Ҳотамжон Кетмонов: ЕОИИ ҳозирча жозибадор ташкилот эмас

© пресс-служба НДПУЎзбекистон ХДПдан Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов
Ўзбекистон ХДПдан Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда 4 декабр куни мамлакатдаги тўртта сиёсий партиялар кўрсатган номзодлар иштирокида Президентлик сайловлари бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон мамлакат Президентлиги учун номзодлар билан суҳбат уюштиришда давом этади. Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон халқ демократик партиясидан Президентликка номзоди кўрсатилган Ҳотамжон Кетмонов.

– Ўзбекистон ХДПни кўпинча Россия Федерациясининг Коммунистик партияси билан солиштиришади. Бу солиштириш ҳақида нима дея оласиз, коммунистик қарашлар борасидаги фикрингиз қандай? 

– Менимча, Ўзбекистон Халқ демократик партиясини Россия Федерациясининг Коммунистик партияси билан солиштирувчилар учун ҳар икки партиянинг сиёсий мафкураларини солиштириб кўриш қийинчилик туғдирмайди.

Ўзбекистон ХДП сиёсий мафкурасининг асосий қадриятлари бу ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократиядир.

Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов - Sputnik Ўзбекистон
Танишинг: Ўзбекистон Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов

Ижтимоий, халқ демократияси ҳақида гапирар эканмиз, биз бу ерда ваколатли демократия институтлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали барча учун, жумладан эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун ҳам уларнинг манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ иқтисодий, ижтимоий ва бошқа масалаларни ҳал қилишга йўл очиб берадиган демократияни назарда тутамиз.

Мазкур тамойилларга амал қилар экан, партиямиз давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари; ижтимоий ёрдам ва ижтимоий муҳофаза билан шуғулланаётган бюджет ва бошқа ташкилотлар ходимлари, ижтимоий соҳанинг бошқа вакиллари; касбий малака, доимий иш жойи ва маошга эга бўлмаган, иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламлари манфаатларини баён этиш ва ҳимоя қилишни мақсад қилган.

Партия, шунингдек, бу инсонларнинг манфаати ва ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ ижтимоий вазифаларни ҳал қилишда барқарор ижтимоий тараққиёт ва ишончли ижтимоий кафолатлар яратилишидан манфаатдор бўлган бошқа кишиларнинг ҳам кўмагига таянади.

Буларнинг бари, шубҳасиз, Ўзбекистон ХДП мамлакат сиёсий кучларининг сўл қанотига мансублигини билдиради.

Умумэътироф этилган таснифга асосан, социал-демократик, социалистик ва коммунистик партиялар ҳам сўллар деб ҳисобланади. Бироқ уларнинг аксарияти марксистик деб аталувчи партиялар сирасига киради. РФКП ҳам ана шундай сиёсий партиялар гуруҳига киради.

Шу билан бирга бизнинг сиёсий мафкурамиз тамойилида марксизмнинг назарий қоидалари ва коммунистик ғоялар акс этмаганлигини кўриш қийин эмас. Шундай экан, Ўзбекистон ХДП ва РФКПни солиштириш учун ҳеч бир асос йўқ.

Ўзбекистон ХДП сиёсий мафкураси тамойилларига асосланган фаолиятим ва сиёсий қарашларимга кўра менга коммунистик қарашлар ёт.

– Ўзбекистон ХДП бошқа мамлакатларнинг қайси партиялари билан муносабатлар ўрнатган: ўзаро алоқалар, тажриба алмашишлар мавжудми?

– Биз хориждаги кўплаб социал-демократик партиялар, шунингдек, ўз сиёсий устуворликлари бўйича уларга яқин турувчи меҳнат партиялари тажрибасини ўрганамиз.

Бу партияларнинг аксариятида бандликни таъминлаш, жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя каби соҳаларда дастурий мақсадларни белгилаш борасида биз учун қизиқарли ёндашувлар мавжуд. Тегишли партиялар мазкур йўналишларда фаолият олиб бориш учун етарлича тажриба тўплаган.

