Ёшлар иттифоқи раиси "тўртинчи ҳокимият"ни ёшлар муаммоларини ёритмаганликда айблади

© Подробно.UZЎзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?", дея ҳақли эътироз билдирди деб таъкидлади Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев

ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ЎзА мухбирининг нега ҳозирги глобаллашув даврида на давлат, на жамоат ташкилотлари ёшларнинг онгу тафаккурини ёт ғоялар, бегона мафкура ва "оммавий маданият"дан тўла ҳимоя қилолмаяпти деган саволига жавоб қайтарди.

"Ёшларимиз қалбига қулоқ тутиш, ўй-кечинмалари билан қизиқишга етарлича эътибор қаратмадик. Орзу-ниятларини сўрашни ўргандиг-у, уларни қийнаётган муаммоларни тинглашга, дардига қулоқ тутишга ҳафсала қилмадик. Энг ёмони, "тўртинчи ҳокимият" саналмиш оммавий ахборот воситалари ёшларнинг фақат ютуқларини ёритиш билан андормон бўлиб, уларнинг талаб ва истаклари, муаммоларини олиб чиқишни қарийб унутиб юборди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Президент ОАВ ходимларига савол берди
Бу борада Президентимиз "Гўёки ҳамма нарса жойида, олам гулистон. Агар ҳаммаси жойида бўлса, тўғри йўлдан адашган ёшлар, жиноятчилик, ишсизлик қаердан пайдо бўляпти? Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?", дея ҳақли эътироз билдирди. Бу бежиз эмас, албатта. Ростдан ҳам, қайси канални қўйманг, қайси радиони тингламанг, қайси нашрни варақламанг, "шаблон" материаллар — кўр-кўрона, юзаки ўтказилган тадбирлардан лавҳалар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа нарса йўқ.

Энг ёмони, айрим ёшларимиз мақтанишга ўч бўлиб қолди. Уларда муаммога тик боқиш, уни ҳал этишга уриниш, тенгдошларини ҳам шунга ундашга жасорат етишмаётгандай. Ахир ёшларнинг дардини, муаммосини уларнинг ўз тенгдошларидан кўра яхшироқ биладиган ким бор?

Шу боис бундан буён ёшлар ичига кириб бориш учун тарғибот масаласига жиддий эътибор қаратилади. Бунда энг замонавий технологиялар асосида ёндашувни ўзгартирамиз, ғоя ва ташаббусларни фақат қоғозда эмас, амалда жорий этамиз. Чунки ёшларимизни оғзаки гаплар эмас, фақат ва фақат амалий иш, аниқ таклифлар билангина ортимиздан эргаштира оламиз", — деди Қуронбоев.

Янгиликлар лентаси
0