Ашхободда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтди

© Sputnik / Рамиль Ситдиков / Медиабанкка ўтишАшхобод шаҳри
Ашхобод шаҳри - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбек киноси кунлари дастури кинорежиссёр Қамара Камолованинг “Унутма мени” бадиий фильми билан очилди

ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Мазкур тадбир Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари ўртасида 2014-2016 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик дастурига асосан “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси ҳамда “Туркманфильм” бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди, деб хабар беради “Жаҳон” ахборот агентлиги.

Тадбир чоғида икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мустаҳкам ҳамкорлик, икки қардош халқнинг дўстлиги, кино санъатидаги алоқалари ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Ўзбек киноси кунлари дастури кинорежиссёр Қамара Камолованинг “Унутма мени” бадиий фильми билан очилди. Ушбу фильм давлат буюртмасига асосан 2012 йилда “Шод” ижодий уюшмасида ишлаб чиқарилган бўлиб, унда эндигина дунёни англаб келаётган жажжи болаларнинг ҳаёти ва ички дунёси ҳақида ҳикоя қилинади.

Тадбир доирасида ўзбекистонлик киноижодкорлар томонидан яратилган «Хазонрезги», «Зарб», «Паризод», «Сеҳрли қалпоқча», «Ота», «Ҳаётда…» каби бадиий фильмлар намойиш этилди.

Ушбу фильмларда Ўзбекистоннинг замонавий кино санъатининг бой анъаналари, ўзбек ва жаҳон кинематографиясининг илғор услублари, ўзбек халқининг бой маънавияти акс этган. Мазкур фильмлар туркманистонлик кино ихлосмандларига ўзбек халқининг турмуш тарзи, менталитети, урф-одат ва анъаналари, бугунги ҳаёти билан танишиш имконини берди.

Ўзбек киноси кунлари мобайнида “Туркманфильм” бирлашмаси фаолияти билан танишув, икки мамлакат кинематографчилари иштирокида ижодий учрашув, фильмлар муҳокамалари каби қатор тадбирлар ўтказилди.

Янгиликлар лентаси
0