ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқида ижтимоий тармоқларда ўтирадиган ёшларни танқид қилди.
"Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани сизларга маълум. Лекин, кўплаб болаларимиз китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани — бу ҳам бор гап.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Интернет тизими орқали маънавий тарғибот ишларини, жумладан, электрон китобхонликни кучайтириши зарур", — деди Мирзиёев.
"Нега деганда, биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз" — қўшимча қилди президент.
Ўзбекистон раҳбари аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили "Энг китобхон мактаб", "Энг китобхон маҳалла", "Энг китобхон оила" каби йўналишларда танловлар ўтказиш, якуний босқич ғолибларини тақдирлаш учун қимматбаҳо совғалар, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни мукофот тариқасида беришни таклиф қилди.
"Ўйлайманки, бу жуда катта рағбат бўлади", — қўшимча қилди Мирзиёев.