ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik, Лев Рыжков. Sputnik мухбири Лев Рыжков дунёда “Даҳшатлар қироли” номини олган машҳур америкалик ёзувчи Стивен Кинг асарларини бириничи бўлиб ўзбек тилига таржима қилган журналист билан суҳбатда бўлди.
Аввал Стивен Кинг ҳақида
Бугунги кунда Стивен Кинг шак-шубҳасиз дунёда энг машуҳур ёзувчи. Бўлмасамчи, ахир Ҳолливуд, унинг китоблари асосида, ҳар ойда биттадан блокбастер (машҳур кино) чиқариб турибди-ку! Оддий мисол: августда “Қоронғу минора” фильми чиққан эди, сентябрда “У” фильми чиқаяпти. Иккала фильм ҳам “Даҳшатлар қироли” романларига асосланган.
Бугунги кунда Стивен Кинг шунчалик машҳурки, у дунёнинг қарийиб барча тилларига таржима қилинган. Энди эса уни ўзбек тилида ҳам ўқиш мумкин.
Стивен Кингни биринчи бўлиб ўзбек тилига таржима қилган журналист Дилшодбек Асқаров рўпарамда ўтирибди. Эҳтиёткорона нигоҳи ва юмшоқ гапириш билан, бир қарашда, унинг ўзи ҳам Стивен Кинг қаҳрамонларига ўхшаб кетади. Лекин, Дилшодбек, албатта ижобий қаҳрамон бўлиши мумкин.
“Мен Кинг китобларида ўзимга ўхшаган икки қаҳрамонни кўрганман. Биринчиси, бу – “Шоушенкдан қочиш” ҳикоясидан Эдди Дюфрейн, иккинчиси – “Яширин дераза, яширин боғ” ҳикоясидаги ёзувчи Мортон Рейни”, - дейди Дилшодбек.
Дилшодбек асли Андижонлик, оддий оилада туғилиб ўсган. 90 йилларда у “даҳшат” услубида суратга олинган фильмлар мухлисига айланади. У севиб томоша қилган фильмларнинг аксарияти Стивен Кинг асарлари асосида суратга олинган. Айни ўша вақтларда Тошкентда ўқиб юрган Дилшодбек, Ҳиндистонга бориб инглиз тилли амалиёти билан шуғулланиш имконига эга бўлади.
Шу тариқа “даҳшат” киноларига бўлган қизиқиш ва инглиз тили амалиёти бир нуқтада кесишади.
“Агар Стивен Кинг асарлари асосида суратга олинган фильмлар шундай яхши бўлса, унинг китоблари ундан ҳам зўр бўлиши керак! – деб ўйладим, — дейди Дилшодбек. – Мен интернетда Стивен Кингнинг бир неча ҳикоялари топиб уларни ўз она тилимга таржима қилишга қарор қилдим.
Натижада, Стивен Кингнинг китоблари мен ўйлагандан ҳам яхшироқ бўлиб чиқди. Менга қаҳрамонларнинг руҳий кечинмалари ёритилиши жуда ёқди. Асарларда қаҳрамонларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати руҳий жиҳатдан мутлақ асосланган бўлиб, китобни ўқиётган одам, ушбу қаҳрамон нега айнан шундай қилганини ва унинг бундан бошқа йўли қолмаганини яққол тушуниб туради.”
Нозик таржима тафсилотлари
Дилшодбек Стивен Кингнинг “Чекишни ташланг” корпорацияси, “Дўзахдан келган мушук”, “1408” ҳикояларни кейин “Бўри-одам йили” қиссасини таржима қилган.
“Мен интернетдан асарларни инглиз ва рус тилида юклаб олардим, — дейди Дилшодбек. –Китобларни аввал инглиз тилида, кейин рус тилида ўқирдим. Кейин эса уларни қаторма-қатор солиштириб, икки тилда келтирилган сўзлар ёрдамида муаллиф фикрини чуқурроқ илғаб олишга ҳаракат қилар эдим. Шундан сўнг ўзбек тилида ёзишга киришардим”.
Ўзбекистонда, хусусан, Андижон вилоятида чоп этилган ушбу таржималар муштарийларда улкан қизиқиш уйғотди. Афсуски, янги китобларинг кўпи ўзбек тилида чиқмайди. Мумтоз адабиётлар таржима қилинган, лекин замонавий адабиётлар таржимаси босмадан чиқмайди. Ҳатто дунёнинг барча тилларига таржима қилинган “Ҳарри Поттер” ҳам ҳанузгача ўзбек тилига таржима қилинмаган. Албатта Интернетда унинг русчасини топиш мумкин, лекин бизда кўпчиллик рус тилида Интернетда китоб ўқлишга ўрганмаган”.
