ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Кеча Тошкентда "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг расмий веб-сайти хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбирда нутқ сўзлади, жумладан, турли диний оқимларга қўшилиб кетаётган, адашган фуқароларни тўғри йўлга қайтариш борасида қуйидагича фикр билдирди.
"Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқяпмиз. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаётган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш — бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди", — деди Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти йиғилган имом-хатибларга мурожаат қилар экан, соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилиш аввало улардан сўралишини, улардан ибрат олинишини билдирди.
"Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг.
Агар маҳаллангизда бирорта бола зарарли диний оқимга кириб қолган бўлса, уни нотўғри йўлдан қайтаришга ҳаракат қилинг.
Аввало, улар билан гаплашиб, бу — ота-боболаринг йўли эмас, бу йўлдан қайт, ҳақиқат мана бу ёқда, тинчлик ва эзгулик йўлидан бориб, ҳеч ким кам бўлмаган, деб уларни соғлом эътиқодга ишонтириш керак. Билим билан, ақл ва маърифат, намунали ишлар билан ишонтириш керак. Тарихдан, бугунги ҳаётимиздан олинган ҳаётий, таъсирчан мисоллар билан инонтириш керак.
Бундай тарғибот, бундай ташвиқот сизларнинг қўлингиздан албатта келади", — деди президент.
Шавкат Мирзиёев хусусан йўлдан адашганлар ҳақида фикр билдирар экан, уларни дарҳол душманга чиқариб қўймасликни сўради.
"Йўлдан адашган болани дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз керак. Унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билсин. Зора, шунда уларнинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса…
Бир боланинг йўлдан адашиши — бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак. Биз эса, афсуски, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз, у фалончининг акаси ёки ўғли, деб уларнинг нафратини баттар авж олдирамиз, айбсиз одамларни ашаддий душман қиламиз.
Натижада нима бўлади? Кулфат камайиш ўрнига кўпаяди. Бошқа оилалар ҳаётига ҳам кириб боради.
Бугун шу масалани кўндаланг қўядиган вақт келди.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний "Олижаноб кишилар узрни қабул қилур", деб таъкидлаган эканлар. Халқимиз — мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта гуноҳидан кечади. Шунинг учун ҳозирги кунда қанча адашганларни кечириб, тўғри йўлга соляпмиз. Бирини ўқишга, бирини ишга, бирини касбга қайтаряпмиз.
Минг афсуски, зарарли диний оқимга кирган болани "Бу — қўшнининг боласи, бошқа қишлоқ ёки туманнинг боласи", деб лоқайд бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Кимдир четга чиқиб, экстремистларга қўшилиб юрган бўлса, баъзи раҳбарлар, у Фарғонадан эмас, Андижондан, Қашқадарёдан эмас, Самарқанддан, деб бепарво бўлмоқда. Лекин у Ўзбекистон фарзанди, Ўзбекистон фуқароси-ку!
Шу муносабат билан бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистонда давлат давлатчилигини қилади, қонун устувор бўлади. Худога шукур, давлат раҳбари сифатида буни таъминлашга менинг кучим ҳам, билимим ва салоҳиятим ҳам албатта етади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким, ҳеч қачон эсидан чиқармасин",-деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.