ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Иқтисодчи Давлатназар Рўзметов Ёшлар Иттифоқига жуда катта вазифалар юклатилганини таъкидлаб, белгиланган вазифаларни бажариш учун деярли барча шароит ва имкониятлар берилганини эътироф этган ҳамда амалга оширилаётган ишлар ва тадбирлар юзасидан бир қатор эътироз ва таклифларини билдириб ўтган.
Кампаниябозликка айланаётган масала
Кейинги пайтда ОАВларда "уюшмаган ёшлар билан амалга оширилаётган ишлар"ни ёритиш кампаниябозликка айланиб бормоқда. "Уюшмаган ёшлар", "уюшмаган қизлар" деган тушунча ёшлар сиёсати соҳасига оид илмий амалий ва назарий адабиётларнинг ҳеч бирида учрамайди. Бундан келиб чиқиб "уюшмаган ёшлар муаммоси " деган мавҳум масалани эмас, балки ёшларни дам олиш ва бўш вақтларини мақсадсиз ва уюшмаган ҳолда ўтказишларига барҳам беришдек аниқ муаммонинг ечимини топиш чора-тадбирларини кўриш даркор эмасмикин?
Тўғри уюшмаган ёшлар деганда ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган ёшларни назарда тутиш мумкин, аммо бизни ёшларимиз дунёда аналоги йўқ маҳалла тизими мавжуд бўлган Ўзбекистон деб аталмиш юртда яшайдилар.
Ҳолбуки ҳар бир маҳаллада бевосита маҳалла раисидан ташқари, уларни бирлаштиришга маъсул бўлган маърифий ва диний ишлар бўйича раис ўринбосари, раиснинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, маҳалла посбонлари, қолаверса профилактика нозири фаолият юритади.
Шундай экан, биз яшаш жойларида маҳалланинг ёшларини ҳар бири билан ишлаш тизими бор давлатимизда уюшмаган ёшлар муоммоси тўғрисида эмас, балки давлатимизнинг ёшларга оид сиёсатини ижроси билан боғлиқ бўлган ўз хизмат вазифаларига ўта совуққонлиқ билан бефарқ қараган, давлат ва ҳалқ ишончини оқламаган маъсулиятсиз маъсулларга чора кўриш масаласини кўтариш мақсадга мувофиқ эмасми?
Менимча, бизда қандайдир мавҳум " уюшмаган ёшлар", "уюшмаган қизлар" муоммолари эмас, балки ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшларимизнинг яшаш жойларида бўш вақтлари маъсул мутасаддилар тамонидан мақсадли ташкиллаштирилмагани масаласи мавжуд.
Натижада айрим ёшларимиз ўртасида миллий мафкурамизга, урф одатларимизга, қадриятларимизга ва динимизга зид бўлган ноформал гуруҳлар пайдо бўлиши, ақидапарастликка берилиб кетиб турли оқимларга ва бошқа жиноят йўлларига кириб кетганлиги билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Шу боисдан ҳам Ёшлар Иттифоқи маҳалла маъсуллари ва бошқа мутасаддилар билан ҳамкорликда ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшларнинг бўш вақтларини аниқ мақсадларга йўналтирган ҳолда мазмунли ташкил этиш ва уларнинг ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш масалаларини ечимини топиши зарур.
Бинобарин уюшмаган ёшлар муоаммоси бор дейиш, айрим ўз ишларига нолойиқ бўлган, такасалтанг маҳалла маъсулларининг айбини ёпиб, республикамиздаги маҳалла тизимини, ёшларга оид давлат сиёсатини инкор қилиш демакдир.
Сизларда аниқ Дастур борми?
Ёшлар Иттифоқи ташкил қилинганига мана бир ярим ойдан зиёд вақт ўтди ҳамки, ташкилотнинг на Устави, на аниқ Дастури қандай бўлиши ёшларга ва кенг жамоатчиликка ҳозирча номаълум. Шу пайтгача Ёшлар Иттифоқи марказий кенгашининг ва бўлимларининг биронтасини ҳам расмий сайти иш бошламагани ҳам менимча тушунарсиз ҳол.
Энг муҳими Ёшлар Иттифоқининг барча фаолияти, жумладан, молиявий фаолияти ҳам очиқ ва шаффоф бўлишини мақсадга мувофиқ бўларди.
Ёшлар Иттифоқига давлат томонидан ажратиладиган миллиард маблағларнинг оқилона мақсадли ва муҳими самарали сарфланётганли кўрсатилиб борилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Кома ҳолатида ётган ёшлар матбуоти
Ёшлар Иттифоқининг устувор вазифаларидан бири — кома ҳолатида ётган ёшлар матбуотини жонлантириш бўлиши лозим.
Бунинг учун сўз эркинлигини таъминлаш, бўлаётган ўзгаришларни чуқур таҳлил қилувчи публикациялар ёзаётган журналистлар, газета ва журналлар рағбатлатириб борилишини таъминлаш керак.
Ҳатто президентни шундай кутиб олишмайди ёхуд Қаҳрамон Қуронбоевга савол
"Ёшлар Иттифоқи" фаолларининг иши кўз қисиб суратга тушишдан иборатми?
Яқинда йўлга чиққан 6 вагондан иборат тавиқот поездига миллионлаб, (агар миллиардлаб бўлмаса) маблағларни сарфланиши кутилган самарани берармикан?
