1959 йилнинг сентябрь ойида Тошкент яқинидаги Улуғбек шаҳарчасида жойлашган Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институтида қуввати 2 МВт бўлган BBP-CM тадқиқот ядро реактори фойдаланишга топширилган. Кейинчалик реактор қуввати 10 МВт га оширилди. Ядро қурилмаси Доллежал номидаги Россия энергетика илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти иштирокида ишлаб чиқилган. Ҳозирда институт ташкил топганининг 65 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда.
© Sputnik / Дильшода Рахматова
Sputnik Ўзбекистон мухбири Фанлар Академияси қошидаги Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов билан шу кеча-ю кундузда институтда амалга оширилаётган тадқиқотлар, соҳа жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар, АЭС масаласи, ўзбек ёшларининг физикага қизиқиш даражаси ҳамда институтнинг келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашди.
- Илҳом Исмоилович, интернетда Ўзбекистон ФА қошидаги Ядро физикаси институти 2017 йилда ташкил топган деган жумлаларга кўзимиз тушади. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Дарҳақиқат, менга кўпинча институтларингиз 2017 йилда ташкил топганми, дея савол беришади. Институт Низомида ФА Ядро физикаси институти 2017 йилда ташкил топган деб ёзиб қўйилган, лекин институт аслида 1956 йилнинг сентябрида ташкил топган ва нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё ҳудудидаги энг йирик илмий-текшириш муассасаси ҳисобланади. Насиб қилса, 65 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Нега 2017 йил, деган саволга келсак, 2016 йилда Ҳукумат қарори билан институт деярли йўқ қилиб юборилган: у икки қисмга бўлиниб, бири Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибига, иккинчиси Ўзбекистон Миллий университетининг Физика факультетига топширилган. Институтимизда у ёпилишидан олдин 500дан ортиқ ходим ишлаган бўлса, ЎзМУ физика факультетида улар сони 48 нафарни ташкил қилган, холос.
Ўшанда бу ўзгаришлар ҳақида физиклар ўртасида «чумоли филга уйлантирилди», мазмунидаги латифа ҳам тарқалган эди.
Яширишдан не ҳожат, яқин–яқинларгача илмий тадқиқот институтигагина эмас, балки илм-фанга эътибор суст эди. Қизиқиш ҳам. Президент Шавкат Миромонович бу соҳага биринчилардан эътибор қаратдилар: сайланганларидан сўнг бир йил ўтмасдан, институтни қайта тиклаш тўғрисида қарорни имзоладилар. 2019 йил 21 ноябрда «Ядро физикаси институти илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилинди. Бу ҳужжат институтнинг барча жабҳаларини ўз ичига олган: келгусидаги йўналишлари, ривожланиши белгилаб бериб, унинг халқаро алоқалари, кадрлар масаласи ва мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларига мана шу институтда қилинаётган илмий-тадқиқот натижаларини қўллаш ва мавжуд муаммоларини ҳал қилишга қаратилган тадқиқотларни олиб бориш масалалари белгилаб берилган.
Шу тариқа, Ядро физикаси институти қайта тикланиб, ҳозирда ўз фаолиятини қайта давом эттираяпти.
- Институтда нима билан шуғулланилади? Қандай тадқиқотлар олиб борилади?
- Институтда ядро физикаси, қаттиқ жисмлар радиацион физикаси, материалшунослик, активацион таҳлил, радиокимё, илмий асбобсозлик, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилади.
Ҳозирги кунда институтда ушбу йўналишлар бўйича 14та илмий бўлим ва лабораториялар фаолият кўрсатмоқда.
- Институт олимлари томонидан яратилган қандай ишланмаларни ютуқларингиз сифатида санаб ўта оласиз?
