ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати IV қурултойида Ўзбекистон президенти хорижда юрган ёшлар масаласини кўтарди.
Президент бу масалада гапни бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи энг асосий вазифа бўлиб турганидан бошлади.
Шу маънода, бугунги кунда мамлакатда тобора кенг тарқалиб бораётган "Ўз болангни ўзинг асра!" деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши зарурлигини таъкидлади.
"Бунинг учун бу масалани, яъни, ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди, деб ўйлайман. Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, адлия вазири М.Икромов бир ой муддатда ушбу масала юзасидан тегишли таклифларни тайёрлаб, киритиши зарур", - деди президент.
"Ҳозирги вақтда чет элда ишлаб юрган айрим ёшларнинг терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолаётгани билан боғлиқ муаммо барчамизни қийнамоқда.
Лекин, қайси ҳоким ёки вазир, қайси жамоат ташкилотининг раҳбари мана шу ёшлар хорижда нима қилиб юрибди, қандай кун кечиряпти, деб қизиқиб кўряпти?
Бу масала бўйича Давлат маслаҳатчиси А.Юнусхўжаев, ташқи ишлар вазири А.Комилов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда таклиф киритиши кераклиги айтиб ўтилди.