ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.
Ташкил этиладиган янги марказ ислом маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб етишиши, навқирон авлоднинг қалбида буюк аждодларимизга муносиб бўлишдек юксак туйғуларни шакллантиришга хизмат қилади.
Президент бунёд этилаётган марказнинг умумий концепцияси, атрофини ободонлаштириш бўйича қилинадиган ишлар лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Муборак Рамазон ойида бундай эзгу ишларни бошлаш ва амалга ошириш ҳар жиҳатдан хайрли ва мақсадга мувофиқдир, деди Мирзиёев.
Лойиҳаларда мажмуа атрофини ободонлаштириш, йўлларни кенгайтириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш ва таъмирлаш лозимлиги ўз аксини топган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти 21-май куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. Ўзбекистон билан Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказини ташкил қилиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.