ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев чет элга чиқиб кетаётган ёшлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан "Айрим ёшларнинг ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетаётгани ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бораётгани масаланинг моҳиятига тўлиқ етиб боролмаётганимизни кўрсатади", деб таъкидлаган.
Қуронбоев ЎзА мухбири билан суҳбати давомида "Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир синовли йиллар изтиробини чеккан, ҳатто бир бурда зоғора нонга зор яшаб, кунжара ейишгача бориб етганда ҳам одамлар бошқа жойга кетиш ҳақида ўйлаб кўрмаганлигини" қўшимча қилган.
"Бугун минглаб фарзандларимизнинг хорижда ноқонуний меҳнат мигрантлари бўлиб юриши уларга оилада аввалбошданоқ шу тарбияни беролмаганимиз оқибатидир", — деб таъкидлаган у.
Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раисининг ушбу фикр-мулоҳазалари Фейсбук ижтимоий тармоғидаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳида эълон қилингач, интернет фойдаланувчилари Қуронбоев айтган гапларга хабар остида ўз изоҳларини қолдира бошладилар.
Жумладан, Бахадир Нишонов никли фойдаланувчи "Яна ўша баландпарвоз гаплар. Хорижга чиқиб кетишнинг олдини олиш учун амалий чора-тадбирлар қани?", — деб савол берган.
Шахиня Королева эса Қуронбоевга аввал Ўзбекистондаги фуқароларни иш билан таъминлашни таклиф этган. "Олдин шу ерда яшаётганларни иш билан таъминланг. Икки нафар жияним бор, бири олий маълумотли. Уйда ўтиришади — иш йўқ. Ҳалигача фарзандлари, рафиқалари билан оналари қарамоғида", — деб ёзган Шахиня.
"Россияда ишлайдиган бир дўстим билан гаплашиб "келмайсанми" десам, "нима қиламан бориб" деди. Қурилишда ишлайди, вагонда яшайди. Муҳими жуда яхши пул топади. Албатта келгиси келмайдида", — деб ёзган Жаҳонгир Остонов.
"Ёшларга фақат мамлакатимизда эмас, мамлакатдан ташқарида ҳам кафолатли иш ўрни яратиш ҳақида ўйлаш керак. Ўзбекистон меҳнат ресурслари эҳтиёжидан бир неча баробар ортиқ бўлган мамлакат. Тан олиш керак, яқин келажакда бу муаммони самарали ечимига эришолмаймиз. Четда ишлаш — меҳнат ресурсларини экспорти дейилади. Мутасадди давлат идоралари буни халқаро андозалар ва ҳуқуқий кафолатлар доирасида ташкил этиш ўрнига четда ишлаб турганни қайтариш чораларини излашмоқда", — деб фикр билдирган Алишер Кадиров.
Али Ал Меҳр эса Қуронбоевга қуйидагича жавоб қайтарган:
"Айрим ёшларнинг ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетаётгани ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бораётгани масаланинг моҳиятига тўлиқ етиб боролмаётганимизни кўрсатади" — яна битта "кўзи очилган" амалдорнинг гапи. Ноқонуний чиқиб кетмаслиги учун қонуний чиқиб кетиш йўлларини излаш керак.
Яна оила айбдор. Қайси ота-она ўз фарзандини қаерда эканлигини билмайди? Ҳаммаси билади. Лекин айтгани уялади, тан олгани истиҳола қилади. Негаки, фарзандини бошқалардек ўқитиб, кийинтириб, тўйинтириб қўя олмаяпти.
Ҳамма қийналган, кам таъминланган оилаларда ўғлидан нажот кутади: тезроқ улғайиб отаси билан ёки қўшни билан четга чиқиб ишлаб келса қизимни чиқараман ёки ўзини уйлайман деб. Кечирасизлару, топган пули солиқдан ортиб, ўтин, кўмирдан ортиб, электрдан ортиб, емоқ ичмоққа зўрға етиб турган хонадонларда қандай қилиб 3 йил коллежда яхши ўқисанг, сендан зўр тракторчи чиқади деб айтади?
Қайси коллеж ёки техникум евроремонт сирларини ўргатяпти? Қайси ўқув юрти юртимизда етишмаётган мутахассисликка, электрон дастурли дастгоҳлар учун дастурлашни ўргатяпти?
Ўша "ноқонуний" мигрантликда ҳунар ўрганиб қайтишяпти ёшларимиз. Маданият ўрганиб қайтишяпти. Ҳеч бўлмаганда ўзига замонавий телефон ёки компьютер олиб келяпти. Ота-онаси олиб берсинми? Ёки ота-онаси ўзи кўрмаган дунёлар маданиятини ўргатсинми?
<…> Илтимос, замон ва макон учун, бошқарув ва маданият хатолари учун оилани айбламанглар, ота-онани айбламанглар. Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмаган.
Фикр билдиришда "Керак" деган сўз ўрнига "Қиламиз" сўзини қанчалик кўп ишлатсак, шунча яхши бўлади деган фикрдаман"