Компьютер болалари ёхуд Интернетга тобе тақдирлар

© Jean-Pierre DalbéraКомпьютер ўйнаётган болалар
Компьютер ўйнаётган болалар - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мобил қурилмалар ва Интернет тармоғининг чексиз имкониятлари салбий оқибатлар келтириб чиқараётгани кишини ташвишга солади

ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Инсоният пайдо бўлибдики, изланишда. Эҳтиёжига қараб, ўзи зарур деб ҳисоблаган нарсани ё тасодифан ёки ўйланиб-изланиб яратиб боради. Унинг ўз меҳнатини енгиллаштириш, одамларга наф келтириш мақсадида яратган нарсалари ҳам гоҳида ёмонлик йўлида ишлатилиши мумкин.

"Ниятига яраша амали" деган нақл бор. Оддий пичоқ ошпаз қўлида ширин овқатлар тайёрлашга ишлатилса, бадният кишининг қўлида совуқ қуролга айланади.

Ҳозирда ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб келган мобил қурилмалар ва Интернет тармоғининг афзалликларини санасак бармоғимиз етмайди. Бироқ уларнинг чексиз имкониятлари салбий оқибатлар ҳам келтириб чиқармоқдаки, бу кишини ташвишга солади.

Разолат тарғиботчилари

2001 йили АҚШ полицияси Интернет тармоғида болалар порнографияси билан шуғулланувчиларга қарши операцияни амалга оширган, болалар порнографиясини тарқатувчи юзлаб веб сайтларнинг эгаларини ҳибсга олганди.

Мактаб ўқувчилари компьютер клубида - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда тунда ноқонуний фаолият кўрсатаётган интернет клублар аниқланди

Ҳукумат вакилларининг айтишларича, улар болалар порнографиясини тарғиб қилувчи энг катта тармоқни аниқлашган. Бу сайтнинг 250 мингдан зиёд мижози борлиги қайд қилинган. Полиция бу шаҳвоний тарғиботчи фаолиятини икки йил давомида кузатди. Операция 1999 йилда эр-хотин Томас Риди ва Жонисларни ҳибсга олишдан бошланганди.

Улар бошқарган фирма ойига 29 доллар эвазига болалар порнографиясига оид фото ва видеоматериалларни Интернет орқали обуначиларга етказиб турган. Бундан ташқари, улар мана шундай мавзудаги хусусий эълонларни жойлаштириш билан ҳам шуғулланишган.

Полиция сайтни назоратига олди ва унинг фойдаланувчилари билан мулоқотга киришди. Фойдаланувчилар буюртма беришлари биланоқ, уларнинг уйига полиция етиб келиб тинтув ўтказди. Ҳаммаси бўлиб 37 штатда 144та тинтув ўтказилди.

Маълум бўлишича, фирманинг бир йиллик соф даромади 1,4 миллион долларни ташкил этган. Унинг 40 фоизини эр-хотинлар олишган. Қолган қисмини эса хориждаги ҳамкорларга беришган. Томас Риди қонуннинг 89та моддаси билан айбланди ва 1335 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг хотини эса 14 йилга қамалди.

Ойнинг орқа томони

Канадада 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган олти мингдан ортиқ болалар иштирокида тадқиқот ўтказилди. Тадқиқотдан асосий мақсад, болаларнинг Интернетдан қандай мақсадларда фойдаланишларини ўрганиш эди. Маълум бўлишича, болалар ота-оналари ўйлаганидек, ҳар доим ҳам илм олиш учун Интернетдан фойдаланишмас экан.

Сўровда қатнашган болаларнинг 99 фоизи Интернетдан фойдаланишини, ҳар 10 нафар боладан 8таси бевосита ўз уйидан Интернетга уланишини билдирган.
Болалар Интернетдан мусиқа ва клиплар кўчириш, турли ўйинлар ўйнаш, танишлари билан суҳбатлашиш учун фойдаланишар экан. Сўровда қатнашган болаларнинг учдан бири янги танишлар орттириш мақсадида Интернетдан фойдаланишларини билдиришган.