- Ишлаб-чиқаришга киритилишга жуда яқин бўлган ишланмаларимиз бор: биринчиси, бу радиациявий ишлов бериш натижасида, қаттиқ материаллардан тайёрланган маҳсулотларни ишлаш муддатини узайтириш. Бу борада Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати, Навоий тоғ-кон металлургия комбинати ҳамда республикамиздаги яна иккита ташкилот билан ишлар олиб бораяпмиз, шартнома имзоланди. Иккинчиси – радиокимё йўналишида. Атом реактори базасида янги изотоплар олиш. Ютеций-177 радио-изотопи олинган. Бу радиоизотоп тиббиёт соҳасида, яъни саратон касалини даволаш учун қўлланилади. Лекин у фақат изотоп. Яъни уни дори – радиофарм препарат кўринишига келтириш учун қиладиган ишларимиз мавжуд. Чет эллик инвесторлар билан шуни устида иш олиб боряпмиз.
Бундан ташқари, Германий-68 радиоизотопини олиш бу борада россиялик ва қозоғистонлик ҳамкорлар билан ишлаяпмиз.
Шунингдек, радиация ёрдамида маҳсулотларга, айниқса, тиббиёт маҳсулотларига ишлов бериб, уларни сифатини яхшилаш йўналишда ҳам анча вақтдан буён изланишлар олиб боряпмиз.
Институтда материалшунос олимларимиз томонида оригинал ядро технологияси яратилган бўлиб, унинг ёрдамида дунёдаги бир нечта заргарлик компаниялари буюртмасига кўра, ярим қимматбаҳо тошлар, яъни турли табиий минералларга ранг бериб келинади. Хабарингиз бўлса, кўпгина табиий қимматбаҳо тошлар: яъни топаз, турмалин, аквамарин, ёқут сингари минералларнинг табиатда асосий қисми шишадай рангсиз бўлади. Бу тошларни рангликлари жуда ҳам кам, эҳтимол 10% ҳам чиқмас. Бу ҳам табиатда узоқ вақт радиация таъсирида рўй бериши мумкин. Мана шу - 100 миллионлаб йил давомида бўладиган жараённи ядро реакторида бир неча соатда амалга оширамиз ва тошларга ажойиб, гўзал табиий ранглар берамиз. Буни натижасида уларни нархи 3-5 баробардан 100-120 баробаргача ошиб кетади.
Венгриядаги, Мисрдаги реакторларда ҳам шундай ишлар бажарилади, бизнинг технологиямизни улардан фарқи, бир вақтнинг ўзида беш баробар кўп миқдордаги тошларга ранг бериш имкониятига. Буни натижасида ранг бериш тан нархи анчагина пасайди ва шу туфайли бугунги кунда кўплаб буюртмачилар бизни институтимизга мурожаат қиляпти, ҳозир йилига 1 тоннадан ортиқ тошга ранг бериш бўйича валюта контрактлари тузилади.
- Институтларингизда махфий йўналишларда изланишлар олиб бориладими?
- Мустақилликка эришилгандан кейин ёпиқ йўналишлар, ёпиқ тематикалар тўхтатилган. Ҳозир ҳам институтимизда махфий йўналишларда деярли иш олиб борилмайди.
- Ядровий йўналиш – энг ёш йўналишлардан бири ҳисобланади. Ёшларнинг ушбу соҳага қизиқиши қандай? Институтда устоз-шогирдлик масалалари қандай олиб борилади?
- Бугун ядро физикаси институтида 15та фан доктори, уч нафар академик бор. Ёш кадрлар ҳам жуда кўп. Академикларимиз ўз соҳалари бўйича устоз-шогирдлик анъаналарини йўлга қўйганлар.
Шунингдек, ўтган йилдан бошлаб стажер-тадқиқотчилар институти ташкил қилинди. Етакчи олимларимиз ана шу стажер тадқиқотчиларни суҳбат асосида танлаб олиб, улар билан биргаликда иш олиб боришяпти. Ўзбекистонда АЭС қурилиши режалаштирилгандан кейин, бу борада ҳам янги йўналиш ташкил қилиниб, ёшларимиз жалб қилинган. Институтда ядро физикаси, назарий, экспериментал, кимё физикаси ва бошқа соҳаларда 10дан ортиқ илмий мактаблар бор. Олимлар ўзларини илмий мактабларини ташкил қилишган. Ўнлаб ёш мутахассислар етишиб чиқади бунда ҳам.