Бунда, у ёки бу партиянинг тажрибасини ўрганар эканмиз, улар томонидан илгари сурилаётган вазифаларнинг амалда бажарилишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Маълумки, сиёсат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва аҳолининг бошқа ҳаётий соҳаларига оид қонунлар, ҳукумат қарорлари ва дастурлари асосида юритилади. Айнан сиёсий қарорлар қабул қилиниши жараёнига таъсир кўрсатиш, қонунлар бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш, ҳукумат фаолиятига турлича демократик шакллар орқали таъсир ўтказиш тажрибаси бизнинг диққат марказимиздадир. Шу нуқтаи назардан, бизнингча, мазкур йўналишда хориж парламентчилари, бизга мафкурафий жиҳатдан яқин бўлган партияларнинг вакиллари билан муносабатлар ўрнатиш анча самарали йўл ҳисобланади, зеро бизни қизиқтираётган у ёки бу муаммони ҳал қилишнинг аниқ сиёсий-ҳуқуқий механизмлари бизнинг муҳокама мавзумиз бўлади.

Европарламент депутатлари Ўзбекистон тараққиёти билан танишишди

Албатта, бу муаммоларни ўрганар эканмиз, Ўзбекистон шароитида қўллаш мумкин бўлган тажрибадан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга оширилаётган фаол парламентлараро ҳамкорлик доирасида бизнинг партиямиз фракцияси аъзолари ҳам иштирок этишмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоларининг  2015-2016 йилларда парламент делегациялари таркибида Европарламент, Бельгия, Нидерландия,  Австрия, Германия, Хитой, Япония, Озарбайжон, ва бошқа давлатларда бўлишлари фойдали бўлди. Айнан шу давр ичида парламентимизга Франция, Италия, Бельгия, Германия, Канада, Польша, Покистон, Литва, Ҳиндистон, Латвия, ХХР, Жанубий Корея, Япония, Қирғизистон, Малайзия, Озарбайжон, Индонезия, Австрия, Туркия, Кувайт, Болгария, Вьетнам мамлакатлари парламент делегациялари ташриф буюрди.

Ўзбекистон ХДП ҳозирча ахборот ва партия делегациялари билан тажриба алмашиш тизими бўйича муносабатлар ўрнатмаган.

– Сиз илк бор 2015 йилнинг март ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида қатнашиб, учинчи ўринни эгаллагандингиз. Бу сафарги сайлов кампаниясида асосий урғуни нималарга бермоқчисиз?

– Аввало, ҳар қандай сиёсий партия учун сайлов кампаниясида, жумладан, давлат раҳбарлигига сайловларда иштирок этиш сайловлар натижасидан қатъи назар ижобий аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтмоқчиман. 

Ўзбекистон ХДП ҳам бундан мустасно эмас. 2015 йил мартида номзод сифатида нафақат мен, балки бутун партиямиз сайлов кампаниясида фаол қатнашди. Ўтган йилнинг мартида бўлиб ўтган президентлик сайловлари партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш ва тушунтириш учун яхши имконият яратди. Сайловолди кампанияси даврида партиямиз аҳоли орасида янги тарафдорларига эга бўлди, уларнинг аксарияти Ўзбекистон ХДП аъзоларига айланишди.

2015 йили ўтказилган президентлик сайловлари давомида сайловчилар билан учрашувлар партиямиз ўз дастурини янада такомиллаштириши зарурлигини кўрсатди. Ҳозирги сайлов кампанияси учун сайловолди дастуримни тайёрлашда мазкур хулоса эътиборга олинди. Ўтган йилги сайловда партия томонидан эгалланган қимматли сиёсий тажрибадан 2016 йилги сайлов кампаниясида Ўзбекистон ХДПнинг янада фаол иштирок этишида фойдаланилади. Биз ғояларимиз сайловчиларга етиб бориши учун аҳоли кўп кирадиган интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар, нодавлат нашрлари ва электрон ОАВлардан кенг фойдаланишни режалаштирмоқдамиз.

– Сизнингча, Ўзбекистон сиёсий тизимида қандайдир ислоҳотлар ўтказиш зарурми ёки бугунги кунда ушбу тизим етарлича шаклланганми?

– Мустақиллик йиллари давомида кенг миқёсдаги демократик ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳукумат бўлинишининг конституцион тамойили асосида ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд бўғинлари орасидаги мувозанат мунтазам такомиллашиб бормоқда. Замонавий ваколатли парламент демократияси институтлари шаклланди ва жадал ривожланмоқда. Ҳаққоний кўппартиявийлик ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг муҳим соҳаларидан бирига айланди, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ваколатли тизимида сиёсий партияларнинг роли ва таъсири ошиб бормоқда.