АҚШда Girl Scout Research институти ўсмир қизлар ўртасида сўров ўтказган. Сўровдан маълум бўлишича, қизларнинг 30 фоизи чатлар (онлайн суҳбат)да турли шаҳвоний ишларга ва жинсий муносабатларга таклиф этилган.

Қотилга айланган "беозор" болалар

Илгари назоратсиз бўлган болалар кўча-кўйда турли безориларга қўшилиб, жиноятчига айланарди. Ҳозир эса эрталабдан-кечгача "беозоргина" бўлиб компьютер ва Интернетдан бош кўтармайдиган авлод пайдо бўлдики, улар қандай нарсаларни кўраётганлиги кўпинча ота-оналарни қизиқтирмайди.

Афсуски, айнан мана шу бепарволик мудҳиш оқибатларга ҳам олиб келмоқда. Мисолларга мурожаат қилайлик.

2015 йилда Челябинск вилоятида 15 ёшли Антон Ш. исмли ўсмир ота-онасини пичоқлади. Бунга эса онасининг унга ҳадеб компьютер ўйнаб ўтиравермасдан дарс қилишини буюргани сабаб бўлди.

Болалар компьютер ўйнамоқда - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда таъқиқланган компьютер ўйинлари рўйхати пайдо бўлди

Кунига саккиз соатлаб турли қотилликлар тасвирланувчи компьютер ўйинларини ўйнаш натижасида мактабда аъло баҳоларга ўқиган, фанлар олимпиадаси иштирокчиси қотилга айланди. Онасининг сўзларидан ғазабга минган Антон ошхонага кириб пичоқ олди ва ота-онасига ташланди. Она жон берди, отасининг эса ҳаёти сақлаб қолинди.

Волгоградда 16 ёшли Лёша Р. бузилиб қолган компьютерини тузатиш учун пул бермагани учун онасини болта билан чопиб ташлади. Виртуал ўйинларда "қотилликлар" қилишнинг ҳадисини олган ўсмир онасининг жасадини ҳовлиси яқинига олиб бориб кўмиб қўйди. Ўгай отасига эса онасининг қариндошлариникига кетганини айтди. Бир неча кундан кейин ота ташвишланиб полицияга хабар берди. Аёлнинг жасади 12 кундан кейин топилди.

Краснодарда 15 ёшли Ярослав М. отасини унга компьютер ўйнашни тақиқлагани сабабли ўлдиргани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Отаси уни дарсларга бормай қўйгани учун уришиб, компьютернинг клавиатурасини яшириб қўяди. Ярослав ярим тунда ухлаб ётган отасининг бошига куволда билан бир неча марта зарба беради. Сўнг онасига агар клавиатурани топиб бермаса уни ҳам ўлдиришини айтади. Даҳшатга тушган она унга клавиатурани топиб беради. Ўғил бамайлихотир хонасига кириб яна ўйин ўйнашга тушади. Она полиция ва тез ёрдамга қўнғироқ қилади. Тез ёрдам етиб келганида ота аллақачон жон бериб бўлганди. Қўшниларининг айтишича, отаси ўғли учун ҳеч нарсани аямаган. У нимани сўраса олиб берган…

Ижевскда 17 ёшли йигит отасининг қотилига айланди. У бутун кунини Интернетда ўтказар, турли онлайн ўйинлар ўйнарди. У ҳаттоки хонасидан кунлаб чиқмай қўйди, овқатини ҳам хонасида ейдиган бўлди. Сабр косаси тўлган ота унинг компьютерини олиб қўймоқчи бўлганида йигит отасини пичоқлади.

Кемеровода 14 ёшли Саша К. компьютерда ўйин ўйнаётганида чалғитгани учун 20 ёшли опасини ғишт парчаси билан уриб ўлдирди. Сашанинг ўқитувчилари у мактабда жуда яхши ўқигани, лекин кейинги олти ойда ўзлаштириши пасайганини билдиришди.

Петрозаводскда 22 ёшли йигит 80 ёшли бувисини калтаклади. Тергов пайтида у "Бувим компьютер ўйнашимга халақит бергани учун калтакладим" деди.

Хитойда тинимсиз 19 соат компьютер ўйнаган йигит компьютери олдида жон берди.

Бошқирдистонда оёғи синиб қолиб уйида даволаниб ётган 17 ёшли ўсмир 22 кун компьютер ўйнагач вафот этди.

