиқаришига ишонишини айтди
Судья айбланувчи Исломбек Тўлагановга сўнгги сўзни айтишни таклиф қилганида, айбланувчи рози бўлди. Тўлаганов Жасурнинг онасига юзланиб, бўлиб ўтган воқеадан жуда ҳам пушаймон эканлигини, афсусдалигини айтди ҳамда ўз адвокатлари томонидан айтилган фикрларга тўлиқ қўшилишини маълум қилди.
Тўлаганов Жасурнинг ўлимида ўзини эмас, балки шифокорларни айблади.
"Бўлиб ўтган воқеадан қаттиқ пушаймонман, афсусдаман. Ўзимни ҳеч ҳам кечиролмайман.
Ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли халқ маслаҳатчилари!
Иккинчи сонли касалхона врачлари тўғри ташхис қўйиб, сифатли тиббий ёрдам кўрсатганида, Жасурбек вафот этмаган бўларди", — деди Тўлаганов.
Сўнгсўз ўрнида
Мана, бир жиноят иши бўйича бошланган суд ҳам якунланиш нуқтасига келиб қолди. Суд ҳукми душанба, 30 октябр куни ўқиб эшиттирилади. Шу пайтга қадар тергов материаллари, гувоҳлар кўрсатмалари, эксперт хулосаси, прокурор ва адвокатлар чиқиши, жабрдийда она нутқи ҳамда айбланувчининг сўнгги сўзини эътиборингизга ҳавола қилдик.
Адолат нима? Ким айбдор ва нима қилмоқ керак, деган саволларга бехато, аниқ жавоб бериш учун нимага асосланишимиз керак?
Шу кечаю-кундузда ижтимоий тармоқларда Жасур Иброҳимов иши бўйича интернет фойдаланувчилари орасида қизғин баҳс ҳали-ҳануз тўхтагани йўқ. Кимдир адолат қарор топишига ишонч билдирса, кимдир "адолат йўқ", деган фикрни билдирмоқда.
Ваҳоланки, суд ҳукми ўқиб эшиттирилмагунига қадар "айбсизлик презумпцияси" деган тушунча амал қилишини, шу боис, ҳеч бир шахсни у содир этган жинояти исботланмагунга қадар аввал бошдан жиноятчи деб атаб бўлмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Албатта, адолат қарор топиши учун ҳақиқатни юзага чиқариш лозим.
Поппернинг фалсафасига чуқур ҳурмат билдирган ҳолда, айни жараёнга буюк файласуф айтган ҳақиқатдан кўра, айбланувчи Исломбек Тўлагановнинг адвокати Юсуф Ибрагимов томонидан айтилган бир жумла жуда мос тушишини таъкидлаб, адвокат фикрини эътиборингизга ҳавола қиламан:
"Одамлар адолатни қарор топтириш учун қонунни ижод қилган. Қонун адолатли бўлиши учун эса унга ҳамма амал қилиши керак. Ана шундагина адолат юзага келади".