ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Шу йилнинг 1 июнь куни Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов жанжал вақтида оғир жароҳат олиш оқибатида вафот этганди.
ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн мазкур воқеа юзасидан баёнот берди.
"1 июнь куни фожиали тарзда вафот этган Тошкент тиббиёт коллежи ўқувчиси 17 ёшли Жасурбек Иброҳимов оиласига чуқур ва самимий таъзия изҳор этамиз. Ўқув муассасаларидаги қўрқитиш ва безорилик дунё миқёсида борган сари ташвишли муаммога айланиб бормоқда ва ҳар куни турли жойларда болаларни зўравонлик қурбонларига айлантирмоқда.
Кўплаб одамлар ўқув муассасаларидаги болаларга нисбатан зўравонликдан кўз юмади. Зўравонликка учраган болаларнинг аксариятида бу ҳақда очиқ гапириш учун ишонч ва катталар билан ўз хавфсизлигини таъминлаш учун гаплашиш механизми мавжуд эмас.
Бундай ҳолатларни ҳал этиш учун ўқитувчи ва ота-оналарни ўқитиш, болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоя қилувчи одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш ва уларга амал қилишни таъминлаш каби йўллар мавжуд.
Тенгдошлар орасида жисмоний ва оғзаки шакллардаги безорилик турли мамлакатларда кенг тарқалган. Хўрлаш ва ижтимоий жиҳатдан ажратиш сингари билвосита безорилик ҳам болаларни хавф остига қўяди. Безорилик хулқ-атвори кўпинча жамиятда муайян гуруҳларга нисбатан устунлик, иснод ва камситишни акс эттиради.
Вақт ўтиши билан ижтимоий динамика ўзгариши ҳамда интернет ва уяли телефон сингари ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланиш ўсиб бораётгани боис болалар тобора хўрлашнинг янги шаклларига тобора дуч келмоқдалар.
ЮНИCEФ безорилик ва қўрқитиш муаммосини ҳал этишда кўпгина мамлакатларга ёрдам бермоқда. Қуйидаги олти стратегия самарали эканлиги кўпгина мамлакатларда ўз исботини топди: 1) ота-оналар, васийлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш; 2) болалар ва ўсмирларга хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишни бошқаришда ёрдам бериш; 3) зўравонлик ва каситишни рағбатлантирувчи қараш ва ижтимоий меъёрларни ўзгартириш; 4) ўқитувчилар ва ҳокимият органлари вакилларини болаларга тегишли хизмат кўрсатиш борасидаги салоҳиятини ошириш; 5) болаларни ҳимоя қилувчи қонун ва сиёсатни амалга ошириш; 6) маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш.
ЮНИCEФ болаларга нисбатан зўравонликнинг барча турларига, жумладан, таълим муассасаларида безориликка қарши курашда ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр", дейилади ташкилот баёнотида.