Китоб ярмаркаси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонлик ўсмирларнинг ярми китобдан кўра компьютерни афзал кўради

Тайванда 32 ёшли киши уч сутка тинимсиз комьютер ўйнагани оқибатида юраги ушлаб қолиб вафот этди. Хитойнинг Нантун шаҳрида яшовчи 19 ёшли йигит компьютер ўйнаш касаллигидан қутулиш учун ўз қўлини кесиб ташлади…

Яқинда Ўзбекистонда ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этган 12-16 ёшли ўсмир болаларнинг ярми кўпинча тенгдошлари билан суҳбат қуриш, компьютер ўйнашни афзал билади. Ўсмирларнинг 43,7 фоизи ўқув адабиётини ўқиш билан чекланар экан. Ҳар ўн иштирокчидан бирининг тан олишича, ўқув адабиётидан бошқа китоб ўқимайди.

Булар ўйлаб топилган воқеалар эмас, бугунги кунда атрофимизда содир бўлаётган ҳодисалардир.

"Ўлим гуруҳлари"

Кундалик турмушимизда мустаҳкам ва таъбир жоиз бўлса асосий ўрин эгаллаб олган смартфонлар ҳам кейинги вақтда ижобийдан кўра кўпроқ салбий таъсирга эга бўлиб бормоқда. Турли мессенжерлар орқали ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга ундовчи "ўлим гуруҳлари" фаолияти айниқса хавотирли.

Қозоғистон ички ишлар вазири К.Касимов баёнотига кўра 2017 йилнинг январ, феврал ойлари давомида Қозоғистонда 63 та "ўлим гуруҳлари"га жалб этиш ва 15 боланинг ўз соғлиғига шикаст етказиш ҳолатлари аниқланган.

Компьютер ўйинларини яхши кўрадиган болакай - Sputnik Ўзбекистон
Эҳтиёт бўлинг! "Ўлим гуруҳлари" Тошкентгача етиб келди

ОАВда "ўлим гуруҳлари" деб ном олган бундай гуруҳлар одатда ижтимоий тармоқлар орқали асосан мактаб ёшидаги болаларни жалб қилади. Гуруҳлар тажрибали психологлар томонидан бошқариб борилади.

Касимов Қозоғистонда фаолият юритган ана шундай гуруҳлардан иккитасининг номини тилга олди: "Кўк кит" ва "Тинч уй". Ушбу гуруҳлар ўз фаолиятини ўйин сифатида олиб борган.

Гуруҳ аъзолари турли топшириқларни бажариб, уни видеога олиши ва гуруҳда намойиш қилишлари керак бўлган. Масалан, баданига пичоқ ёрдамида турли тасвирлар чизиш ёки тез кетаётган автомобиль олдидан сўнгги дамда югуриб ўтиш каби…

Бу ўйинларда "топшириқлар" босқичма-босқич мураккаблашиб боради ва энг охирги топшириқ ўз жонига қасд қилиш бўлади. Топшириқни бажаришдан бош тортган болаларни эса уларнинг оила аъзоларини ўлдириш билан қўрқитишади.

Вазир хабарига кўра "ўлим гуруҳлари" билан курашишда маълум қийинчиликлар бор, чунки гуруҳ бошловчиларининг кўпи чет элда туриб фаолият юритмоқда. Айни дамда Қозоғистон ИИВ томонидан уларни техник блокировка қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ўтган йил давомида Қозоғистон ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан ушбу каби жиноятлар учун 44 та жиноий иш қўзғатилган, 16 нафар бола қурбон бўлган.

ОАВ маълумотларига қараганда, 2016 йилда Россияда 720 нафар, Қирғизистонда 95 нафар ва Қозоғистонда 33 нафар ўсмир шу ўйин туфайли ўз жонига қасд қилишган.

"Лайкпараст" авлод

Афсуски, ўз тақдирини ўзгалар қўлига топшириш, ўзгаларнинг фикри билан ҳаракат қилиш бугунги ёшларни борган сари ўз домига тортмоқда. Ота-она эътибори, меҳридан четда қолаётган ёшлар виртуал оламдан меҳр изламоқда, виртуал оламдагиларнинг фикрига қараб иш тутмоқда.

