Ёшлар - улкан куч: Мирзиёев ёшларга Ҳукумат эшикларини очди

© AP Photo / Anvar IlyasovЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
30 июнь Ўзбекистон ёшлари ҳаётида тарихий бурилиш содир бўлди. Бир томондан, эндиликда бу кун Ёшлар куни сифатида байрам қилиниши айтилган бўлса, иккинчи томондан Ҳукумат ёшларга ўз эшикларини очди

TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти тарихий ўзгаришлар содир этилган "Камолот" ЁИҲ IV қурултойида қандай фикрларни билдирди, нималар ҳақида гапирди, кимларни ва нима учун танқид қилди?

Узоқ тайёргарлик кўрилган учрашув

Шавкат Мирзиёев гапни ёшлар билан учрашувга узоқ вақтдан бери тайёргарлик кўриб келганидан бошлади. Ёшлар билан тенг бўлиб, улар қалбидаги, юрагидаги ўй-фикрлар, мақсад-муддаолар, керак бўлса, ушалмай турган ниятлар билан яқиндан танишишни ўз фаолияти учун муҳим деб ҳисоблашини таъкидлади.

Пиджак на кресле - Sputnik Ўзбекистон
Президент топшириғи билан 23 ёшли йигит вазир ўринбосари бўлди
Шунингдек, президент аввал бошдан йиғилиш танқидий руҳда ўтиши ҳақида огоҳлантирди: "ёшлар сиёсати бўйича олиб бораётган ишларимизни танқидий баҳолаб, тегишли қарорлар қабул қилишни ўз фаолиятим учун ғоят муҳим деб ҳисоблайман".

Фаровон ҳаёт — мукаммал тарбиядан бошланади

Ўзбекистон раҳбари ёшлар билан учрашувда гапни тарбиядан бошлади.

"Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда", — деди президент.

Ўзбекистон болалари - Sputnik Ўзбекистон
Ёшлар ва жиноятчилик: Президент кўтарган муаммога ечим қидириб...
Шундан сўнг Мирзиёев донишмандлар бисотидан иқтибос келтирди.

"Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди", дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди", — деди президент ва эътиқод, оилавий қадриятларга путур етказаётган хавфларни санаб ўтди.

"Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, "оммавий маданият" каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда", — деди у.

Ёшларни уюштира олмаган "Камолот"

Президент бутун инсониятга путур етказаётган хавф-хатарлар ҳақида гапирар экан,  Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати қандай амалга ошириляпти, бу соҳада қандай муаммолар бор, уларни қандай ҳал қилиш керак, бу борада ёшлар ташкилотининг ўрни қандай бўлиши лозим, деган саволларни ўртага ташлади.

Камолот ЁИҲ фаоллари - Sputnik Ўзбекистон
"Камолот" нега тугатилди?
"…нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бугунги куни ва эртанги истиқболи барчамизни ўйлантириши табиий", — таъкидлади президент.

“Камолот” амалга оширган бир қанча ижобий ишларни эътироф этган ҳолда Мирзиёев ташкилот фаолиятида жиддий камчилик ва нуқсонларни санаб ўтди.

Биринчи навбатда, "Камолот" бутун Ўзбекистон ёшларини бирлаштира олмаганлиги айтиб ўтилди.

"…аксарият аъзолар "Камолот" тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас, унинг мақсад ва вазифаларини билмайди, ўз етакчиларини танимайди, Ҳаракат фаолиятида иштирок этмайди.

Натижада юртимиздаги минглаб ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда нафақат “Камолот”нинг, айни вақтда давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмоқда. Улар билан ҳеч ким деярли шуғулланмаяпти, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, десак, аччиқ ҳақиқатни тан олган бўламиз.

Бунинг оқибатида уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда.

Жиноятчининг қўлга олиниши - Sputnik Ўзбекистон
Сирдарёда ниқоб тақиб босқинчилик қилиш йўлига ўтган ёшлар қўлга олинди
Ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак", — деди президент.

Шунингдек,  замонавий кучли бир ташкилотга айлантириш учун ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмагани қўшимча қилинди.

Мирзиёев раҳбарларга: сиз кимни алдаяпсиз?

Ўзбекистон президенти айрим раҳбарлар "Камолот" учун муносиб шароит яратиб бериш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлиш, обрўсини тўкишни "иш услуби"га айлантирганини айтди.

Пустое кресло - Sputnik Ўзбекистон
Фуқаролар мурожаатига эътиборсиз бўлган ҳоким ишдан кетди
Ўтган йили Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан вилоят “Камолот” ҳаракати кенгашига Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тантанали равишда янги автобус топширилгани, лекин маросим тугаши билан автобус олиб қўйилиб, унинг ўрнига шалағи чиққан эски транспорт воситаси берилгани ёдга олинди.