Таъкидлаш жоизки, бугун ёшларнинг ядро физикаси соҳасига қизиқиши кучайган ва бу қувонарли, албатта. Жажжи болалар у ёки бу тадбирда менга ядро физикаси соҳасида олим бўлмоқчиман, буни учун қайси университетни битириш керак деган саволларни беришади. Таъкидлаш жоизки, бизнинг институтимиз доирасида Россия Миллий Тадқиқот Ядро Университетининг "Москва муҳандислик физикаси институти" (МИФИ) нинг биринчи хорижий филиали очилган.
- Институтларингизда шу бугунги кунда биринчи навбатда ечимини топиш керак бўлган долзарб муаммо нима?
- Ядро реакторини турли асбоблари, қисмлари вақт ўтиши билан эскириб бормоқда. Ахир 1959 йил ишга туширилган. Шуларни алмаштириш, янгилаш бўйича деярли маблағ ажратилмаяпти.
Институтга бир йилда экспорт ишларидан 3 миллион доллардан ортиқ маблағ келиб тушади. Шартномалардан 9-10 миллиард сўм атрофида пул ишлаймиз. Бюджетдан ажратилган ҳар бир сўмни 2,5-3 сўмга айлантирамиз. Лекин ўзимиз топган пулимизга шу эскирган ускуналарни янгилаймиз, десак шунга рухсат ололмаймиз. Айтайлик, шошилинч ҳолат юз берди, дейлик бир ускунанинг насоси куйиб қолди. Ҳозир тузатиш керак. Шартнома тузиб, биржага савдолашишга қўйиб, яъни турли қоғозбозчилик ишларини қилишга вақт йўқ. Бор шунақа ташкилотлар, икки соатда таъмирлаш ишларини қилиб бериши мумкин. Аммо у билан шартнома қилдиришга имкониятимиз йўқ, чунки у билан шартнома қилиб биржага қўйсангиз, бошқаси ютиб кетиши мумкин.
Реакторга бир ускуна керак бўлиб қолганда, бир компания билан шартнома тузиб, биржага "торг"га қўйганимизда, Қувасой (Фарғона вилояти, - таҳр.)дан бир компания ютиб олган. Ўшанда ҳайрон қолдик, наҳотки реакторга тегишли ускуна ўзимизда, Ўзбекистонда ишлаб чиқариларкану, биз бехабар эдик, деб. Кейин қўнғироқ қилсак, "йўқ, биз бунақа нарсани ишлаб чиқармаймиз", деган жавобни олдик.
Ҳозирги, коррупцияни олдини олишга қаратилган тизимда биз вақт ва куч йўқотяпмиз.
Бир нарсани тушуниш муҳим, реакторда ишлатилаётган материаллар жуда юқори сифатли бўлиши керак. Аччиқ бўлса ҳам айтиш шарт, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган реакторни сувини тозалаш учун ишлатиладиган ион алмашувчи смолаларни биздаги реакторда ишлатиб бўлмайди. Чунки уларни юқори радиоактивликка чидамлилиги паст.
Ажратиладиган маблағлар институтларни ўзига берилиши керак, деган фикрдаман. Чунки қандай ускуна сотиб олиш кераклигини ўша институтдаги мутахассислардан бошқа ҳеч ким яхшироқ билмайди.
- Ўзбекистон Россия технологиялари асосида АЭС қуришни режалаштирмоқда. Етакчи физик олим, қолаверса, ЯФИ раҳбари сифатида, фикрингиз қизиқ. Бу лойиҳадан ҳавотир олиш керакми ёки аксинча, у Ўзбекистон учун фойда келтирадими?
- Бугунги кунда дунёнинг 32 та мамлакатида 191 та атом электр станциялари эксплуатация қилиб келинмоқда, 51та энергоблоклар қурилиш босқичида турибди. Россия эса АЭС қуриш бўйича дунёда етакчи ўринда туради. Биринчи атом электр станцияси 1954 йилда қурилган ва 75 йиллик фаолияти тарихига назар соладиган бўлсак, атиги уч марта у билан боғлиқ йирик авариялар рўй берган.