Йўловчилар Калуга аэропорти биноси яқинида. - Sputnik Ўзбекистон
Селфи қиламан деб, тўққизинчи қаватдан қулади

Бугунги кунда смартфон ва интернет оламига бегона бўлмаганлар луғатидан "селфи" сўзи ўрин олган. Ўзини турли ҳолатларда суратга тушириб ижтимоий тармоққа жойлашга ишқибозларнинг фикри зикри бир нарсада — имкон борича кўпроқ фойдаланувчиларнинг "лайк"ини йиғиш, суратлари билан интернетдаги етти ёт бегоналарни қойил қолдириш.

Статистикага кўра, "селфи" сўзи ҳар куни Facebookда 365 000 марта ва Твиттерда 150 000 марта тилга олинар экан. Instagramда эса бу сўздан фойдаланилган хэштеглар 5 000 000дан ошади.

Сўровлардан маълум бўлишича, 18 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар томонидан олинган фотосуратларнинг 30%и селфи экан.

Ўзгаларнинг баҳосини олиш истагидаги ёшлар ўз саҳифаларида ҳайратланарли суратларни жойлаш мақсадида ўзларини турли хатарларга қўйишмоқда. Улар кўпинча уйларнинг томларида, йиртқич ҳайвонлар олдида, яқинлашиб келаётган поезд рўпарасида суратга тушишмоқда. Мақсад, "лайк" йиғиш.

Ҳақиқатан ҳам улар бу мақсадларига эришишади, фойдаланувчилар уларнинг бу "жасорати"дан ҳайратланиб қойил қолганликларини билдиришади, бундан ҳам хавфли жойларда суратга тушишини сўрашади. Лекин суратга тушаётган одам бир нарсани ўйламайди: у жонини хатарга қўяётганлиги бошқаларни қизиқтирмайди.

Селфига тушиш вақтида ҳалок бўлган шахс ҳақидаги илк хабар ОАВда 2014 йил мартида пайдо бўлган. Ўшандан буён селфига тушиш чоғида ҳалок бўлганлар сони муттасил ошиб бормоқда: 2014 йилда 15 киши, 2015 йилда — 39, 2016 йил саккиз ойи давомида —73 киши ҳалок бўлган.

16та ҳолатда бир вақтнинг ўзида икки киши селфига тушаётиб ҳалок бўлган, бешта ҳолатда уч киши, иккита ҳолатда етти киши ва битта ҳолатда беш киши бир вақтнинг ўзида ҳалок бўлган!

Кўлбарлар - Sputnik Ўзбекистон
Аҳмоқона ўлим: селфи деб кўлбарни ўпмоқчи бўлган ҳиндистонлик ҳалок бўлди

Селфи жараёнида ўлимга сабаб бўлган ҳолатлар орасида биринчи ўринда баландликдан йиқилиш турса, иккинчи ўринда сувга чўкиб кетиш туради. Бундан ташқари, ЙТҲ, поезд остида қолиш, қуролдан ўлиш, ҳайвонлар ҳужуми ва ток уриб ўлиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Масалан, 2015 йил мартида Ҳиндистондаги Нагпур кўлида еттита бола қайиқда селфига тушмоқчи бўлиб чўкиб кетишган. Яна тўртта бола Нармада каналида қирғоқда суратга тушмоқчи бўлиб каналга тушиб кетиш оқибатида ҳалок бўлган.

2015 йил августида хитойлик 25 ёшли йигит Лонг Мен шаршараси устида селфига тушмоқчи бўлади ва эҳтиётсизлик оқибатида сирпаниб кетиб 30 метрли жарликка қулаб ҳалок бўлади.

Бир ойдан сўнг россиялик 17 ёшли талаба тўққиз қаватли бино томида осилиб селфига тушмоқчи бўлади. Лекин осилиб турган қўли чиқиб кетиб пастга қулайди.

Филиппинда 19 ёшли қиз 20 қаватли бино томидан селфига тушаман деб нариги дунёга равона бўлади.

Руминияда Анна Урсу исмли қиз юриб кетаётган поезд томида селфига тушмоқчи бўлганида электр симига урилиб жизғанак бўлган.