Стивен Кингнинг биринчи таржималари 1998 йилдан бошлаб Андижон кўнгилочар ҳафталик газетасида чоп этила бошлаган.
“Ўқувчиларимизни ушбу ҳикоялар чинакам ҳайратга солди, — деб эслайди Дилшодбек. – Таниш-билишлар, ҳамма “Бу нима ўзи?! Яна борми?”, — деб сўрашарди. Умуман Ўзбекистонда ўқувчилар жуда миннатдор”.
Ўзбек тилига таржима қилишда асарни чоп этиш ҳуқуқига эга бўлганлар қандай қарашди?
“Мен нашриётга ёзгандим, — дейди Дилшодбек. Биз Андижондан палончи нашр, сизларнинг муаллифингиз Стивен Кинг асарини ўзбек тилида чоп этмоқчимиз. Кўп пул бера олмаймиз, лекин мен ўз маошим билан бўлишишга тайёрман, — деб. Бунга анча йиллар бўлди, лекин жавоб ҳалигача келмади”.
“Даҳшатлар қироли”нинг ўзи у Ўзбекистонда қанчалик машҳур эканлигини биладими?
“Албатта билади ва у бунга мутлақ қарши эмас”, — деб ишонч билдирди Дилшодбек.
Таржимон Дилшодбек Асқаров яқин орада Стивен Кингнинг энг даҳшатли романларидан бири ҳисобланган — “Ориқлаётган киши 2”ни таржима қилишни режалаштирган.
Жаҳон адабиёти дурдоналари
Дилшодбек Стивен Кингдан бошқа жаҳон муаллифларни ҳам таржима қилган. Масалан, унинг севимли муаллифи бўлган Роальд Дал асарлари.
“Бу мен энг севган ёзувчилардан биридир, — дейди таржимон. – Стивен Кинг билан бир қаторда, унинг ҳикоялари ҳам мутлақ кутилмаган тарзда тугайди. Роальд Дал андижонликларга ҳам жуда маъқул келди!”.
Дилшодбек, жаҳон адабиёти мумтоз асарларидан бўлган Ги Де Мопассан, Акутагава Рюноскэ асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
Ўзи таржима қилган асарлари орасида таржимонга ёқмаганлари ҳам бор.
“Мен Дэвид Зельцернинг “Омен” (асл номи “Нишона”) асарини ўзбек тилига таржима қилганман, — дейб эслайди суҳбатдошим. — Кейин унинг бошқа муаллиф томонидан ёзилган давоми чиқди, кейин яна бошқа ёзувчи қаламига мансуб учинчи қисми пайдо бўлди. Ундан кейин тўртинчи ва бешинчи қисмлари чиқишига қарамасдан, мен учинчи қисмида тўхтадим. Назаримда ушбу матнлар ўзи билан салбий энергия олиб келаётгандек эди. Ўқувчи учун у хавфли бўлмасада, таржимон учун хавфлидек туюлди. “Омен”ни таржима қилаётган вақтимда ҳаётимда катта бахтсизлик содир бўлди. Шундан сўнг мен уни давом эттирмасликка қарор қилдим”.
Ўз халқи учун фидокорона меҳнат
Дилшодбек айтишига қарганда, Ўзбекистонда сифатли қоғозларда жуда чиройли китоблар чоп этиш йўлга қўйилган. Янги-янги замонавий китоб магазинлари очилмоқда. Бутун дунёда китоб бизнеси инқирозга учраётган бўлса ҳам, Ўзбекистонда ушбу соҳа гуллаб-яшнамоқда, лекин бошқа тиллардан сифатли таржима қилинган китоблар жуда кам.
“Мен ўз ҳамюртларим учун Михаил Булгаковни таржима қилмоқчиман,- дейди Дилшодбек. “Уста ва Маргарита” ўзбекчада бор, лекин Булгаковнинг бошқа ажойиб асарлари ҳали жуда кўп. Масалан, унинг “Тақдир тухумлари” (Роковы яйца) асари менга жуда ёқади.
Дунёда ажойиб китоблар жуда кўп, — дейди Дилшодбек. – Мен, ўз Ватанимда ҳам уларни ўқишларини истардим”.