Буларнинг бари Ўзбекистон сиёсий тизими етарлича даражада мувозанатлашганлиги ва бу унинг барқарорлигини таъминлаши ҳақида гапириш учун асос бўлади.

Бундестаг - Sputnik Ўзбекистон
Германия ҳукумати вакили Ўзбекистондаги тотувликни юқори баҳолади

Бироқ бу барқарорлик ривожланишда тўхтаб қолиш кераклигини англатмайди. Аксинча, тажриба тўплаш ва халқнинг сиёсий маданияти ўсиб бориши асносида мамлакат сиёсий тизими узлуксиз такомиллашиб боради.

Партиянинг дастурий ҳужжатларида бу масала бўйича қатор таклифлар мужассам. Хусусан, Ўзбекистон ХДП мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказиш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мажбурийлигини қонунан белгилашни таклиф этмоқда. 

– Сизнинг сайловолди дастурингиз Ўзбекистон ХДП дастури каби асосан ижтимоий жиҳатларга йўналтирилган. Сизга кимлар овоз беради деб ўйлайсиз?

– Қайд этиб ўтганимдек, улар аввало, давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламларидир.

Бу инсонларнинг манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш орқали партия сайлов кампанияларида ҳам, ўзининг ижтимоий-сиёсий фаолиятида ҳам барқарор ижтимоий тараққиёт ва ишончли ижтимоий кафолатлар яратилишидан манфаатдор бўлган бошқа кишиларнинг ҳам кўмагига таянади.

– Ўзбекистон ХДП дастурида ижтимоий масалалар ва ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётга ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга алоҳида ўрин ажратилган. Кичик ва хусусий бизнеснинг ривожига тўсиқ бўлаётган асосий ҳолатлар нимада ва бу тўсиқларни олиб ташлаш учун нималар қилиш лозим?

– Биз кичик бизнесни ривожлантириш ҳақида гапирганимизда унинг йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашни назарда тутмаганмиз – бундай дастурий мақсадни ЎзЛиДеП ўз олдига қўйган.

Бизнинг партиямиз кичик бизнесни ривожлантиришни аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муқобил асосида кўради, хориж тажрибаси кўрсатмоқдаки, у жуда самарали бўлиши мумкин.

Гап кам таъминланган оилалар аъзоларига ижтимоий нафақа тўлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга муқобил асосда ўз ишини очиш учун уларга беғараз ссуда ва грант бериш ҳақида бормоқда.

Бунда бир нечта ижтимоий аҳамиятга эга натижаларга эришиш мумкин. Бюджетдан моддий ёрдам олувчи инсон ўз яқинларини даромад билан таъминлайдиган иш берувчига айланади. Орадан бир оз вақт ўтиб, бизнеси оёққа тургач, у солиқ тўлай бошлайди ва бюджет ғазнасига пул туширади. Бизнеси муваффақиятли ривожланган инсонда (бунинг учун мос равишда консультацион қўллаб-қувватлаш даркор) ўзига ишонч пайдо бўлади ва аксарият ижтимоий нафақа олувчиларга хос бўлган боқимандалик кайфиятидан буткул қутулади.

– Ўзбекистонликлар ҳамда республиканинг ташқи иқтисодий ҳамкорларини ташвишлантирадиган асосий саволлардан бири миллий валюта курсидир. Валюта қора бозорига қарши кураш соҳасида ислоҳотлар ўтказиш бўйича лойиҳаларингиз мавжудми?

– Миллий валюта курси кўплаб омилларга боғлиқ. Бизнинг партиямиз ички бозорнинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш уни мустаҳкамлашнинг асосий омили деб ҳисоблайди. Яъни ички бозорни таъминлаш учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўз ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан ишлаб чиқаришни ривожлантириш.

Шу сабабли, валютани мувофиқлаштириш билан бевосита боғлиқ бўлмаса-да, сайловолди дастуримдан меҳнатга лаёқатли аҳолини корхоналарда, биринчи навбатда, минерал ва хом ашё ресурсларини қайта ишлаб чиқарувчи юқори технологик тармоқ корхоналарида муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан самарали таъминлаш ўрин олган.