АҚШнинг Колорадо штатида икки ўринли самолёт ҳалокатга учради. Ҳалокатга эса учувчининг парвоз вақтида селфига тушишга уриниши сабаб бўлган.

Яқинда Ҳиндистонда балоғат ёшидаги йигит селфи учун кўлбар илонни ўпишга уриниб, ҳалок бўлди.

Олти нафар ўспирин Нью Йорк шаҳри Марказий паркидаги ҳовузни қоплаган муз остига тушиб кетди. Улар биргаликда тўпланиб селфига тушмоқчи бўлишганда, оғирликка бардош бера олмаган муз ёрилиб, ўсмирлар сувга тушиб кетган. Яхшиямки, улар қутқариб олинди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг ачинарлиси, ана шундай суратларни кўрган ёшлар уларникидан ҳам зўр суратини жойлаш, минглаб "лайк" йиғиш истагида жонларини жабборга беришмоқда.

Морж - Sputnik Ўзбекистон
Хитойда селфи қилмоқчи бўлган сураткашни морж сув остига тортиб кетди

Куни кеча дўстим билан телевизорда тасодифий гувоҳлар олган тасвирлар ҳақидаги кўрсатувни кўриб қолдим. Лавҳалардан бирида саркаш дарёда ағдарилиб кетган қайиқ ва қайиқдан йиқилиб тошга осилиб сувдан чиқолмаётган қиз акс этди. Қиз билан бир қайиқда бўлган шериги унга қўлини узатиб ёрдам бериш ўрнига телефонини олиб қизнинг қийналаётганини тасвирга олмоқда. Бир лаҳзада интернет юлдузига айланиш истаги ундаги инсонийликни четга суриб ташлаган.

Дўстим ҳам худди шунга ўхшаш воқеани бошидан кечирганлигини айтиб қолди.

"Жиззахдан машинамда келаётгандим. Бирдан тутаб ёниб кетди. Дарҳол тўхтатиб пастга тушдим ва ердан қум олиб оловни ўчиришга тушдим. Нарироқда уч-тўртта йигит турган экан, улар менга ёрдам бериш ўрнига чўнтакларидан телефон чиқариб ёнаётган машинамни суратга олишга киришиб кетишди", дейди у.

Ютуб каналидаги айрим лавҳаларни кўрсангиз, наҳотки шу лавҳаларни инсонлар қўйган бўлса деган шубҳага борасиз. Бу лавҳалардаги беҳаёликлар, аёллар ва қизларнинг оғзидан чиқаётган сўзлардан илон пўст ташлайди. Қайсидир аёл эри билан нима қилишини айтиб мақтанса, яна кимдир қўшни вилоятнинг йигитларига "видеожавоб" йўллайди.

Ижтимоий тармоқларда айрим санъаткорларнинг ўз баданларини реклама қилиб суратга тушиш орқали ёшларга "ўрнак" бўлишларига ҳам фақат "қойил" дейиш мумкин.

Буларнинг бари фойдаланувчиларнинг "олқиш"ини олиш, атрофдагиларни қойил қолдириш мақсадида қилинмоқда ва кўпинча салбий оқибатларга олиб келмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги "диндор"лар

Ижтимоий тармоқлар нафақат ўзаро мулоқот воситаси, балки кучли ва таъсирчан тарғибот қуролига ҳам айланиб улгурди. Дин борасида тушунчага эга бўлмаганлар, ҳар нарсага қизиқувчан ва таъсирчан ёшлар ана шундай тарғиботчилар таъсирига осонгина берилиб қолмоқда.

Суд белгиси - Sputnik Ўзбекистон
Жиззахда "Иегова шоҳидлари" сектасига қизиққан қиз жазоланди

Аэропортлардаги божхона текширувларида телефонида тақиқланган диний ташкилотларга тегишли тасвир ва эшиттиришлар, лавҳалар сақлаб келган, тақиқланган адабиётларни олиб ўтишга уринганлар аниқланганлиги ҳақида хабарлар чоп этилмоқда.

Ижтимоий тармоқ орқали тарғибот таъсирига тушган Варвара Караулова университетдаги ўқишини ташлаб, Сурияга кетмоқчи бўлганида Туркияда қўлга олинганди.