"Айтинглар, бундай "ўйин"лар, кўзбўямачилик билан биз ёшларга қандай тарбия беряпмиз? Андижон вилоятининг ҳокими Ш.Абдураҳмонов, сиз бунга нима дейсиз?", — савол берди президент

"Ёшларга мана шундай беписанд, бегона муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ – улар ҳам биздан бегоналашади.  Ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, халқимиз ибораси билан айтганда, қўлини ювиб, қўлтиғига уради.

Сизлар раҳбар бўлган ҳудудларда яшайдиган ёшлар зерикканидан нима қилишни билмасдан, бемаза ишларга берилиши, безорилик, жиноят йўлига кириши, зарарли оқимларга қўшилиб кетиши мумкинлиги наҳотки сизларни безовта қилмаса?! Ёшлар учун барча шароитларни муҳайё қилдик, деб биз кимни алдаяпмиз?

Шу муносабат билан барча катта-кичик раҳбарлар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: биз энди сизларнинг фаолиятингизга пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз", — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон ёшлари учун демократик ташкилот

Президент сўзларига кўра, Ўзбекистон шароитида ёшлар ташкилоти қандай бўлиши керак, деган масала тегишли раҳбарлар, олимлар, эксперт ва мутахассислар, ёшлар вакиллари билан кўп бор муҳокама қилинган. Бу борада жаҳон тажрибаси, узоқ-яқиндаги турли давлатлар тажрибасини ўрганилган.

Ўзбекистон байроғи - Sputnik Ўзбекистон
"Темурбеклар мактаби", Ёшлар куни ва янги Давлат мукофоти ҳақида

"Ўзбекистон ёшлари расмиятчиликдан, кампаниябозликдан холи, навқирон авлод манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўла оладиган демократик ёшлар ташкилотини тузиш ҳақида ўз хоҳиш-истакларини билдиришмоқда", — деди Мирзиёев.

"Менинг назаримда, бундай фикрларда чуқур асос ва мантиқ бор. Бу таклифнинг афзаллиги шундаки, у мамлакат ёшларининг барча тоифа ва гуруҳларини қамраб олади, энг муҳими, уларни демократик принциплар асосида бирлаштиради".

Президент "Ўзбекистон ёшларининг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган мутлақо янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этсак, нима дейсизлар?", — деб таклиф киритди.

Уюшган ёшларга имтиёзлар бисёр

Ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади.

Мигрантлар - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев "Камолот" IV қурултойида хорижда юрган ёшлар масаласини кўтарди
Бундан ташқари, ўз бизнесини бошлаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли нархларда юридик, техник ва бошқа маслаҳат ёрдамларини кўрсатиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, тегишли иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бюджет маблағларини икки баробар кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Ҳунармандлик йўналишидаги тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиб берилади.

Жумладан, ёш ҳунармандларга хомашё сотиб олиш учун кредитлар бериш, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш тизими жорий этилади.

Синов тариқасида 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимига ўтиш муносабати билан бўшайдиган коллеж устахоналари негизида ёшларни, айниқса, уюшмаган ёшларни 6 ойгача бўлган муддатда бепул ўқитиш ва касбга қайта ўқитиш марказлари ташкил этилади.

Айни пайтда қўлига диплом олиб, мустақил иш бошлаётган ёшлар учун ҳам қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиб берилади.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари бу имкониятлардан фойдаланади.  Яъни, таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган бўлса, уларнинг иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи биринчи йили 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йилларда эса 25 фоиз камайтирилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва туманларда замонавий “Ёшлар кинотеатрлари”ни барпо этиш ишига бош-қош бўлиши учун "Ўзсаноатқурилишбанк" томонидан 5 йил муддатга бериладиган имтиёзли кредитлар асосида алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклиф этилди.

Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган, бакалавриат ва магистратура талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Пиджак на кресле - Sputnik Ўзбекистон
Яна бир ёш йигит нуфузли лавозимга тайинланди
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш истагини билдирган ходимларнинг ҳар йили 140 нафарига 25-30 фоиз миқдоридаги бошланғич тўлов ташкилот маблағлари ҳисобидан тўланади.

Шунингдек, Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш, ташкилотнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида тижорат банкларининг 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлари асосида уларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Матиз” ва “Дамас” автомобилларини шахсий мулк сифатида сотиб олишда қулайлик яратилади.

Яна бир муҳим масала – энди вилоят ва туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиқларининг ёшлар бўйича ўринбосарлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан лавозимга тайинланади.