Ушбу маҳсулотларнинг аввалига мамлакат ичида, сўнгра ташқи бозорда импорт маҳсулотлари билан рақобталаша оладиган даражага етиши менинг фикримча, мамлакат иқтисодий мустақиллигининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу ўз навбатида, мамлакат олтин-валюта захиралари ўсишида муҳим омил бўлади ва натижада валютани мувофиқлаштириш, жумладан миллий валютанинг тўлиқ конвертация қилиниши асос бўлади. Шундан сўнг валюта қора бозоридан асар ҳам қолмайди.

– Меҳнат мигрантларининг, хусусан Россиядаги мигрантларнинг ўз ватанларига қайтишлари бўйича юзага келадиган муаммоларни сизнингча қандай ҳал қилиш мумкин?

– Ўзбекистон ХДП бир неча йиллардан буён парламентимиз қуйи палатаси томонидан тасдиқланадиган аҳоли бандлик Дастурини такомиллаштириш бўйича турли ташаббуслар билан чиқмоқда, меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича қўмита орқали парламент назоратини амалга оширмоқда. Биз мазкур дастурнинг бажарилиши давомида аниқланган муаммоли саволларни ҳукумат олдига қўямиз, уларни ҳал қилиш бўйича ўз таклифларимизни берамиз.

Мигрантлар - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ватанга қайтган мигрантлар учун 155 минг иш ўринларини яратди

Партиямиз ўз дастурий вазифаларидан бири сифатида аҳоли бандлиги Дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича янгича ёндашувларни кўриб чиқмоқда ва шу асосда мамлакат ташқарисига ишчи кучи чиқиб кетишининг олдини олмоқчи.

Ўз навбатида, бу меҳнатга лаёқатли аҳолини корхоналарда муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлашда янада фаолроқ чораларни кўришни талаб этади. Биринчи навбатда, гап минерал ва хом ашё ресурсларини ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи юқори технологик тармоқ корхоналари ҳақида кетяпти. Биз мазкур соҳага мамлакатда мавжуд меҳнат ресурсларини (жумладан Ўзбекистон ташқарисидаги меҳнат мигрантларини) фаол жалб этиш иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бири деб ҳисоблаймиз.

Шу боис партиямиз муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш жараёнида яратиладиган барқарор иш ўринлари сонини дастур самарадорлигининг асосий кўрсаткичларидан бири деб ҳисоблашни таклиф этади. Бизнингча, корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларининг йўлга қўйилиши ҳам муҳим.

– Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорлигини қайси йўналиш ва соҳаларда фаолроқ ривожлантириш зарур деб ўйлайсиз?

– Маълумки, Россия Федерацияси билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги, иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида ўзаро ҳар томонлама дўстона алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Сабзавотлар савдоси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ва Россия “Яшил йўлаги" ноябрда ишга тушади

Ўзбекистон ва Россия ўртасида иқтисодий ва гуманитар алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонда Россиянинг қатор етакчи олийгоҳлари филиаллари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Икки давлатнинг нефт-газ соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги яхши натижаларни бермоқда. Менимча, мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавотлар ва уларни қайта ишлаш орқали олинган маҳсулотлар, автомобил, енгил саноат маҳсулотларини Ўзбекистондан талаб юқори бўлган Россияга жўнатиш истиқболли йўналишдир. 

Самарали ҳамкорлик қилиш учун иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда яна қатор йўналишлар мавжуд. Ўзбекистон ХДП бундай ҳамкорликнинг ривожланиши ҳар икки давлат манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайди.

– Келгусида Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши мумкин деб ҳисоблайсизми?

– Ўзбекистон ўзининг 25 йиллик мустақил тараққиёти давомида яқин қўшнилар билан ҳам, узоқ хориж давлатлари билан ҳам тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик тарафдори бўлиб келмоқда. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов юқори минбарларда туриб бир неча марта МДҲ ва ШҲТ доирасида ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишини кучайтириш зарур эканлигини таъкидлаган эди.

Евросиё иқтисодий иттифоқига келадиган бўлсак, менимча, бу ташкилот ҳозирча реал мавжуд иттифоқчилик муносабатларидан кўра ўз мақсадлари ҳақидаги декларацияни ифодалайди.

