TOШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Иккинчи жаҳон урушининг ўзбекистонлик қаҳрамонлари” номли махсус голограмма экспозицияси ташкил этилади, дея хабар берди марказ ахборот хизмати.
Ушбу лойиҳа доирасида уруш йилларида Ватан ҳимояси ва инсоният тинчлиги йўлида жонбозлик кўрсатган ўзбекистонлик қаҳрамонларнинг ҳаёти ва жасорати интерактив технологиялар ёрдамида намойиш этилади.
Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш учун илмий-ижодий гуруҳ шакллантирилади.
Мазкур гуруҳ Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбекистонлик жангчилар, меҳнат фронти фидойилари ва уларга доир тарихий материалларни чуқур ўрганиб, ҳужжатларга асосланган ҳолда маълумотлар тайёрлайди.
Экспозицияда голограммалар билан бир қаторда, қаҳрамонларнинг фотосуратлари, архив ҳужжатлари ва турли экспонатлар ҳам ўрин олади.
“Ушбу лойиҳа нафақат уруш қаҳрамонлари хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади, балки ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва технологик инновациялар ёрдамида тарихий ҳақиқатларни етказишнинг янги услубини яратишга ҳам замин ҳозирлайди”, — дейилган хабарда.