ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Жасур Иброҳимов ўлимида айбланиб, қамоққа олинган Исломбек Тўлаганов 27 октябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳимоя нутқини сўзлар экан, ўз адвокатлари томонидан айтилган барча гапларга тўлиқ қўшилишини маълум қилди деб хабар берди суд залида бўлган Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Судья Исломбек Тўлагановга ҳимоя нутқини сўзлаш ҳуқуқини берди.
Ислом Тўлаганов ҳимоя нутқида адвокатлари томонидан айтилган ҳамма фикрларга қўшилишини маълум қилди.
Шундан сўнг айбланувчига сўнгги сўз берилди.
"Агар Жасурбекка нисбатан қасдим бўлганида, мен унга ўқишнинг ичидаёқ қўл кўтарган бўлардим. Мен унга жавоб қайтарардим. Мени ота-онам "Ҳеч кимни ҳафа қилма, уришма" деб, "Катталарга иззатда, кичкиналарга ҳурматда бўл" деб тарбия берган.
Мен уларнинг маслаҳатларига қулоқ солганман. 3-май куни бўлиб ўтган воқеадан жудаям қаттиқ пушаймонман, афсусдаман.
Бўлиб ўтган воқеадан кейин ўзимни ҳеч ҳам кечиролмайман. Ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли халқ маслаҳатчилари.
Мен экспертиза хулосаси билан яхши танишиб чиққанман.
Ҳурматли раислик этувчи, халқ маслаҳатчилари!
Менга жазо тайинлашда, Жасурбекка нисбатан қасдим бўлмаганини, фожиа бўлишини ўйламаганим, ёшимни, илгари судланмаганимни инобатга олиб, адолатли жазо тайинлашларингизга ишонаман", — деб ўз сўзига якун ясади Тўлаганов.
Ушбу жиноят иши бўйича суд ҳукми душанба, 30 октябр куни эълон қилинади.
Ушбу жиноий иш юзасидан давлат айбловчиси Бахтиёр Акромов Иброҳимовнинг ўлимида айбланаётган Исломбек Тўлагановни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3 қисми "д" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят Кодексининг 85-моддасига асосан унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган жазони умумий тартибдаги колонияда ўташни белгилашини сўраган.