Шубҳасиз, Евросиё иқтисодий иттифоқига ўхшаш бундай турдаги ҳар қандай ташкилот ўз аъзолари сонини кўпайтиришдан манфаатдор. Бунинг учун эса иттифоқ ўз аъзолари учун иқтисодий ҳамкорликнинг жозибадор шаклига эга бўлиши ва бошқа мамлакатлар учун жозибадор шерик бўла олиши лозим.

Тарихга юзланайлик. ЕИни ташкил этиш ғояси илк бор ўтган асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Ўша даврдан то бугунги кунга қадар мазкур ғояни амалга оширишда фаровонлик режими, “Умумий бозор”, Европа иқтисодий ҳамжамияти каби босқичлар босиб ўтилди. Фақатгина ўтган асрнинг охирига келиб Европа Иттифоқининг тузилиши Маастрихт шартномаси орқали мустаҳкамланди.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳам Евросиё маконида ҳақиқий маънода кўп томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг жозибадор шаклига айланиши учун шу каби қатор босқичлардан ўтиши лозим.

Ҳозирча эса, менимча, Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан, жумладан, 2015 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган давлатлар билан амалдаги икки томонлама муносабатлари савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун етарлича имкониятлар яратади.

– Бу йил СССР парчаланганига 25 йил тўлади. 1991 йил декабрида ушбу хабарни қандай қабул қилгансиз ва бугунги кунда бунга қандай муносабатдасиз?

– 1991 йилда биздан ёши каттароқ ватандошларимиз каби эндигина мустақил ҳаётга қадам қўйган бизнинг авлод учун (ўшанда мен 22 ёшда эдим) ҳам Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг эълон қилиниши 1991 йилнинг энг муҳим воқеаси бўлган. Бу кутилмаганда юз бермади. 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги Конституцион Қонун 1990 йил 20 июнда Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуриш мақсадида қабул қилинган мустақиллик Декларациясининг мантиқий давоми бўлди.

Бизга мамлакатимизни обод қилиш, уни ўзимиз кўришни хоҳлаган тарзда барпо этиш учун тарихий имконият берилди.

Ўша даврда аксарият салбий фикрловчилар Ўзбекистон ва бошқа эндигина мустақилликка эришган давлатларда мустақил ривожланиш учун зарур захиралар йўқ деб ҳисоблаганди. Лекин тарих бундай салбий башоратларни пучга чиқарди.

Ўзбекистонда ЯИМ тўққиз ой давомида 7,8 %га ўсди

Мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан изчил олиб борилган “ислоҳотларнинг ўзбек модели” деб номланувчи оқилона стратегия ўзини тўлалигича оқлади.

Тарихан қисқа давр ичида мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистон 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини намоён этаётган жаҳоннинг иқтисоди тез ривожланаётган беш давлати қаторига киради.

Тоталитар тузумдан воз кечган Ўзбекистон демократик мамлакатга айланди. Аҳоли фаровонлигини ошириш чоралари мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Шаҳар ва аҳоли масканлари ободонлаштирилмоқда. Фуқароларимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришлари учун шароитлар яратилмоқда.

Буларнинг барига йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётган ижтимоий барқарорлик, миллатлараро ва фуқаровий иноқлик, инсонларда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этиш ҳиссининг ўсиб бораётганлиги мустаҳкам асос бўлмоқда.

– Ўзбекистон бой пазандалик анъаналарига эга юрт. Ўзингиз таом тайёрлай оласизми ва севимли миллий таомингиз қайси?

– Пазандалик анъаналари Ўзбекистоннинг кўп асрлик муомала маданияти, оилавий анъаналари билан бевосита боғлиқ. Бизда қадимдан эркакларнинг чойхонада тўпланиб бир пиёла чой ва ширин таом устида дўстлари билан суҳбатлашиш, турли масалалар бўйича фикр алмашиш анъанаси мавжуд. Табиийки, ўзини ҳурмат қилган ҳар бир эркак сингари мен ҳам овқат тайёрлашни биламан ва ёқтираман. Ишдан бўш вақтларимда нафақат чойхонада, балки уйда ҳам оила аъзоларим билан чақчақлашиб ўтираман. Албатта, менинг севимли таомим миллий ошхонамизнинг қироли бўлган паловдир.

Янгиликлар лентаси
0