Жиззахда 24 ёшли қиз "Иегова шоҳидлари" сектасига тегишли диний мазмундаги видеолавҳа ва ён дафтарчасида турли мазмундаги ёзувлар сақлаб келганлиги сабабли жаримага тортилди.

"Қанийди, паролини билвосам…"

Болаларнинг компьютер ва интернетга тобе бўлиб қолишларига аксарият ҳолларда ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлиб қолишмоқда. Фарзандга ортиқча меҳр кўрсатиш, унинг барча истакларини муҳайё қилиш ва ёки аксинча, унга буткул эътиборсиз бўлиш, унинг юриш-туриши билан қизиқмаслик болаларнинг виртуал оламга кириб кетишларига олиб келмоқда.

Танишларимдан бири шундай ҳикоя қилади: уйда ҳам анча-мунча ишларимни бажариш учун компьютер сотиб олдим. Олти ёшли ўғлим баъзи-баъзида ўйнаб туради дея унга икки-учта ўйин ҳам ўрнатдим ва кунда ярим соат унга ўйин қўйиб бериб турдим.

Бир-икки ҳафтадан кейин у компьютер бўшаши билан югуриб ўйин ўйнашга ўтирадиган бўлиб олди. Кейин эса овқатланишга чақирсак "қорним тўқ" деб, компьютер олдидан кетмайдиган бўлиб қолди.

Компьютерга парол қўйганимдан кейингина овқатга чақирсак чиқадиган, компьютернинг олдига ҳадеб бормайдиган бўлди. Ҳар куни кечқурун ётишдан олдин эса "қанийди, паролини билвосам" дейдиган одат чиқарди. "Нима қилардинг?" деб сўрасам, "маза қилиб компьютер ўйнардим" деган жавобни айтди. Унинг фикр-хаёли компьютер ўйнаш бўлиб қолганлигини тушуниб, барча ўйинларни ўчириб ташладим.

Виртуал олам фуқаролари ёки "бир қўлли" болалар

Психологларнинг фикрича, компьютерга боғланиб қолиш ўз ичига уч босқични олади. Биринчи босқичда ўсмир компьютер имкониятларини ўрганади, ўзини виртуал воқеликка тайёрлайди. Иккинчи босқичда ўсмир бор имкониятларини ишга солишни ўрганади ва кўп вақтини компьютер олдида ўтказа бошлайди.

Интернет унинг учун ягона ахборот ва мулоқот манбаига айланади. Ўсмир виртуал воқеликни ҳақиқий ҳаёт деб қабул қилади.

Тобеликнинг учинчи босқичида эса у бутун вақтини компьютер олдида ўтказади, уни бу оламдан олиб чиқишга бўлган ҳар қандай уринишга нисбатан ғазаб билан муносабатда бўлади.

Шармандали роликларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Ўсмирларнинг виртуал оламга тобелиги қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

Ўйинга тобелик — турли қизиқарли ўйинларга маҳлиё бўлган ўсмир борлиқни унутади. У фаол ҳаётдан узоқлашади, ҳаттоки овқатланиш, ўзига қараш, дам олиш, табиий эҳтиёжлари учун сарфлаш лозим бўлган вақтини ҳам ўйинга бағишлайди;

Виртуал танишувларга ружу қўйиш — фақат Интернет тармоғидан дўст қидириш билан банд бўлади, реал ҳаётдаги дўстона муносабатларни унутади;

Web-серфинг — уззукун Интернетда ўтириш. У аниқ мақсадсиз у сайтдан бу сайтга ўтади. Асосийси, Интернет бўлса бўлди.

Киберсексуал тобелик —порносайтларни томоша қилади, виртуал сексга муккасидан кетади.