Чунки Ёшлар Иттифоқининг саҳифасига қаранг, ташвиқот поездини ташрифи фақат кўз кўз қилиб суратга тушишу, яна қайсидир эстрада "юлдузча"ларини реклама қилишдан иборат бўлиб қолмоқда.
Тўғри ташвиқот жуда муҳим тадбир, аммо бу ташвиқот ва тарғибот ишларини кеча чиққан бир эшалон эстрада "юлдузча"лар ва кераксиз дабдабалар орқали эмас, ҳар бир туман ва қишлоқларнинг ўзидан етишиб чиққан илм-фан, адабиёт, санъат, спорт, тадбиркорлик ва ижтимоий —сиёсий соҳаларда ўз ўрнини топиб, ютуқларни қўлга киритган кишилар билан дабдабаларсиз ҳақиқий жонли учрашувлар тарзида ўтказилса, ишонинг ёшлар ўзларининг ичидан чиққан бу ўз соҳасида муваффақиятларга эришган кишиларга ишонадилар ва ҳавас қилиб уларга эргашадилар.
Ташвиқот поездини дабдабалар билан кутиб олинишига эътибор беринг, эсиз шунча маблағ аниқ ишларга эмас осмонга совуриляпти. Ҳатто Президентимизни ҳам бундай дабдаба билан кутиб олишмайди!
Биласизми нега, чунки юртбошимиз борган жойида оддий халқ билан кутилмаган ҳолда учрашиб, уларнинг ҳақиқий муоммоларини ва дардини ўрганишга ҳаракат қилади.
Президент ўзини бундай дабдаба билан кутиш учун давлат маблағларини сарфлаган амалдорни шу куни ишдан ҳайдаган бўларди.
Кенг жамоатчиликда аввалдан тайёрланган сценарийлар ўтадиган дабдабалар учрашувлар ва тадбирлар қайсидир шоу бизнес юлдузларини рекламасига асосий эътибор берилаётгандай, ҳамда ташкилотчилар ва иштирокчилар чиройли расмларга тушиб ўзларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиш билан овора бўлишгандек тасаввур пайдо қиляпти.
Балким бу тасаввур ташкилотчилар жойларни бўлиш жарёнида ёшларнинг ҳақиқий муоаммоларини ўрганиш, Ёшлар Иттифоқининг келажакдаги фаолияти тўғисидаги фикрлари, таклифлари билан боғлик аниқ таҳлилий ҳисоботлар ва хабарлар на ОАВда, на ижтимоий тармоқларда тарқатилмаётганлиги, шунингдек, жуда дабдабабозликка муккасидан кетаётганлиги сабаб шаккланаётгандир?
Дабдабабозликни камайтириб, тайёр сценарийлар бўйича бўлиб ўтадиган ура-ура, қарсаклар асосидаги учрашувлардан воз кечиб, сизни кутмаган қишлоқларга бориб ёшларнинг ҳақиқий муоммолари ва дардини ўрганиш асосий мақсад қилинса бўлмасмидикан?
Бандлик масаласини ҳал этинг, Қуронбоев
Ёшлар Иттифоқи, менимча энг биринчи навбатда ёшларнинг энг муҳим ва ва биринчи галда ҳал қилиниши талаб этиладиган бандлик масаласини ҳал этиш чора тадбирларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши лозим. Зеро унутмаслигимиз керак, биринчи Президентимиз томонидан асос солинган "ўзбек модели"нинг бош тамойилларидан бири "авввал иқтисод, кейин сиёсат" келиб чиқсак, ушбу муаммо ҳал этилса, ёшларимиз орасида турли жиноятлар содир қилиниши, чет элларга ишга кетиши, турли оқимларга ва ақидапарастликларга эргашиши 80-90 %га камайиши аниқ.
Ёшларимизни ўзларига мос ва муносиб иш хақи тўланадиган иш ўринларига эга бўлсалар, бўш ва дам олиш вақтларини мароқли ва мазмунли ўтказиш учун улар ўз устларида янада кўпроқ ишлашга, китоб мутооласига, спорт билан шуғулланишга имкон туғилади. Иқтисодий жиҳатдан таъминланган, дам олиш ва бўш вақтлари мақсадли ва тўғри ташкиллаштирилган ёшларимиз эса турли жиноят йўлларига, ақидапарастликка асосланган оқимларга кириб кетмаслиги исбот талаб қилмайдигин аксиоманинг ўзидаё гап.
Шу боисдан ҳам мен Ёшлар Иттифоқи катта маблағни ёшларни бандлиги масаласини ҳал қилишга ва тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига амалий, молиявий ва маънавий кўмакчи бўлишини истар эдим.
Энг ачинарлиси, ушбу муаммони ҳал этмаган маҳаллий мансабдорлар бунинг учун жазоланмайдилар, аксинча, фахрланиб, "фалонта" аризани ижобий ҳал этдик дея ҳисобот берадилар. Ёшлар Иттифоқи мана шундай мансабдорларга қарши курашишда ёшларимизга ва президентимизга ҳақиқий мададкор бўлиши лозим деб уйлайман!
Унутмайлик, юртимизнинг, халқимизнинг келажаги бугунги ёшларимиз қўлида!
Давлатназар Рўзметов, иқтисодчи