Ҳозирги кунгача гидроэлектрстанцияларда содир бўлган аварияларда АЭСга нисбатан бир неча минг марта кўп одам қурбон бўлган. Гидрообъектларнинг хавфлилик даражаси АЭСникига нисбатан юқори.
Ҳозирги кунда ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мавжуд электр станциялари ичида ҳозирги кунда АЭСлар – хавфсизлигига жуда катта эътибор бериладиган ва қурилишига сарфланадиган маблағнинг салкам ярми объект хавфсизлигини таъминлашга йўналтириладиган объектлар ҳисобланади.
Мавжуд электр станциялари ичида стабил (турғун) равишда, қолаверса арзон электр энергия бериб турадиган станциялардан биттаси ҳам шу – АЭС бўлади.
Шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, ундан жуда ҳам қаттиқ хавфсираш керак эмас. У ҳатто кўпроқ фойда келтиради, деб қараш тўғрироқ бўлади.
Чунки бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқариш темплари жуда ҳам тез ривожланяпти, аҳолининг эҳтиёжи кундан-кунга ортиб бормоқда, лекин шунга яраша электр энергияси қувватлари ишга туширилмаган.
Энергетика соҳасини ривожлантиришнинг 2030 йилгача бўлган концепциясида Ўзбекистон бўйича ҳамма турдаги электр энергия манбаларини ривожлантириш кўзда тутилган. Қуёш электр станциялари, шамол станциялари, ИЭС, гидро электр станциялари шулар жумласидан. Ҳаммасини ривожлантириш кўзда тутилган. АЭС ишга туширилгач, электр энергияси қуввати умумий миқдоридан 8% ини таъминлаши кўзда тутилган.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон фақат АЭС қуришни ёки атом соҳасини ривожлантиришгагина эътибор қаратаётгани йўқ.
Белгиланган хавфсизлик чораларига амал қилинса, АЭС ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
- Институтнинг истиқболдаги режалари ҳақида ҳам гапирсангиз?
- Яқин ўн йил ичида Ўзбекистонда янги атом тадқиқот реакторини қуриш бўйича яқинда таклиф киритдик. Келгуси 1-2 йил ичида лойиҳа устида ишлаш кўзда тутилган. Бу билан Ядро физикаси радиацион физика йўналишидаги тадқиқотларни янада ривожлантириш, радиоизотоп маҳсулотларни ишлаб-чиқариш, радио-фарм препаратлар ҳисобини кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишни режалаштиряпмиз.
Бундан ташқари, янги юқори энергияли циклотрон – яъни зарядланган заррачаларни тезлатувчи қурилмани барпо этишни режалаштирганмиз. Ҳозир буни устида бир нечта хорижий инвесторлар билан келишув олиб боряпмиз. Циклотрон – бир қатор йўналишларда илмий-тадқиқотлар ўтказиш билан бирга радиоизотоп маҳсулотларини олиш имконини беради. Медицина соҳасида ишлатилаётган кўпгина радиоизотоплар айнан шу циклотронда ишлаб чиқарилган.
Яна бир режалаштирилган улкан лойиҳаларимиздан биттаси – электрон тезлаткич асосида тиббиёт буюмларини стерилизация қиладиган ва озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларига радиацион ишлов бериш натижасида уларнинг сақлаш муддатини оширадиган янги технологияларни ишлаб чиқмоқчимиз.
Андижон, Фарғона, Самарқанд вилоятларига шу тезлаткичларни ўрнатиб, озиқ-овқат маҳсулотларига радиацион ишлов беришни йўлга қўймоқчимиз. Ҳозирги кунда етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг 30%и далада қолиб кетса, тахминан яна 30%и чириб, омборхоналарда йўқолиб кетади. Агар уларга радиацион ишлов бериладиган бўлса, турли чиритувчи замбуруғларни ўлдириб, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш муддати бир неча баробарга оширилади.
Радиацион ишлов бериш – инсон организми учун тўла хавфсиз, бу бутун дунёда қўлланилади ҳозирда. Ҳатто кўпгина мамлакатларда импорт қилинаётган маҳсулот, агар унга радиацион ишлов берилмаган бўлса, чегарадан ўтказилмайди.