Мирзиёев йиғилишни Ҳамид Ғуломнинг гўзал сатри билан якунлади

Президент ўз нутқи сўнгида ёшларга мурожаат қилар экан, суҳбат давомида кескин танқидий гаплар бўлганини ҳам қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Президент ижтимоий тармоқда ўтирадиган ёшларни танқид қилди
"Тан олиш керакки, кескин танқидий гаплар ҳам бўлди. Лекин бу гаплар қанчалик аччиқ бўлмасин, улар ҳаққоний гаплардир. Мен ўйлайманки, биз бир-биримизни тўғри тушундик", — деди президент.

"Бугун мана шу муҳташам залда тўпланган сиз, азизларни, вилоят ва туманларда видеоалоқа орқали анжуман ишини кузатиб бораётган йигит-қизларимизни, барчангизнинг ёниб турган кўзларингизни, азму шижоатингизни, навқирон куч-ғайратингизни кўриб, сизлар билан самимий суҳбатда бўлиб, очиғини айтсам, ўзим ҳам яшариб кетгандек бўлдим.

Бугунги учрашувдаги кўтаринки руҳ, баланд кайфиятни кўрган ҳар қандай одам беихтиёр машҳур шоиримиз Ҳамид Ғуломнинг:

"Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!" деган гўзал сатрини такрорлаши табиий, деб ўйлайман.

Ҳақиқатан ҳам, биз, ота-оналар, устоз ва мураббийлар сизларни, бутун Ўзбекистон ёшларини Ватанимиз, жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи деб биламиз ва сизлар ҳамиша халқимизнинг мана шундай юксак ишончига муносиб бўласиз, деб ишонамиз…

"Мана шундай улуғ мақсадга эришиш йўлида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқини том маънода мамлакатимиздаги барча ёшларнинг таянчи ва суянчига айлантириш йўлида сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, бахт ва омад ёр бўлишини тилаб қоламан", — деб ўз нутқига якун ясади президент.

"Мен нима дейман, қўбизим нима дейди"

30 июнь Ўзбекистон ёшлари ҳаётида тарихий саҳифага айланди. Эндиликда бу кун Ёшлар куни сифатида байрам қилиниши айтилган бўлса, иккинчи томондан Ҳукумат ёшларга ўз эшикларини очди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Президент ОАВ ходимларига савол берди
Президент ўз нутқи давомида танқид билан тилга олган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари (Ўзбекистон Халқ ёзувчисидан тортиб, бозордаги тадбиркоргача) ёшларга берилган улкан ваколат ва имтиёзларни эмас, балки "Ёшлар" телеканалига раҳбар этиб тайинланган Озодбек Назарбековни муҳокама қилишни афзал билдилар.

Аксарият фойдаланувчилар постида "шу лавозимга мос журналист топилмадими", деган фикр кўзга ташланди.

Ўзи тадбиркор бўлса-да, ижтимоий тармоқда эълон қилиб борадиган "аччиқ" ҳазиллари, латифамонанд луқмалари билан "facebook юлдузи"га айланиб бораётган Дима Қаюм Sputnik Ўзбекистон нашрига интернетдаги шов-шувга айланган ушбу тайинлов ҳақида шундай деди:

"Озодбек Назарбековга келсак, менимча тўғри қарор. Буни қўллаб-қувватлаш керак. Тўғри, баъзиларга алам қилган бўлиши мумкин, лекин Озодбек ҳам халқ хизматида юрган санъаткор, у халқ дардидан хабардор", — деди у.

Тўғри, кимни ёки нимани муҳокама қилиш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида, лекин мана шу биргина муҳокамани мисол қилиб оладиган бўлсак, ёшларнинг фикрлаш доираси, онги, ижтимоий фаоллигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти нақадар юқори эканлиги кўриниб қолди.

Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашуви чоғида ОАВ ходимларига мурожаат қилиб: "Ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-ниятлари, энг муҳими, уларни қийнаётган масалалар, афсуски, радио ва телевидение, газета ва журналларда ўз ифодасини тўлиқ топмаяпти. Гўёки ҳамма нарса жойида, олам гулистон. Агар ҳаммаси жойида бўлса, тўғри йўлдан адашган ёшлар, жиноятчилик, ишсизлик қаердан пайдо бўляпти? Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?", деб савол берганди.

Ўйлайманки, ОАВ ходимлари Ўзбекистон раҳбарининг бу саволларини савол эмас, балки ўз фаолиятларини амалга оширишда шижоат тақдим этган даъват сифатида қабул қиладилар.
Янгиликлар лентаси
0