Виртуал оламга тобе бўлганларда қуйидагилар намоён бўлади:

Унинг кайфияти Интернетга уланиш имкониятига бевосита боғлиқ. Интернет бўлмаса асаби бузилади;

Ҳамма билан фақатгина компьютерга алоқадор мавзуда суҳбатлашади ва одамларга бу қизиқ эканлигига ишонади;

Компьютер қаршисида ўтирганида ҳар қандай қизиқ таклиф билан ҳам уни жойидан қўзғатиш мушкул бўлади;

Иш ёки ўқиш билан банд бўлган чоғида ҳам почтасини, ижтимоий тармоқдаги саҳифасини кўришга вақт топади (баъзи ўсмирларга иш буюрсангиз, иш қилаётган вақтида ҳам бир қўлида смартфони бўлади ва асосий эътибори ишга эмас, смартфонига қаратилади);

У вақтни ҳис қилмайди, соатлаб ўйин ўйнаши ёки Интернетда сайр қилиши мумкин;

Хотираси ёмонлашади. Кўп нарсани компьютери ёрдамида эслайдиган, аммо миясида ҳеч нарса турмайдиган бўлиб қолади;

Моддий имконияти йўқ бўлса ҳам Интернетсиз тура олмайди. У ейиш-ичиш, кийинишдан тежаб бўлса ҳам биринчи навбатда Интернет учун пул сарфлайди;

Компьютер қаршисида роҳатланади, бошқа вақт эса атрофдагиларга бефарқ бўлади;

Кўчага чиқмай қўяди;

Дўстлари билан учрашмайди, ҳақиқий ҳаётдаги танишлари билан мулоқот қилмай қўяди.

Бугунги ўсмир эртага халқ бўлади

Ёшларни юқорида айтиб ўтилган хатарлардан асраш учун нима қилмоқ керак?

Биринчи навбатда эътибор керак. Ота-оналар фарзандининг смартфон, планшет ёки компьютерида қандай ўйинлар ўйнаётганини, ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилаётганидан хабардор бўлиб туриши лозим. Ҳафтада бир марта бўлса ҳам унинг гаджетларини текшириб турсангиз (бунга кўп вақт кетмайди), фарзандингиз турли бемаъниликларга йўлиқишининг олдини олган бўласиз.

Колония - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда одамларни ИДга ёллаган шахс саккиз йилга қамалди

Интернет деярли назорат қилиб бўлмайдиган тармоқ. Ундаги мавжуд ахборотлардан фойдаланишни тўла назорат қилиш ҳам мушкул. Ўсмирнинг Интернетдан фойдаланишини чеклаш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Чунки у Интернетга кириш учун барибир имкон топа олади.

Шунинг учун уни имкон қадар кўпроқ машғулотлар билан банд қилингки, компьютерга ружу қўйган ўсмир ундан узоқлашсин. Турли спорт машғулотлари, тўгараклар, мусиқа дарслари, уй юмушлари бу борада энг яхши восита ҳисобланади.

Фарзандингизга кўпроқ эътибор қаратинг, ўз ишларингиздан ортиб, унинг қизиқишлари, орзулари, юриш-туриши билан қизиқинг.

Бугунги ўсмирлар эртага халқ бўлади. Маънавияти бутун, ўз дунёқарашига эга, ўзгалар фикрига қарам бўлмаган халқнинг келажаги буюк бўлади.

P.S. ОАВнинг хабар беришича, Хитой ҳукумати 18 ёшга тўлмаган компьютер ўйинчилари учун комендантлик соатини татбиқ этмоқда. Ҳукумат вояга етмаган геймерларга ярим тундан эрталабки соат 8га қадар ўйнашни тақиқламоқчи.

Бу қонун лойиҳаси мобил ва бошқа қурилмаларни ҳам кўзда тутади. Унинг бажарилиши махсус дастурий таъминот томонидан назорат қилинади.

Аввалроқ Хитойда ўйинчилар онлайн-ўйинларда рўйхатдан ўтишлари жараёнида шахсни тасдиқловчи ҳужжатдан фойдаланишлари мажбурий қилиб қўйилгани, шунинг учун ҳукумат геймерлар фаоллигини кузатиб боришда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаслиги хабар қилинганди.

Бу жараёнда қандайдир қоидабузарликлар рўй берса дастурий таъминот геймерларни ўйиндан чиқариб юборади. Янги талабларни бажаришдан бош тортган компаниялар ёки жаримага тортилади ёки бутунлай ёпилади.

Янги қонун лойиҳаси 2017 йилнинг мартидан куч киради.

Интернет маълумотлари асосида Д.Асқаров тайёрлади.

Янгиликлар лентаси
0