ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Бугун Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судида аёвсиз калтакланиши оқибатида ҳалок бўлган Боровский номидаги тиббиёт коллежининг собиқ талабаси, марҳум Жасурбек Иброҳимов ўлими юзасидан тўртинчи суд мажлиси бўлиб ўтди.
Бугунги суд мажлисидан эътиборан судланувчи И.Тўлагановни яна бир адвокат ҳимоя қиладиган бўлди.
Тўртинчи суд эшитувларида навбатдаги гувоҳлар Ҳурмат Ҳ. ва Муҳаммад Пўлатов (Ўлмас)нинг кўрсатмалари тингланди.
Ҳурмат ўз кўрсатмалари давомида Жасур Иброҳимовни Ислом Тўлагановдан бошқа ҳеч ким урмаганлигини таъкидлади ва уйига кетаётган вақтда Жасур яхши ҳолатда бўлганини қўшимча қилди.
Гувоҳ сифатида иштирок этган Муҳаммад Пўлатов эса айрим саволларга жавоб бера олмади.
Шунингдек, суд давомида айбланувчи Исломбек Тўлагановнинг онаси залдан туриб гувоҳларга "воқеа қандай бўлганини ўргатгани" учун огоҳлантириш олди.