ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Яқин кунларда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги биринчи хорижий сафари бошланади. Яна шуниси ҳам эътиборли ва ҳатто рамзий маънога эга-ки, Мирзиёеву ўтган ойда янги сайланган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг биринчи олий мартабали меҳмони бўлади.
Нашр шунингдек, туркман ва ўзбек халқи асрлар давомида маънавий қадриятлар, тил дин, тарих, урф-одат ва анъаналар муштараклигига асосланган дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари ўзаро боғлаб келгани ҳақида эслатиб ўтган.
"Мустақиллик йиллари давомида йўлга қўйилган самимий муносабатлар ўзбек халқи учун оғир бўлган кунларда — Биринчи Президент Ислом Каримов бевақт вафот этган дамларда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Миллий йўлбошчимиз билан видолашув маросимида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов фаол иштирок этди. Ўшанда дўст мамлакат раҳбари икки давлат ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган буюк давлат арбоби, доно сиёсатчини Туркманистон халқи чуқур ҳурмат қилишини баён этган эди", — дейилган нашрда.
Туркманистон Президентининг Ўзбекистон ҳукумати аъзолари билан бўлган яна бир учрашуви икки томонлама муносабатларнинг ўсувчан эканлигидан далолат беради. Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган йилнинг 26 – 27-ноябри кунлари Ашхободда бўлиб ўтган БМТнинг Барқарор Транспорт бўйича биринчи Глобал конференцияси доирасида Ўзбекистон делегациясини қабул қилди. Самимий суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг, шу жумладан, транспорт-коммуникация соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг истиқболлари муҳокама этилди.
Шу ўринда яна бир жиҳатни қайд этиш жоиз: мамлакатлар кўп томонлама музокаралар доирасида ҳам бир-бири учун ишончли таянчдир. Ўзбекистон Туркманистон раҳбарининг Халқаро нейтралитет кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани бу фикрнинг яққол тасдиғи ҳисобланади. Бунинг натижасида жорий йил 2-феврал куни БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида 12-декабрни Халқаро нейтралитет куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида қабул қилинди.
1996-йил 16-январдаги Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Шартномада кўзда тутилганидек, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ўзаро муносабатлардаги асосий жиҳатлардан бири ҳисобланади. Мазкур Шартномани бугунги кунга қадар имзоланган қарийб 190 та икки томонлама битимлардан иборат салмоқли ҳужжатлар тўпламининг "тожи" дейиш мумкин.
Ўз-ўзидан аёнки, юқорида қайд этилган шартномаларнинг аксарият қисми Тошкент ҳам, Ашхобод ҳам устувор даражада эътибор қаратадиган савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоқадордир.
Бу йўналишдаги ҳамкорлик кўлами ва унга бериладиган аҳамият кўлами катта эканлигини тасдиқлаш учун биргина мисолни келтиришнинг ўзи кифоя: сўнгги олти ой мобайнида Ўзбекистон — Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг иккита мажлиси бўлиб ўтди.
Сўнгги мажлис якунлари бўйича томонлар бошқа йўналишларда ҳам бўлгани каби иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, сув-хўжалик объектларидан биргаликда фойдаланиш, қишлоқ хўжалик техникаси ва нефт маҳсулотлари етказиб бериш, ўзаро миллий кўргазмаларни ташкил этиш юзасидан келишувларга эришдилар.
Ўша йилнинг 7-11-ноябри кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган "Туркманистон маданияти кунлари" тадбири доирасида Ўзбекистон аҳли қардош туркман халқининг бой анъана ва урф-одатлари билан яқиндан танишди. Тошкент ва Бухоро шаҳарларида дўст мамлакат хонандалари ва санъат усталари иштирокида кўргазмалар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, концертлар ва фильм намойишлари бўлиб ўтди.
Жорий йил 4-5-феврал кунлари Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилояти делегациялари Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларига ташрифлари ҳам учрашув ҳамда номи тилга олинган минтақалар маъмуриятлари раҳбарлари, ишбилармон ва жамоатчилик доираларининг вакиллари иштирокидаги музокараларга бой бўлди. Ташриф қатнашчилари қардош мамлакат ва халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳурматга асосланган бундай муносабатларнинг юқори даражасидан алоҳида қониқиш билдирдилар.
Икки мамлакатда истиқомат қиладиган ўзбек ва туркман этник гуруҳларининг вакиллари икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишида салмоқли ўрин тутади. Маълумки, Ўзбекистонда яшайдиган миллат ва элатларнинг ҳар томонлама ривожланишига Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилади. Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда республиканинг турли вилоятларида қарийб 189 минг нафар туркман қардошлар истиқомат қилади. Бу миллат фарзандлари туркман тили ўқитиладиган 47 та мактабда таҳсил олишмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг ана шундай дўстона ва яқин қардошлик моҳиятига эга эканлиги, қолаверса, бўлажак ташриф кун тартибининг учрашув ва музокараларга жуда бойлиги ҳам Мирзиёевнинг олдинда турган давлат ташрифи икки халқ тарихида том маънодаги унутилмас воқеа бўлиб қолишидан дарак беради.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида аллақачон йўлга қўйилган ишончли ва конструктив мулоқот туфайли энди икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги, стратегик шериклик даражасига олиб чиқилиши учун кенг имкониятларнинг эшиклари очилмоқда, деб ёзган нашр.